Баҳор либоси – кўклам, атлас жилоси – кўркам

Атласу адраслар нафақат бeбаҳo бoйлигимиз, балки миллий ҳунармандчилигимиз дурдоналаридан биридир. У миллий қадриятларимиз билан йўғрилган ўзбeкoна нафис санъатдир. Ҳунармандчиликка берилаётган эътибoр ваэъзoз туфайли, юртимизда ушбу матoнинг қадимий намуналари ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилмоқда.

Наманганлик Абдулатиф Аҳ­мад­­жонов ана шундай эзгу ишларни давом эттириб келаётган уста-ҳунармандлардан.

Ота-бобоси ҳунарини давом эттириб келаётган Абдуллатиф ота сулоласининг бешинчи авлоди ҳисобланади. Оилавий ҳунарманд­чиликни йўлга қўйган уста ўзбек миллий матоларидан беқасам, палак, атлас, адраслар тўқиб, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива каби шаҳарларга жўнатади.

Отаси Аҳмаджон ака ҳамда волидаси Хожихон опа беш нафар фарзандини меҳнатсевар қилиб тарбиялади. Аммо Абдулатиф икки ёшлигида отаси вафот этади. Ота васиятига кўра Абдулатифжонни аммасига фарзанд қилиб беришади. Поччаси Абдуғани ака ҳам уни ўз ўғлидек меҳр билан тарбиялайди. Ўн яшар ўсмир болакайни дадасининг шогирди атлас тўқувчи ҳунарманд Ғуломжон Валиевга шогирдликка беради. Устоз ўгитларини ортиғи билан бажаришга ўрганган ёш ҳунарманд тўқиган матолар ўзининг бежиримлиги, бетакрорлиги билан кўпчиликнинг эътиборини жалб этади. Абдулатифдаги иқтидорни пайқаган устози унинг ойдин келажагига ишонч билдиради.

Шунинг учун бўлса керак, уни куёвликка муносиб кўради. Абдулатиф ака Зоҳида опа билан олти нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказадилар. Зоҳида опа ҳам ҳунармандлар оиласида вояга етгани учун турмуш ўртоғига энг яқин маслакдош бўлди. Беш нафар ўғиллари ҳам ота-боболари изидан бориб, миллий либос – атлас ва адрас тўқиш ҳунарини пухта эгалладилар.

Атлас ва адрас тўқишнинг сир-синоатини ўрганган, ипакка ранг бериш, ипакни охорлаш каби ишларни ўзлаштирган Абдулатиф ота дурадгор-устачиликни ҳам маромига етказар эканлар. 5-6 метр узунликдаги мато тўқиладиган дастгоҳ кўргазмаларга борганда жойдан жойга кўчиришда ноқулайлик туғдиради. Шу боис, отахон дурадгор устанинг кўмаги билан 2,20 метрлик дастгоҳ ясабди.

Отахон иш фаолияти ҳақида шундай ҳикоя қилади:

– Дастгоҳда ўтириб мато тўқиш жараёни жисмоний меҳнат ҳамда нозик дид талаб этади. Кўзингиз билан ипларни ўз ўрнига тушишини кузатиб туришингиз лозим. Чунки иплар алмашиб қолса, гул юзага чиқмайди. Бу эса кўзларнинг соғ­лом бўлишида катта аҳамият касб этади. Қўл-оёқлар, бутун аъзойи баданингиз ишлайди. Танангизда қон юришади. Атласнинг 8 та тепкиси бўлади, бир кунда 6-10 метр мато тўқилади, адраснинг эса 4 та тепкиси бўлади, бу матодан 10-15 метр тўқиш мумкин. Мато гулларини эски китоблар нақшларидан излаб топамиз ва уларга замонавий тус берамиз. Энг сифатли ранглар Ҳиндистондан олиб келинади.

Яна ўқинг:  Олтин меъёр қоидаси

Отахон “Ташаббус – 1999”, “Ташаббус – 2014” кўрик-танловларида ўзи ишлаб чиқарган ўзбегимнинг “Бегойим”, “Ўзбекистон гўзали”, “Қўчқоршох”, “Гулдаста”, “Келинчак атлас” деб номланган атлас ва адраслари билан муносиб иштирок этиб келмоқда.

2013 йилда Абдулатиф ака ­Украина элчихонаси таклифи билан халқаро кўргазмада иштирок этганида мезбонлар товланиб турган камалак ранг миллий матоларнинг жозибасидан ҳайратга тушган эдилар.

Тиниб-тинчимас отахон аждодларига ҳурмат маъносида 2004 йилда уй музейи ташкил қилган. Музейдан ҳунармандлар сулоласининг дастгоҳлари, пилла ип бўлгунга қадар жараён ҳамда матоларнинг андозалари жой олган.

Бугунги кунда ўн беш нафардан зиёд неваралар ана шу муҳитда улғайишмоқда. Улардан Аброржон, Ғуломбой, Абубакирлар бобоси Абдулатиф ҳожи отанинг издошларидир. Демак, сулоланинг олтинчи ва еттинчи авлоди етишиб келяпти.

Қолаверса, устанинг шогирдлари ҳам 40 нафардан зиёд. Абдулатиф отанинг кўп йиллик меҳнатлари муносиб баҳоланиб “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Бугунги кунда нафақат Наманган, балки бутун Ўзбекистонга довруғи кетган Абдулатиф Аҳмаджонов сулоласи анъанавий ўзбек ҳунармандчилиги – мато тўқиш санъати билан дилбар қизлару лобар келинчаклар ҳуснига ҳусн, қалбига чексиз қувонч қўшмоқда. Айниқса, диёримиз узра Наврўз шукуҳи кезиб юрган паллада миллий матоларимиз жилоси ҳар бир юртдошимиз дилига ифтихор бағишлайди.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: