Йиғма чироқ – яхши ҳамроҳ
Фан техника тобора ривожланиб бораётган бугунги кунда олимлар маиший ҳаётимизни янада енгиллаштириш йўлида янгидан янги кашфиётлар қилмоқдалар. Ана шундай ихтиролардан бири қўлда йиғилувчан Wind-Up Accordion Lantern чироғидир.
Қулай тутқич ва йиғилувчан хусусиятга эга бўлган ушбу чироқ саёҳатга чиққан пайтда, айниқса, жуда асқотади. Wind-Up Accordion Lantern чироғи 4,5 соат ёритиш қувватига эга. Ушбу чироқни қувватлантириш учун USB-кабелни электр токига улаб қўясиз. Агар табиат қўйнида бўлсангизу уни қувватлантиришга электр токи бўлмаса, унга ўрнатилган автомат қурилма ёрдамида озроқ ҳаракат эвазига қувватлантиришингиз мумкин. Wind-Up Accordion Lantern кичикроқ хона ёки сайёҳлар чодирини бемалол ёрита олади. Фойдаланилмаган вақтда йиғиб, сумканинг бир четига жойлаштириб қўйсангиз, унчалик ҳам кўп жойни банд қилмайди. Қулай қилиб ишланган тутқичи, уни дарахт шохи ёхуд шунга ўхшаш нарсаларга илиб қўйиш имконини ҳам беради. Йиғилувчан қисми иссиққа чидамли полиэтилендан ишланган.