КОМПЬЮТЕРДАН ФОЙДАЛАНИШНИ БИЛАМИЗ, ҲИМОЯЛАНИШНИ-ЧИ?
Касб тақозоси туфайли кўпчилик узоқ вақт компьютер олдида ўтиради. Ҳар куни такрорланадиган бундай ҳолатдан кейин бора-бора кўзларда қизариш, оғриқ пайдо бўлиши бор гап. Ана шундай вақтларда кўнгилдан «Махсус кўзойнак тақишим керак эди», деган ўй ўтиши табиий. Хўш, бундай ҳимояланиш воситалари ростдан ҳам фойда берадими? Келинг, шунга ойдинлик киритамиз.
Кактусми ёки арча?
Игнабаргли бу ўсимликнинг тури кўп. Аммо ҳеч қайсиси компьютер нурланишидан ҳимоя қилмайди. Шундай бўлса-да, бир сирни очишимиз мумкин: телевизор ёки компьютер ёнида турган кактус гули тез гуллайди.
Аниқланишича, компьютер қурилмаси ўзидан радиацияли ҳаво тарқатади. Уни бартараф этишда эса арча дарахти ёрдам бериши мумкин. Афсуски, арча дарахтини бино ичкарисига олиб кириш имконсиз. Шу боис бошқа ҳимояланиш усулларига мурожаат қилинган маъқул.
Электростатик нурлар ҳамда чанг зарралари терининг очиқ жойларига тушиши оқибатида турли хилдаги тери касалликлари келиб чиқиши эҳтимоли бор. Баъзан соч тўкилиши, тери қуриши кузатилади.
Оддий, аммо самарали машқлар…
Компьютер нурини «кесувчи» махсус линза ва кўзойнаклар тўлиқ ҳимояни таъминламайди. Улар қисман ёрдам беради, холос.
Компьютерда ишлаш пайтида кўзлар толиқмаслиги учун махсус машқлар бажарилиши керак. Машқ қуйидагича амалга оширилади:
– 3-5 сония давомида кўзлар юмиб, очилади;
– Кўз қорачиғи ўнг, чап, юқори ва пастга қараб ҳаракатлантирилади;
– Нигоҳлар қурилма мониторидан «узилган» ҳолатда бошқа тарафга қаритилади;
– Кўзларда ачишиш сезилгани ҳамон уни юмиб, 3-4 дақиқа дам бериш керак.
Компьютердан кўп фойдаланганда кўзда оғриқ, қизариш, ачишишиш, ёшланиш, пешона соҳасида оғриқ, тез чарчаш, ҳолсизлик кузатилиши «дисплей синдроми» дейилади. Компьютер кўз нурини «ўғирламаслиги» учун:
– монитор билан кўз оралиғидаги масофа 45 сантиметрдан кам бўлмаслиги керак;
– ташқаридан келаётган ёруғлик нури монитор экранига тушиб турмаслиги лозим;
– экран юзасини тез-тез артиб туриш мақсадга мувофиқ. Нега деганда, у ўзида чанг зарраларини йиға олади.
Фарзанд кутаётган аёлга зиёни бор
Биласиз, бўлажак она ўз соғлиғини ниҳоятда эҳтиётлаши керак. Бу даврда замонавий гаджетлар ҳомила ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Ҳатто эски русумдаги компьютер бўладими ёки «notebook»ми – узоқ вақт фойдаланиб бўлмайди. Сабаби, компьютер қурилмаса ўзидан радиацияли ҳаво тарқатади.
Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида компьютерлардан камроқ фойдаланган маъқул. Борди-ю иш зарурати туфайли мажбур бўлинса, албатта, ҳар соатда танаффус қилиш керак.
Тана қотиб қолишининг таъсири
Компьютерда узоқ вақт ишлаш тана қисмларининг бир хил ҳолатда қотиб қолишига олиб келади. Натижада, нафас олишнинг қийинлашиши, елка, бўйин мушаклари ва бош оғриғи, остеохондроз ҳамда қўл кафти бўғимларига салбий таъсири каби ҳолатларнинг олдини олиш учун, аввало, қулай стул ва стол танланишига аҳамият бериш лозим. Гавдани тик тутиш қийин кечса, махсус болишлардан фойдаланса бўлади. Бундай болишлар елкадан хиёл пастроққа жойланиб, гавда текис бўлишига ёрдам беради. Мушаклар «сиқилиши»ни бартараф этишда жисмоний машқлар (ишда ўриндан туриб, хона бўйлаб юриш мумкин ёки зинадан тушиб, чиқиш) тавсия этилади.
Қўллар учун машқ:
– қўлларни 10-15 маротаба силкитинг;
– бармоқларни мушт тугиб, бўшатинг (10-15 марта);
– қўлларни мушт туккан ҳолатда айлантиринг (8-10 марта);
– бир қўл билан иккинчи қўл бармоқларини уқаланг.
Етти муҳим қоида
- Доим бошни тик тутиб ўтиринг.
- Гавда ростланган бўлиши керак.
- Иш жараёнида кўзларни тўғрига қаратинг.
- Мониторга қаралганида кўзлар пастга эмас, балки қурилма баландлигига мос ҳолатда бўлиши керак.
- Кафтлар ва билакларни эркин ҳолатда ушланг.
- Оёқ тагига кичикроқ тахтача қўйиш мумкин.
- Вақти-вақти билан қўлларни юқорига кўтариб бирлаштиринг ва гавдани ўнг, чап тарафга ҳаракатлантиринг.
Нодира ҲАМРОЕВА,
олий тоифали терапевт-шифокор