ДИЛЛАРНИ ТУТАШТИРГАН МАНЗИЛЛАР
Юртбошимизнинг “Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак”, деган пурмаъно сўзлари бугун асло долзарблигини йўқотган эмас. Бу сўзларни ўзлари учун дастуриламал қилган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари мана бир неча йилдирки, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида жуда кўплаб ибратли ишларни амалга ошириб келмоқда. Жамғарма Жанубий Корея, Германия, АҚШ каби дунёнинг ривожланган давлатлари билан ҳамкорликда кўплаб бемор болаларни, кам таъминланган оилалар фарзандларини чет эллардаги нуфузли касалхоналарда бепул даволатишдан тортиб, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги аҳолига тиббий маслаҳатлар ва керакли дори-дармонлар етказиб беришдек эзгу ишларни амалга оширмоқда.
Ана шундай лойиҳалардан бири бўлган “Саломатлик” поезди кўп йиллардан буён мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги аҳоли қатламини чуқур тиббий текширувдан ўтказиш, уларни дори-дармонлар билан таъминлаш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акциядорлик компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Саломатлик” поездининг навбатдаги манзили 2012 йилнинг 6 октябридан 16 октябрига қадар Қорақалпоғистон Республикасининг олис ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда кам таъминланган оилаларга инсонпарварлик ёрдамларини етказиб бериш мақсадида, Тошкент – Қорақалпоғистон – Жаслиқ – Тошкент йўналишида ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикасинг энг чекка, Қозоғистон Республикаси билан чегарадош чўл ҳудудида жойлашган (Тошкент шаҳридан 1600 км узоқликда) Қўнғирот туманидаги “Қорақалпоғистон” ва “Жаслиқ” ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган оилаларга манзилли мурувват ёрдами кўрсатилди.
Тиббий кўрик “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг “Саломатлик” тиббий-санитария ёрдам поезди шифокорлари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг Тиббий ижтимоий патронаж бригадаси мутахассислари ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг малакали шифокорлари томонидан амалга оширилди.
– “Саломатлик” поезди мутахассислари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 1837 нафар аҳоли чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди жамғарманинг “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” бўлими бошлиғи Жумабек Нуров. – Тиббий кўрик давомида 734 нафар аёллар, улардан 552 нафари туғиш ёшидаги аёллар, 472 нафари болалар ҳамда 571 нафар эркаклар, улардан 116 нафари кекса ёшдаги инсонлар, 28 нафари ногиронларни қамраб олди.
Маълумки, чекка, экологик шароити ноқулай бўлган ҳудудларда яшовчи аҳолига малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий тиббий асбоб-ускунлар кўмагида текширувларни ўтказиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, тиббий кўрик давомида аниқ лаборатор таҳлилларга ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташхислар қўйилди. Жумладан, 210 нафар аҳоли ЭКГ текшируви, 1035 та ультратовуш текшируви ва 875 нафар аҳолига 2625 та лаборатор текширувлари ўтказилди.
Шунингдек, 86 нафар туғиш ёшидаги аёлларга исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш учун турли контрацептив воситаларидан фойдаланиш бўйича маслаҳатлар берилди.
Ўтказилган тиббий кўрик натижалари, жумладан, УТТ, флюрография ва ЭКГ текшируви хулосаларига кўра амбулатория ва шифохона шароитида соғломлаштирилиши лозим бўлган беморлар рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли ҳудудий тиббиёт муассасаларига топширилди.
“Саломатлик” поезди мутахассислари томонидан ўтказилган тиббий кўрик давомида касаллиги аниқланган аҳоли вакилларига айниқса, оналар ва болалар, ногиронлар ҳамда муҳтож оилаларга шу жойнинг ўзида зарурий дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари тарқатилди. Шунингдек, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, репродуктив саломатликни шакллантириш, “Она ва бола” скрининги текширувларининг моҳиятини тушунтириш бўйича шифокорлар томонидан суҳбатлар ўтказилди. “Соғлом оилани шакллантириш”, “Соғлом она – соғлом бола” мавзуидаги тадбирлар, камқонликнинг олдини олиш, бўқоқ касаллигининг олдини олиш бўйича ўтказилган давра суҳбатлари аҳоли ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлди. “Жаслиқ” ва “Қорақалпоғистон” қўрғони аҳолиси орасида, умумтаълим мактабларида, 2 та темир йўл станцияси ҳамда овул фуқаролар йиғинларида аҳоли учун 6 та давра суҳбатлари ташкил этилди.
– Тиббиёт ходимлари томонидан “Жаслиқ” ва “Қорақалпоғистон” қўрғонларида овул фуқаролар йиғини вакиллари иштирокида 194 нафар ёш оилалар ва бир ёшгача фарзанди бўлган оналар орасида хайрия тадбири ўтказилди. Тадбир давомида аҳолига “Шахсий гигиена”, “Қариндошлар ўртасидаги никоҳ нима учун хавфли?”, “Скрининг текширувини биласизми?”, “Турмуш қуришда қизлар учун керакли маслаҳатлар» мавзуларида буклетлар тарқатилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси бош мутахассиси Аббос Эргашев.
“Саломатлик” поезди мутахассислари, жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси шифокорлари билан ҳамкорликда Қўнғирот туманининг экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолига, айниқса, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида, ногиронлар, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламларидан жами 2358 нафар аҳолига шундан 300 та оилага манзилли тарзда озиқ-овқат маҳсулотлари ва 2058 нафар аҳолига дори-дармон, уй-рўзғор анжомлари ва санитария-гигиена воситалари, пойафзал, кийим-кечак ва бошқа турдаги инсонпарварлик ёрдамлари топширилди.
Шунингдек, 2358 нафар аҳолига ва 21 та ташкилот ва махсус муассасаларга 942,6 минг АҚШ доллари ва 45,7 млн. сўм миқдоридаги озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, тиббий жиҳозлар, витаминга бойитилган, қуритилган сабзавот аралашмаси, санитария-гигиена воситалари, уй-рўзғор анжомлари, пойафзал ва бошқа турдаги инсонпарварлик ёрдами етказиб берилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимизда инсон саломатлиги, аҳолининг ижтимоий муҳофозаси борасидаги эзгу ишлар тобора юксалиб бориоқда. Зеро, бу юртда инсон – азиз ва унинг ҳамиша қадри баланд бўлади.
Фарҳод ТОЛИПОВ