Бу аслида илк қўнғироқдир

Мактаб. Шу биргина сўз инсонни олис хотиралар томон етаклайди. Қалб сурурли лаҳзалардан тўлқинланади. Илк бор ушбу мўътабар гўшага қадам қўйгандай ҳаяжонланасан киши. Бирма-бир дарслар, синфдош дўстлар кўз ўнгингда бўй беради. Улар билан боғлиқ қизиқ воқеаларни эслайсан. Юзингда самимий табассум югуради. Бир муддат сукутга чўмасан. Юракнинг шиддатли ҳайқириғини тинглайсан гўё. Кўзингда ёш билан мактаб остонасидан катта ҳаётга қадам қўйганинг, қулоғинг остида эса сўнгги қўнғироқнинг жарангли овози янграганини ёдга оласан. Шу жаранг йиллар ўтсада қалбингни тарк этмайди.

Елкангда жажжигина қизалоқни кўтарганча давра айланасан. Қувноққина болажоннинг майин табассум билан чалаётган сўнгги қўнғироғи эса сени тобора катта ҳаёт сари кузата бошлайди. Касб-ҳунар ўрганиш, жамиятнинг фаол аъзосига айланиш истаги яна ва яна олға интилишга ундайди. Маълумотингни ошириш учун тиним билмай китоб варақлайсан. Англайсанки, мактаб билан видолаштирган, елкангдаги қизалоқ чалган ёқимли жаранг аслида катта ҳаёт остонасидаги илк қўнғироқдир. У доим сени илғор бўлишга, замонга ҳамнафас яшашга, умрингни гўзал касби-кор билан боғлашга, юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қилишга чорлаб туради. Беихтиёр ўша қизалоқ ва унинг тенгқурлари олдида ўзингни қарздор ҳис этасан. Уларга бунданда чиройли Ватан қолдиргинг келади. Бу масъулият эса авлоддан авлодга ўтиб, гўзал анъанага айланади.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ўғил-қизларнинг билим олиши, спорт билан шуғулланиши, санъат ва маданият соҳаларидаги иқтидорини намойиш этиши учун барча шароит муҳайё этилган. Хусусан, ўн икки йиллик мажбурий таълимнинг жорий қилингани, ҳар бир ёш муайян бир ҳунарнинг эгасига айланаётгани фикримизнинг тасдиғидир. Уларнинг касб-корга қизиқиши эса умумтаълим сабоқлари жараёнида шаклланади. Шундай экан, ўқувчиларнинг иқтидорини намойиш этиш, жисмоний ва маънавий салоҳиятини юксалтириш ўспиринлик даврига тўғри келади. Мактабни битираётган ўқувчи қайси коллеж ёки академик лицейда ўқишини аниқлаб олиши жуда зарур. Зеро, айни шу даврдаги қарор унинг келажагини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг маълумотига кўра бу йил 483 минг нафардан зиёд ўқувчи умумтаълим мактабларининг тўққизинчи синфини тамомлайди. Бу рақамлар оиласи, Ватанимиз равнақи йўлида меҳнат қилиш мақсадида касб-ҳунар ўрганишга шай қарийб ярим миллион нафар ёш мустақил ҳаётга кириб келаётганидан дарак бераётир.

Яна ўқинг:  UYIMIZDAGI TOTUVLIK

– Ниятим туманимиздаги Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўқишни давом эттириш, – дейди Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернати тўққизинчи синф ўқувчиси Аслиддин Чориев. – Болалигимдан математика фанига қизиқар эдим. Шу боис, ушбу муассасага синов асосида ўқишга қабул қилиндим. Бу ердаги тажрибали ўқитувчилар нафақат билим беришди, балки ҳар биримиз ўз келажагимизнинг бунёдкори эканимизни ҳам уқтиришди. Тенгдошларим орасида “Билимлар беллашуви”нинг республика босқичи ғолиблари, халқаро фан олимпиадалари совриндорлари борлиги эса мени янаям чуқурроқ билим олиш, дарсларни қунт билан ўзлаштиришимга туртки бўлди. Англадимки, иқтисодиёт соҳасига кўпроқ қизиқар эканман. Банк ходими бўлишни жуда хоҳлаяпман. Коллежда уч йил соҳа сирларини ўрганиб, сўнг Тошкент давлат Иқтисодиёт университетига ҳужжатларимни топшираман. Албатта, орзу-мақсадларимга эришишга ҳаракат қиламан. Зеро, бунинг учун менда ишонч, билим, интилиш, асосийси барча имкониятлар бор.

Ўқувчиларнинг қизиқишларини ўрганиш, уларни касб ва ҳунарга йўналтириш борасида умумтаълим муассасалари педагог ходимлари ҳам жонбозлик кўрсатиб келаётир. Хусусан, “Оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлиги” концепцияси доирасида ота-оналар, маҳалла фаоллари ва ўқитувчилар биргаликда ҳар бир боланинг иқтидорини ўрганиб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига йўналтиришмоқда.

– Бу йил муассасамизни 61 нафар тўққизинчи синф ўқувчиси тамомлайди, – дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 115-умумтаълим мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Сарвар Қораев. – Уларни келгуси таълим жараёнларига жалб қилиш, бу борадаги хоҳиш-истакларини ўрганиб чиқиш йўлида салмоқли ишлар амалга ошириляпти. Ўқитувчилар орасидан бир киши касбга йўналтирувчи шахс сифатида фаолият юритмоқда. Қолаверса, шаҳардаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Мақсад эса битта. Ҳамма ўзи истаган касбини эгалласин. Бунинг учун уларга ҳукуматимиз томонидан барча шароитлар муҳайё этилган. Муассасамизда тез-тез ўрта махсус таълим муассасалари педагог ходимлари билан учрашувлар ташкил этилади. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишади. Қолаверса, ҳар бир коллежда “Очиқ эшиклар” куни ташкил қилинган. Биз ўқувчиларни у ерга олиб бориб шарт-шароитлари билан яқиндан таништирамиз. Ўқитувчилар салоҳияти, муассаса муҳитини яқиндан ўрганамиз. Қолаверса, коллежни тамомлаб тадбиркорлик соҳасига қўл урган, иш жойида муваффақиятли фаолият юритаётган ёшлар билан суҳбатлар уюштирамиз. Бу эса ўқувчининг ўз келажаги ҳақида мушоҳада юритишга, яхши касб-корнинг этагидан тутишига замин ҳозирлайди.

Яна ўқинг:  Shoirlar – bolalarga

Дарҳақиқат, мамлакатимизда умумтаълим мактабларини тамомлаган ўқувчиларни коллеж ва академик лицейларга, ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини ташкилот ва корхоналарга йўналтириш самарали йўлга қўйилган. Қонун ҳужжатларига кўра коллеж битирувчилари синов муддатисиз ишга қабул қилинади. Қолаверса, тадбиркорлик фаолиятини юритмоқчи бўлган талабаларга давлат томонидан имтиёзли кредитлар ажратилаётгани юксак ғамхўрликнинг намунасидир.

– 2014 йилда Асака Педагогика касб-ҳунар коллежини тамомладим, – дейди андижонлик тадбиркор Муҳайё Абдухалилова. – Ўтган йили банкнинг кредит маблағлари эвазига “Ширин нон” қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи цех ташкил этдик. Тўққиз нафар хотин-қиз иш билан таъминланди. Ҳозирда даромадлар яхши. Бунга тадбиркорлар учун солиқ ставкаларининг камайтирилгани ҳам муҳим омил бўляпти. Маҳсулотларимизни республикамизнинг барча бозорларига чиқаришни ният қилганмиз.

Ҳа, жонажон Ўзбекистонимизда ҳамма касб-ҳунар соҳибларининг эркин фаолият юритиши учун қулай шароит ва ишчанлик муҳити яратилган. Ундан оқилона фойдаланиш, вақтни бесамар сарф этмасдан ўз келажагини бунёд этиш эса ҳар бир ёшнинг ўзига боғлиқ. Албатта, бу борада мактаб даврида олинган билим ва иқтидор алоҳида аҳамиятга эга. Ёшлардан кимдир оила муҳитидан келиб чиққан ҳолда касб танласа, кимдир қизиқишлари самарасида ўз келажагини бунёд этади. Бошқа бирови эса устозлари маслаҳатларига амал қилади. Нима бўлганда ҳам, унутмайликки, бу қўнғироқ катта ҳаёт сари илк чорловдир.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: