ЭЗГУ ЙЎЛДА САЛОМАТЛИК КАРВОНИ

Пўлат изларда ошиқиб бораётган поезд югурик хаёлларга монанд илдамлайди. Адиру қирларда, дала-ю кенгликларда кўкламдан баҳра олиб ястаниб ётган майсалар озод юрт шамолида тебраниб секин қўл силкийди. Вагоннинг очиқ дарчасидан уфириб кираётган табиатнинг инсонга муруввати, улуғвор эзгулик ифодаси – мусаффо ҳаводан кўксингни тўлдириб нафас оласану чексиз қувонч туясан…

Қўшни купеда хандон кулгу янграйди.

Ушбу карвоннинг бошқа йўловчи поездлардан фарқли жиҳати бор. Бунда барча бир-бирини яқиндан танийди. Эзгу вазифаларини сидқидилдан адо этаётган, эл саломатлигига камарбаста инсонлар яна бир хайрли сафарга отланган.

“Саломатлик” поезди бу гал мамлакатимизнинг жанубий воҳаси Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг экологик жиҳатдан ноқулай, чекка ва тоғли туманларига йўналтирилди.

Кези келганда айтиш жоиз, истиқлол йилларида аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилаш, саломатлигини сақлаш борасида юксак натижаларга эришилди. Биргина йилларга ном бериш асносида қабул қилинаётган давлат дастурларининг ҳаётимизга кенг тадбиқ қилиниши халқимиз турмуш даражасининг ошиб бораётганидан далолат беради.

“Саломатлик” поезди илк иш кунини “Сариосиё” станциясида бошлади.

Инсоннинг ўз саломатлигига эътибори узоқ умр кўриш гаровидир. Шу боис перон бу таомилни тўғри англаган Узун ва Сариосиё туманлари аҳолиси билан гавжум.

– Доруломон кунларга етказганига шукр, – дейди узунлик 93 ёшли Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийси Абдурасул бобо. – Элга эътибор, халқнинг турмуш даражаси оширилишига қаратилган бундай имкониятлар юртимиздаги одил сиёсатнинг, тинчликнинг, ободликнинг мевасидир. Қирғин-барот урушни, нотинч замонларни кўрганмиз. Шукрки, болаларимиз обод ва осойишта Ватанда униб-ўсяпти.

Улуғларимиз дуога қўл очганда, аввало, саломатликни, юртга тинчлик ва осойишталикни сўрайди. Албатта, жисму жони, руҳи саломат инсон ҳаётдан завқланиб яшайди, мустаҳкам ирода билан турмуш ташвишларига барҳам бериб, орзуларининг рўёбга чиқиши учун интилади, изланади. Эл-юрт корига ярайди. Жонажон юртимизда соғлом ҳаёт кечириш, бахтиёр турмуш бунёд этиш учун кенг имкониятлар мавжуд. Зеро, бу юртда инсон қадри азиз!

Қумқўрғон тумани “Умид ниҳоллари” маҳалласида истиқомат қилувчи, 10 нафар фарзанд, 65 нафар набира, 138 нафар чеваранинг суюкли момоси Зарифа момо Абдуллаева бу йил 102 ёшни қаршилади. Онахон билан суҳбатга чоғланарканмиз, у мамнуният билан тинч ва фаровон замонга шукроналар айтади. Ватанимизнинг юз йиллик тарихидан сўзлайди. Ҳовлида бамайлихотир ўйнаб юрган эвара-чевараларига бир муддат термулади:

Яна ўқинг:  ҲУҚУҚ БИЛИМДОНЛАРИ БЕЛЛАШДИ

– Қийқиришини қаранг-а, буларнинг, – деганча завқ билан табассум қилади у. – Ғами, ташвиши йўқ. Инсон манфаатлари устувор бўлган мамлакатнинг фарзандлари-да. Шу норасидаларнинг бахту камолини, орзу-умидларга эш лаҳзаларини кўраётганимга шукр. Истиқлолнинг энг катта неъмати ҳам аслида шу хотиржамлик. Хотиржам инсоннинг кунлари файзли, иши унумли бўлади. Бугунги одил сиёсат, озод ва обод замоннинг қадрига етиш кераклигини ёшларга бот-бот уқтираман. Қаранг, бола туғилмасидан туриб унинг саломатлиги учун қайғурадиган, кексаларини эъзозлаб, бошида кўтарадиган давлат фуқароси бўлиш улкан бахтдир.

Ҳа, мамлакатимизда фаровон турмуш-тарзини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий шарт-шароитларини яхшилаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, юртимизнинг чекка ва экологик ноқулай ҳудудларига йўналтирилган “Саломатлик” поезди акциялари фикримиз тасдиғидир. Айни вақтга келиб аҳолини ижтимоий ҳимоялашнинг бу усули Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида фақат иккитани ташкил этади. Шулардан бири эса Ўзбекистонда ташкил этилгани, Марказий Осиёда ягона экани қалбимизни фахр-ифтихор туйғуларига тўлдиради.

2001 йилда “Ўзбекистон Темир йўллари” ДАТК томонидан тиббий санитар саломатлик поезди ташкил этилган. Вагонларда махсус тиббиёт хоналари, кутиш заллари, ЭКГ, стоматология, қоннинг умумий анализини олиш учун лаборатория кабинети, алоҳида рентген вагони ташкил этилди ва энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Вагон-поликлиниканинг озодалигини сақлаш, уни том маънодаги кўчма тиббий муассасага айлантириш мақсадида узоқ йиллик тажрибага эга вагон хизматчилари жалб этилди. Акром ака Исломов ана шундай ўз касбининг фидойилари сафидан ўрин олди. Аввалида оддий вагон хизматчиси, 2007 йилдан бошлаб “Саломатлик” поезди вагон хизматчилари гуруҳ раҳбари.

– Узоқ йиллардан буён темир йўл соҳасида хизмат қилиб келмоқдаман, – дейди Акром Исломов.

– Юртимиздаги ободончилик ва бунёдкорликни ҳар қанча таърифласак оз. Ҳар гал йўлга отланарканман, она Ватанимизнинг қиёфаси кундан-кун чирой очаётгани, олис ҳудудларгача улкан иншоотлар барпо этилаётганининг гувоҳи бўламан. “Саломатлик” поезди доирасида юртимизнинг чекка ҳудудларига ҳафта-ўн кунлаб сафар уюштирамиз. Болаларим, олти нафар набирамни соғинсамда, у ерлик инсонларнинг чеҳрасидаги мамнунлик, қалбидаги самимияти кишини тўлқинлантириб юборади. Эл хизматида, уларнинг саломатлиги йўлида меҳнат қилаётганимдан фахрланаман.

Меҳр-мурувват, саховат халқимизнинг юксак инсоний фазилатларидир. Жисму жонимизга сингган азалий қадриятларимизда ҳам у ўз аксини топган. Ҳамиша ҳамжиҳат эл топса ҳовучида, йўқса ширин каломи билан бир-бирининг дардини енгил, эҳтиёжини бартараф этади.

Яна ўқинг:  Соғлиқни сақлаш муассасаларида дорилар етишмаслиги каби муаммолар давом этмоқда

– “Саломатлик” поезди доирасида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг олис, тоғли ва экологик жиҳатдан яшашга ноқулай бўлган ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига фондимиз томонидан ижтимоий кўмак берилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бўлим бошлиғи Анвар Усмонов. – Хусусан, 3 минг 455 нафар аҳолига дори-дармон, кийим-кечак, пойабзал, ногиронлик аравачалари, уй-рўзғор буюмлари ва санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдами етказиб берилди.

Юртимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, ижтимоий соҳада олиб борилаётган юксак ислоҳотлар, ёш авлоднинг бенуқсон дунёга келиши ва баркамол вояга етиши борасида амалга оширилаётган ишлар, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бемисл ғамхўрлик халқимиз эзгу анъаналарининг озод ва обод Ватан қуёши каби ёрқин нур ва илиқлик бахш этиб турганидан далолатдир.

Галдаги сафар ҳам мамлакатимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг кам таъминлаган қатламини тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Шифокорлар томонидан касаллик аниқланган беморларга соғломлаштириш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар ҳамда уларнинг вилоят, туман шифохоналарига даволаниши учун йўлланмалар берилди.

Тиббий кўрик билан қамраб олинган аҳолининг 571 нафарини хотин-қизлар ташкил этди. Улардан 478 нафари эса фертиль ёшидаги аёллардир. Тадбир давомида 534 нафар бола ва 325 нафар эркак, 200 нафар кекса, 39 нафар имконияти чекланган аҳоли қатлами чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Тиббий кўрик “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компаниясининг “Саломатлик тиббий-санитария ёрдам поезди” шифокорлари, фонднинг Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари филиалларининг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари мутахассислари шунингдек, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармаларининг малакали шифокорлари томонидан амалга оширилди.

– Маълумки, чекка ва экологик шароити ноқулай бўлган ҳудудларда яшовчи аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишда замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида текширув ўтказиш катта аҳамият касб этади, – дейди “Саломатлик” поезди шифокорлар гуруҳи раҳбари Ўткир Мардонов. – Шу боис кўрик давомида аниқ лаборатория таҳлилларига ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташҳислар қўйилди. Жумладан, қон ва пешоб умумий таҳлили, биологик суртмаларнинг таҳлили, эритроцит, лейкоцит, ЭЧТ (эритроцитларнинг чўкиш тезлиги) текширувлари ва қондаги гемоглобин миқдорини аниқлаш мақсадида 1 минг 920 та текширув ўтказилди. Хусусан, 642 нафар аҳолига флюрография, 885 нафар аҳолига ЭКГ, 623 нафар аҳолига УТТ ва 640 нафар аҳолига лаборатория хизматлари кўрсатилди.

Яна ўқинг:  Маданият ва спорт: ташаббус ва таҳлил

Тиббий кўрик давомида катта ёшдаги аҳоли орасида турли хасталиклар (юрак қон-томир тизими, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, камқонликнинг турли даражалари, асаб ва эндокрин касалликлар, таянч-ҳаракат тизими хасталиклари, шу билан бир қаторда, стоматологик касалликлар) аниқланди.

“Саломатлик” поезди доирасида Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийлари ҳолидан ҳам хабар олинди.

Хайрли сафар Деҳқонобод станциясида якунига етди. Пойтахт томон ошиқаётган карвонга адирлар бағридан алвон лолақизғалдоқлар қўл силкийди. “Саломатлик” поезди хизмат сафарида муносиб ҳиссасини қўшган фидойи инсонлар чеҳрасида бироз ҳорғинлик акс этсада қалбдаги чексиз мамнуниятни ҳис этасиз.

Бу мамнунлик юртга муҳаббат, эл ишига камарбасталик, касбга садоқат маҳсули. Шундай экан, эзгу йўлда саломатлик карвони равон одимлайверади.

Фахриддин ҲАЙИТОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: