Жазирамада қуёш нурларидан сақланамиз!

Юртимизда қуёшли, иссиқ давр бошланмоқда. Қуёш оламга ўз нурларини таратиш билан бирга, инсонларга маълум бир маънода соғлиқ ҳам инъом этади. Ундан тарқалаётган кўзга кўринмас ультрабинафша нурлар эса инсон саломатлиги учун кони фойда. Шунингдек, қуёш нури инсон саломатлиги учун энг керакли бўлган Д витаминининг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Аммо қуёш нури фойдали бўлиш билан бирга, ўзига яраша зарарли томонлари ҳам бор.

Фотодерматозлар нима?


Қуёшдан тарқалаётган ультрабинафша нур таъсирида терида узлуксиз оксидланиш-қайтарилиш реакцияси кечади, кальций ва фосфор гомеостазини сақлаб турувчи Д3 витамини синтез бўлади. Теридаги барча ҳужайралар, шу жумладан, унга пигмент етказиб берувчи меланоцитлар нормал функционал равишда ишлайди. Аммо ультрабинафша нур таъсирида баъзи одамларнинг териси қораяди, баъзиларда эса қизариш, шиш, қичишиш каби клиник кўринишда кечувчи тери касалликлари, яъни фотодерматозлар намоён бўлади.

Фотодерматозлар ўлкамиз иқлимига хос бўлган касаллик ҳисобланади. Касалликнинг илк аломатлари баҳор ва ёз ойларида, яъни иссиқ қуёшли кунларнинг бошланиши билан номоён бўлади. Бунда қуёш нури таъсир этадиган соҳалар (юз, бўйин, кўк­рак қафасининг олди қисми, қўл ва оёқларнинг очиқ қисми)да тошмаларнинг тошиши кузатилади. Яъни қуёш нури тушган терида, аввал унинг қизариши, шиш пайдо бўлади. Кейинчалик, қуёш нурининг таъсири давом этса, шу соҳаларда хар хил тошмалар (пуфаклар, тугунчалар) ҳам ҳосил бўлади. Қуёш нури таъсирида узоқ муддат бўлиш юз, бўйин ва кўкрак терисида (қуёш нури таъсиридаги соҳалар) ажин, доғ ва сепкилларнинг пайдо бўлиши ва кейинчалик эса уларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Мутахассисга мурожаат қилинг


Агар қуёш нуридан келиб чиққан касаллик белгиларини сезсангиз, у ҳолда дерматовенеролог мутахассисига муражаат қилинг. Улар шифокор маслаҳати билан тўлиқ клиник кўрик ва лаборатор текширувларидан ўтиш­лари тавсия этилади. Чунки ҳозирги кунда қуёшга сезувчанликни аниқлаш учун «фотодоза» муолажасини ўтказиш кўпгина тери-таносил касаллик­лар диспансерида йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, қуёш нурлари теридаги тўқималарни бўшаштиради ва у тезда қуришиб-буриша бошлайди. Ёзда офтобда мунтазам, узоқ муддат юриш қуёш нурига таъсирчан кишилар танасининг очиқ соҳаларида турли хил хавфли ўсмаларни, шунингдек, тери саратони келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бежизга тери саратони қуёш инсоляция (қуёш нурларининг тушиши ва синиши)си юқори бўлган мамлакатларда яшаётган ва узоқ вақт қуёш нури таъсирида бўладиган инсонлар (аксарият I ва II типга мансуб) орасида ниҳоятда кўп учрамайди. Шундай экан, имкон қадар ёзда офтобда кўп юрманг, қуёш нуридан ҳимояловчи воситалардан фойдаланинг.

Яна ўқинг:  Миянинг ички босими ошиши хавфлими?

Қуёш нури қачон фойдали?


Қуёшли иссиқ кунларида эрталаб соат 7:00 дан 10:00 гача ва тушдан сўнг 16:00 дан то кун ботгунича саломатлик учун фойдали бўлган қуёш нурлари тушади. Чунки ушбу вақтда ультрабинафша нурлар баданга тик тушмайди ва терига чуқур кириб бормайди. Бу эса терида куйиш ва турли тери касалликлари пайдо бўлишининг олдини олади.

Қуёш нурига нисбатан сезувчанлиги юқори бўлган одамлар куннинг 11:00 дан 15:00 вақт оралиғида ўзларини ҳимоя қилишлари керак. Чунки қуёш нурининг терига таъсири куннинг шу вақт оралиғида юқори бўлади.

Нима қилиш керак?


Қуёш нурига таъсирчан кишилар шифокор-дерматолог тавсиясига асосан қуёшли кунларда кўчага чиқишдан аввал махсус ҳимояловчи кремлардан фойдаланишлари керак. Бизнинг иқлим шароитимизда, албатта, SPF 50 дан паст бўлмаган офтобдан сақланувчи кремлардан фойдаланиш зарур. Бундай махсус крем кўчага чиқиш ва офтобда юришдан 30-40 дақиқа олдин тананинг очиқ қисмидаги тоза терига суртилади. Агар инсон чўмилиш ҳавзаларида бўлса, у ҳолда чўмилгандан сўнг албатта ушбу воситалардан фойдаланилади.
Кўча-куйда қуёш нури айни тик тушадиган маҳал юрсангиз, ҳаво ўтказиб турадиган соябонлар, турли бош кийимлари ва махсус офтобдан ҳимояловчи кўзойнаклардан фойдаланганингиз маъқул. Бу борада тананинг барча қисмини ёпиб турувчи енгил табиий матодан қилинган кийимларни кийиш ҳам фойдали. Чунки улардан қуёш радиациясининг ўтиши қийин бўлиб, терига кам миқдорда етиб боради. Сунъий матолар (полиэстерлар)дан тикилган кийимлар эса ип-газламали материалларга нисбатан ультрабинафша нурини яхши ўтказади ва ноқулайликларга олиб келади.

Наргиза ИКРОМОВА,

Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази

масъул ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: