Ҳозиқ табиби хушгўй тан ранжиға шифодур

Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир… Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз.

Ислом КАРИМОВ

Ҳазрат Алишер Навоийнинг юрт тинчлиги, халқ манфаати, равнақи йўлида амалга оширган ишлари беқиёсдир. Унинг ўлмас бадиий асарларида бу жиҳатлар ўз ифодасини топганлиги барчамизга маълум. Хусусан, ўзининг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида шоирларнинг иши “Маоний хазоинидин жавоҳир термоқ ва эл файзи учун назм силкиға вазн бермоқ”, яъни маъно хазинасидан жавоҳир териб, унинг эл фойдасига хизмат қилишини мақсад қилиб шакллантирмоқдир, деб ёзади. У бу йўлда фақатгина тарғиботчи эмас эди.

Улуғ шоир мамлакат ободончилиги йўлида ҳам бир қанча ишларни амалга оширган: сувсиз ерларга сув чиқарган, эски ариқларни тозалаттирган, янги каналлар қазитган, эски биноларни таъмирлатиб, янгиларини қурдирган; мадраса, хонақоҳлар барпо этган. У илм-фан, маданият ҳомийси ҳам эди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да шундай ёзади: “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий (мададкор) маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай”.

Алишер Навоий чин маънода ўз даврининг маърифатли кишиси эди. У ўзини халқ саломатлигининг посбони, табобат билимдони сифатида ҳам намоён эта олган зотдир. Хусусан, унинг халқ саломатлигини яхшилашга бўлган инсонпарварлик ҳаракати туфайли Ҳиротда “Дорушшифо” (шифохона) бунёд этиши, унда фаолият кўрсатаётган табиблар ёки асарларидаги табиблар ҳақидаги фикрлари, инсон саломатлигига оид байтлари бунинг ёрқин мисолидир. Хондамир “Дорушшифо” ҳақида шундай маълумот беради: “…Рўпарасида нозик дид ва теран хаёлни ўзида жам этган “Дорушшифо”си қошида кавсарсифат бир ҳовуз. Унда хизр-сифат ҳакимлар, Исонафас табиблар касалларни муолажа қилиш билан машғуллар”…

Хондамирнинг “Исонафас табиблар” дейишидан кўриниб турибдики, шифохонада ўз даврининг етук табиблари, Навоийнинг ишончини қозона олган ҳакимлар фаолият кўрсатган.

Яна ўқинг:  Kollejda salomatlik kuni

Алишер Навоий ўзининг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида табибларнинг табиати ҳақида ҳам тўхталиб ўтади. Шоир тасаввуридаги табиб бўлиш учун “ўз фанида ҳазоқат (моҳирлик) керак ва бемор ҳолига шафқат”. Навоий таъбирича, табиб кўнгилни топа оладиган, вазмин ва хушфеъл бўлиши даркор.

Навоий ҳозиқ (моҳир) табибларни Исо пайғамбар билан ёнма-ён қўяди: Исо чиққан жонни қайтарса, ҳозиқ табиб жоннинг чиқишига тўсқинлик қилади:

Исо иши чиқғон жонни танга кийурмак дуо била,

Ва мунинг иши чиқадурғон жонга монеъ бўлмоғ даво била.

Навоий табиб, ҳозиқ ва доно бўлсаю, аммо ўта бадфеъл, қўпол ва беморларга нисбатан бепарво бўлса, бундай табиб “мариз (бемор) ға агарчи бир жониб (томон)дин илож (шифо) еткурур, неча жонибдин тағайюри мизож (кайфият бузилишини) еткурур”. Шу ўринда Навоий оми табиблар ҳақида ҳам тўхталиб ўтади ва ёзади: “Ва лекин омий табибким, эрур шогирди жаллод, ул тиғ била ва бу заҳр била ҳалок қилғучи бедод”.

Демак, оми табиб жаллод шогирди, аммо шоир фикрича оми табибдан жаллод яхшироқ. Негаки, жаллод гуноҳ қилган кишини ўлдиради, оми табиб эса гуноҳсиз инсонни. Навоий оми табиблар ҳақидаги фикрларни хулосалаб, “ҳеч гуноҳкор анга (жаллодга) залил (хор) бўлмасун ва ҳеч бегуноҳ мунга (омий табибга) алил (касал) бўлмасун” деб, ушбу мисраларни ёзади:

Ҳозиқ табиби хушгўй тан ранжиға шифодур,

Омийи тунди бадхўй эл жониға балодур.

Навоийнинг шифокорлар ҳақидаги бу фикр-лари бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотган эмас.

Улуғ мутафаккир кўз ўнгимизда табобатнинг ҳақиқий тарғиботчиси сифатида гавдаланади.

Ва лекин тиббу ҳикмат ҳам эрур хўб,

Ки сиҳҳатдур киши жисмида матлуб.

Яъни, Навоий фикрича, киши жисмидаги энг зарур нарса саломатликдир, шу билан бирга, тиббу ҳикмат ҳам яхшидур.

Киши соғ-саломат бўлиши учун, аввало, тўғри овқатланишни билиши зарур. Киши зарарли нарсаларни ейиш ва ичишдан доимо қочиши керак, ана шундагина одам саломат бўлади:

Неким бўлса музир бўлғил ҳаросон,

Ки бўлғай табъинга мушкиллар осон.

Яна овқатланиш қоидаси шуки, киши роса тўйиб кетмасдан ейишни бас қилиши керак, еган нарсаси ҳазм бўлмай туриб, устига яна ейиш танани ортиқча юк остида қолдиради:

Яна ўқинг:  Шифохонадаги “қорбобо”

Бу доғи топмагунча ҳазми комил,

Баданни қилма ортиқ юкка ҳомил.

Табобат бобида Навоий кўтарган масалалардан бири ичкиликни қоралашдир. Шароб ичиш инсон саломатлигига зарар эканлигини ёзади:

Бодаки йиқмоқ сари ўқ майлидур,

Жисм уйига балки бало сайлидур.

Яъни, иши фақат одамни йиқитишдан иборат бўлган бода, жисм уйи учун ҳам, билгилки, бало сели ҳисобланади.

Ёки бошқа бир ўринда Навоий шундай ёзади:

Бодага киши кўргузса хийралиқ

Ақл чироғига берур тийралиқ.

Яъни, кимки майга берилиб, унга ружу қўйса, у ақл чироғига хиралик беради.

Ҳақиқатан ҳам, ҳазрат Алишер Навоий Президентимиз Ислом Каримов айтганидек, “мутафаккирларнинг мутафаккири”дир, “оламда туркий ва форсий тилда сўзловчи бирон-бир инсон йўқки, у Навоийни билмаса, Навоийни севмаса, Навоийга садоқат ва эътиқод билан қарамаса”.

Муборак ҲИКМАТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: