Травматология ва ортопедия: энг мақбул йўл – касалликни илк босқичларида аниқлаш
Инсоннинг соғлом бўлишида вужуддаги ҳар бир аъзонинг ўз ўрни бор. Айниқса, суякларимиз бақувват ва мустаҳкам бўлса, нафақат жисмоний тетиклик, руҳий салоҳият ҳам ошиб бораверади. Шу боис, травматология ҳамда ортопедиянинг энг муҳим ютуқлари, суяк ва бўғимларда учрайдиган касалликларнинг олдини олиш, барвақт аниқлаб, даволаш бўйича янгиликлар ҳақида шифокор Ёқуб Наматов билан суҳбатлашдик.
– Маълумки, бугун илм-фанимизнинг бошқа йўналишлари каби травматология ва ортопедия соҳаси ҳам жадал ривожланяпти. Бу борада мамлакатимиз тиббиётининг салоҳияти қандай?
– Тўғри, кейинги йилларда соҳа ривожи янги босқичга кўтарилди, диагностика ва даволаш борасида муҳим янгиликлар амалиётга кириб келди. Эндопротезлаш, кўкрак қафаси деформациялари, сколиоз, артроскопик операциялар, блокловчи остеосинтез операциялар бунга мисолдир. Тиббиёт марказимизда бундай юқори технологияли операцияларни амалга ошириш учун барча шароит яратилган. Диагностика соҳасида компьютер тамограф, магнит резонанс тамограф, рақамли рентген каби замонавий технологиялар татбиқ этилган. Ҳар йил қарийб етмиш минг аҳолига маслаҳат ташхис ёрдами кўрсатилади. Етти мингга яқин операциялар қилинади, шулардан тўрт мингга яқини юқори технологияли усулларга асосланган операциялардир. Жумладан, ҳар йили мингдан кўпроқ эндопротезлаш амалиётлари ўтказилади.
– Шу ўрнида кўпчиликка унча таниш бўлмаган дисплазия касаллиги ҳақида маълумот берсангиз. Бундай нуқсони бор болаларни йўргаклашда қандай қоидаларга амал қилиш керак?
– Дисплазия бўкса бўғими шаклланишида юзага келадиган нуқсондир. Агар чақалоқда шундай нуқсон бўлса, туғруқ мажмуасидаёқ ортопед кўриги жараёнида аниқланади. Болани йўргаклашда оёқларининг орасини кенг қилиб очиб қўйиш керак. Шунда сон бошчаси чаноқ косачасига тўла кириши таъминланади ва бўғимнинг тўғри шаклланишига имкон яратилади.
Қолаверса, болани ўз вақтида ортопед кўригидан ўтказиш, белгиланган муолажаларни вақтида олиб, касалликни бартараф этиш лозим. Акс ҳолда, нуқсон туфайли бўғимлар нотўғри шаклланиб, кейинчалик жиддий касаллик юзага келиши мумкин.
– Болани бешикка белаш таянч-ҳаракат тизимлари ривожланишига муайян даражада салбий таъсир этади дейишади. Бу борада қандай фикрдасиз?
– Болани бешикка ётқизишдан олдин унинг вужуди сиқиб йўргакланади, қўллари боғланади, оёқлари ҳам бир-бирига жуда яқин қилиб ўралади. Бу нотўғри. Бола вужуди айни ўсиб-ривожланадиган даврда бундай ўраб-чирмаб қўйиш соғлиғига жиддий салбий таъсир қилади. Бундан ташқари, баъзи оналар уй-рўзғор ишлари билан бандлигини рўкач қилиб, болани бешикда узоқ вақт қолдиради. Натижада, жадал ўсадиган даврда бола организми эркин ҳаракат қилишдан мосуво бўлиши, кейинчалик соғлиғига, айниқса, таянч-ҳаракат тизимларининг рисоладагидек ривожланишига таъсир ўтказмай қолмайди. Шу боис, она болани йўргаклашда юқорида айтганимиздек, оёқлар орасини катта очиб, қўлларини бўш қўйиши, гавда бемалол ҳаракатланиши учун шароит яратиши мақсадга мувофиқдир.
– Яссиоёқликни товонни кўтариб турадиган махсус ёстиқчали (спинаторли) оёқ кийим билан бартараф этиш мумкинми?
– Албатта, яссиоёқликда махсус ёстиқчали оёқ кийимлар кийиш энг мақбул чорадир. Умуман олганда, бундай оёқ кийимларни биз барчага тавсия этамиз. Сабаби шуки, инсон юрганда ердан муайян даражада зарба олади. Агар, оёқ тўғри ривожланган бўлса, оёқ панжалари зарбани қайтаради. Акс ҳолда зарба организмга ўтиб бўкса, бел, тизза бўғимларга таъсир этади.
– Диск чуррасини консерватив усулда даволаса бўладими?
– Бўлади. Бунинг учун касалликни эрта босқичда аниқлаш керак. Агар хасталик кеч аниқланса, фақат операция йўли билан даволанади. Ҳозирда бутун дунёда бўлганидек, мамлакатимиз тиббиётида ҳам замонавий эндоскопия усулида, катта кесим кесмасдан кичик кесимлар орқали бартараф этиш йўлга қўйилган. Бундай операциялар нафақат Тошкентда, вилоятларда ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда.
– Суяк чиққанда, синганда баъзилар табибга мурожаат қилади. Айтинг-чи, суяк-бўғим муаммоларини табиблар тўла бартараф эта оладими?
– Бундай ҳолатларга иш тажрибамизда кўп бора дуч келамиз. Аксарият беморлар дастлаб табибга бориб шифо топмагач, тиббиётга мурожаат қилишади. Инсоннинг суяк-бўғимлари шу қадар мураккаб аъзоки, уларда бирор муаммо юзага келса, аввало, уни чуқур тиббий текшириш лозим. Акс ҳолда йўл қўйилган кичик хато ҳам кейинчалик инсоннинг, айниқса, ёш болаларнинг ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, ўзи ва фарзандлари соғлиғига эътиборли ҳар қандай инсон малакали тиббий ёрдамни танлайди.
– Сколиоз касаллиги, уни эрта аниқлаш йўллари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Сколиоз идеопатик касаллик бўлиб, ҳалигача унинг келиб чиқиши сабаби фанга маълум эмас. Бу касаллик 10-16 ёшлар оралиғида намоён бўла бошлайди. Уни эрта аниқлашда ота-онанинг синчковлиги муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ота-она боланинг гавдаси қандай ривожланаётганини доимий кузатиш имконига эга. Агар бола қаддини тик тутиб юрмаса, ўсиш-ривожланишдан ортда қола бошласа, дарҳол уни чуқурлаштирилган тиббий кўрикка, хусусан, ортопед врач кўригига олиб бориш лозим. Тиббиёт муассасаларимизда бу касалликни эрта босқичларда аниқлаш учун барча шароит мавжуд.
Сколиоз қанча эрта аниқланса, шунча самарали даволанади. Кеч босқичларда эса операция қилишга тўғри келади. Операция жараёни ва ундан кейинги реабилитация тадбирлари анча мураккаб бўлиб, бу курсни тўлиқ ўташ бемордан ҳам, унинг ота-онасидан ҳам катта матонат талаб этади. Демак, энг мақбул йўл – касалликни илк босқичларида аниқлашдир.
Акмал ЭРГАШЕВ
суҳбатлашди