Улуғ шоирга эҳтиёж
Илмий тадқиқотим доирасида Навоий ҳақида маълумот излар эканман, Ўзбекистонга келиб, таржимон Носир Қамбаров билан ҳамкорликда Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарини инглиз тилига ўгирган инглиз таржимони Гарри Дикнинг интернетдаги бир мақоласига кўзим тушди. Ишонасизми, бу мақолани ўқиб, Навоийнинг буюклигига қанчалик таҳсин ўқиган бўлсам, бир чет эллик қалбидаги Навоийга бўлган эҳтиром, унинг ботинига кира олиш қобилияти, бу асарнинг киши камолотига қанчалик аҳамиятли экани ҳақидаги теран фикридан қувониб кетдим. У Навоийни “шоирим” деб атайди ва кўнгил боғининг боғбонига қиёслайди. Ушбу мақолани ўзбек тилига ўгириб, бир қисмини сизга ҳавола этмоқдаман.
Ҳақиқат ва гўзаллик билан қуролланган руҳонияти юксак шоирлар шахсий ҳаётимизда ва кенг жамиятда чин маслакдошдирлар. Ҳаётимизга ҳақиқий гўзаллик ва теран мазмун киритиш учун бадиий гўзаллик, ҳикматга бойлик ва илмийлик керак бўлади. Келинг, дунёни биздан кўра яхшироқ тушунадиган ижодкорлардан ўрганайлик, уларнинг қайтадан гапиришларига имкон берайлик. Улар халқнинг маънавий тараққиёти ҳар бир киши онгининг юксалишига боғлиқ эканини тушунишади. Шу ўринда шоирлар куйлайдиган илоҳий ишқ тараннумини ҳам ёддан чиқармайлик. Мен айтмоқчи бўлганим, илоҳий ишқ таъмини татиган шоирлар тангрининг буюк зот эканлигига иймон келтирадилар. Илоҳий ишқ шуҳратини туйган кишиларда жамият фаровонлиги учун наф келтириш истаги дунёга келади. Мен Ўрта Осиёда топган руҳонияти буюк шоирлардан бири Алишер Навоийдир. Навоий тахаллуси адабиётда “куй соҳиби” деган маънони англатади. У 1441 йилдан 1501 йилгача Ҳиротда яшаб ижод этган бўлиб, “Буюк Ипак йўли”нинг буюк шоирларидан бири ҳисобланади… Навоийнинг бирга ўсган дўсти Ҳусайн Бойқаро амир бўлганда Навоий вазир этиб тайинланади. У юқори лавозимда масъулият билан ишлаш билан бирга, ўша вақтда ниҳоятда зарур бўлган кўпгина таълим муассасаларни ташкил этган. Навоийнинг ташаббуси билан биргина Хуросонда 370 та мадраса, кутубхона, касалхона ва “Саховат уйлари” барпо этилган. Унинг салмоқли ишлари, ҳаёти давомида қилган хайр-саховатли амаллари Ўрта Осиё ҳаётида бир неча йиллар давомида таъсирини йўқотмай келмоқда.
Бугун гуллаб-яшнаётган Ўзбекистонда у шоирларнинг энг улуғи сифатида ардоқланади. Алишер Навоийнинг номи мамлакатнинг ҳамма бурчагида учрайди. Асосий кўчалар, театр ва музейлар, сайлгоҳлар ҳаттоки, вилоят ва шаҳарлар ҳам унинг шарафига номланган. Унинг ҳикматлари туркий ва форсий тилларида битилган. У Ўрта Осиёнинг буюк шоирларидан бири ҳисобланади. Олтита девонидаги 100 минг мисрадан ортиқ шеърда ҳақиқат ва севги, комилликка етишмоқликни мадҳ этади. Инсониятни маънан бой қилишга интилиш ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Бу йўлда бутун ижодини бахшида этган Алишер Навоийдек шоирлар кўп эмас. У нафақат сўзи, балки ҳаёт йўли билан ҳам ибрат бўла олади.
Боғни мевасига қараб, яхши ёки ёмон деб айтиш мумкин. Навоийнинг қилган хайрли амаллари ва машаққатли ҳаётининг ўзиёқ у айтган сўзларга ишонишимизга асос бўлади. У фақатгина чиройли жаранглайдиган сўзларни сўзламади, балки ўзининг ҳаётида ҳақиқатда фойдали бўлган нарсалар ҳақида ёзди. Ўзи шубҳаланган жойларда эса китобхонига ҳамон тадқиқ ва изланишда эканлигини айтиб, нотўғри гапирган бўлса, Яратгандан уни авф этишини сўрайди. Буюк шоир ва вазирда ана шундай нозиклик ва камтарлик мужассамлиги кишини руҳлантиради.
Навоийга ўхшаш шоирларнинг ижоди, санъати ривожланаётган миллатларга катта куч бағишлаган. Санъат инсонларнинг юраги ва тафаккурини тарбиялайди. Шеърият ва санъат инсонлар ва тилларни бир-бирига боғлайди. Санъаткорсиз жамият тараққий эта олмайди. Санъаткор шоирдангина ижобийлик уфуриб туради. Биз руҳониятни моддиятдан, илоҳийни дунёвийдан, кўрилган нарсани кўрилмагандан ажратишни бас қилишимиз лозим. Бундай редукцион амални бажариш учун эса бизга шоирлар зарур. Биз миллатимизни тарбиялаш учун чин санъаткорларга муҳтожмиз. Санъат жамият ичида таъсир ўтказиш билан бирга бошқа жамиятларнинг бир миллат ҳақидаги тасаввурининг шаклланишида ҳам муҳим ўрин тутади. Ҳақиқий тараққиёт ташқарида эмас, инсоннинг юрагида содир бўлиши керак. Биз Навоийдек шоирларнинг кўпроқ сўзлашлари ва кишиларнинг улардан нимадир ўрганишларига муҳтожмиз.
Филология фанлари номзоди Гулноза ОДИЛОВА таржимаси