Балоғат даври – жадал ўсиш палласи

ўсмирлар таомномасига бир назар

Ўсмирлик даври – 10 ёшдан 18 ёшгача бўлган давр ҳисобланади. Бу вақт оралиғида ёшлар организмида жадал ўсиш ва ривожланиш кузатилади.

Ўспирин йигит-қизлар вояга етиш даврида уларнинг организмида жуда катта гормонал ўзгаришлар кузатилади. Шу сабабли ўсмирлар бу палланинг бир неча босқичларидан соғлом ўтишлари учун ўз вақтида сифатли ва тўйимли ҳамда тўғри овқатланишлари зарур.

10-13 ёшда организм тез ўса бошлайди. Суяклар мустаҳкамлиги учун сут ва сут маҳсулотлари – сузма, қатиқ, йогурт ҳамда пишлоқ зарур. Чунки, улар таркибида кальций мўл бўлади. Мушакларнинг ривожланиши ва ўсиши учун яна бу ёшдаги болалар рационига етарли миқдорда ҳайвон ёғлари, гўшт маҳсулотлари, тухум, балиқ қўшиш тавсия қилинади.

14-16 ёшда ўсмир организмидаги гормонал номутаносиблик сабабли юз терисида турли хил тошмалар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун ёғли, қовурилган овқатлардан кўра қайнатилган ва димланган таомлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Яна бу ёшда аччиқ, шўр ҳамда маринадланган маҳсулотлар, шунингдек, турли консерва ҳамда “фаст-фуд”ларга ружу қўймасдан имкони борича табиий маҳсулотлардан тайёрланган таомларни тановул қилиш соғлиқ учун фойдали.

16-18 ёшда ўсмир организми деярли шаклланиб бўлади. Айнан шу даврда қизлар билиб-билмай парҳез қилиши, гўштсиз овқатга қизиқиб, калориясиз таомлар тановул қилишга ҳаракат қилади. Ваҳоланки, бу билан уларнинг соғлиғига катта зарар етиши мумкин.

 

Нотўғри овқатланиш ва унинг асоратлари

Бундай овқатланиш қуйидаги асоратларни келтириб чиқариши мумкин:

– паканалик;

– кўриш қобилиятининг пасайиши;

– тез-тез бош айланиши;

– тез чарчаш;

– иммун тизимининг сусайиши;

– тишларнинг касалланиши;

– бўғимлардаги ўзгаришлар;

– суяклар мўртлиги ва уларнинг синиши;

– юз терисининг касалланиши (ёғли себорея, ҳуснбузар тошиши);

– қизларда ҳайз циклининг ўзгариши.

Ўсмирлик даврининг барча босқичида шифокор маслаҳатига биноан поливитаминли дори воситаларини ичиш зарур.

Бу ёшдаги йигит-қизлар ширин газли ичимликлар, гамбургерлар, пицца, чипс ва бошқа шунга ўхшаш маҳсулотларни кўп истеъмол қилиб, организмга фойдали бўлган мева-сабзавот ва дуккакли, ёрма дон маҳсулотларидан тайёрланадиган овқатларни кам истеъмол қиладилар. Бу пайтда овқатланиш тартиби албатта тўрт маҳал бўлиши зарур.

Нонушта ўсмирларга куч-қувват бериб, у турли дон маҳсулотларидан сутли овқат, қуймоқ ва бошқалардан тайёрланиши керак.

Яна ўқинг:  Тошкентда 2017 йилда 102 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади

Тушлик кунлик таомнома меъёрининг 35-40 фоизи ва нонушта ҳамда кечки овқатнинг 25 фоизини ташкил қилиши зарур.

Эрталаб фақат катталар кофе ичишлари мумкин. Уни озгина овқат билан чеклаш мумкин эмас.

Тўлиқ сифатли тушлик – биринчи овқатга шўрва ёки қайнатма бериш ҳисобланади. Иккинчи овқатга сабзавотли гарнир, гўштли, балиқли овқат ҳамда десерт сифатида мева ва қуритилган мевалар киритилади.

Тушлик билан кечки овқат оралиғидаги таом (толма чой) йўқотилган энергиянинг ўрнини тўлдиради. Бу пайтда сут, нон, ҳар хил ширин кулчалар истеъмол қилиш ўсмир организми учун жуда фойдали.

Кечки овқат иложи борича енгил ҳазм бўладиган озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат бўлиши керак. Печенье, торт, ширинликлар ва шоколадда жуда кўп шакар бўлгани учун уларни камроқ, гоҳ-гоҳида истеъмол қилиш зарур.

 

Ўсмирлар овқатланиш рационида нималарга эътибор бериш керак?

Нон ва донли ҳамда дуккакли, унли маҳсулотлар 40 фоиз, шунингдек, мева-сабзавот, кўкатлар 30 фоизни ташкил этиши керак. Гўшт, парранда, балиқ, тухум 12,5 фоиз, шунингдек, сут ва сут маҳсулотлари 12,5 фоизгача, ёғ, шакар, тузламалар 5 фоиз бўлишига эътибор бериш лозим.

 

Овқатланишда меъёрни билиш зарур

Телевизор кўриб ёки компьютерда ишлаб, овқатланиш, айниқса, ёш организм учун ҳамда кўзга зарар. Шу сабабли диққатни чалғитмасдан ва секин овқатланиш зарур. Бу миянинг ўз вақтида меъда тўлганлиги тўғрисида ахборот олиши учун керак. Ўз вақтида овқатланмаслик, очлик ҳисси туфайли кейин ҳам кўпроқ миқдорда овқатланишга сабаб бўлади. Егулик ҳажмига албатта эътибор бериш шарт.

Маслаҳатлар:

Соғлом овқатланишда қуйидаги тавсияларга амал қилинг:

– “фас-фуд” каби тез тайёрланадиган маҳсулотларни истеъмол қилманг;

– 1 дона “гамбургер”, қовурилган картошка, ширин ичимликлар таркибидаги ёғ, шакар организмнинг бир кунлик энергия талабини қондиради. Шу сабабли уларни кам тановул қилинг;

– овқатланиш оралиғида мева ҳамда сабзавотларни хом ҳолида кўпроқ енг. Яхшиси сархил ва ҳўл ҳамда қуруқ мевалар, қотган нонни тановул этишни унутманг,

– картошкали чипс ёки печенье, ширинликларни кам истеъмол қилинг.

 

Азиза ШИРИНОВА,

Саломатлик ва тиббий стастика институти Ташкилий-услубий бўлими мудири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: