Кўкрак бези саратони: унинг олдини қандай олиш мумкин?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра хавфли ўсма хасталиклари билан касалланиш кўрсаткичлари йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Жумладан, Европада ҳар йили саратон касаллиги 3,5 миллион нафарга яқин инсонда аниқланиб, шундан 1 миллион нафардан ортиқ киши ҳаётдан кўз юммоқда. Бу кўрсаткич ишлаб чиқариши ривожланган ва экологик муҳити носоғлом бўлган давлатларда юқорилигини кузатиш мумкин.
Мамлакатимизда саратон билан касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари барқарор сақланмоқда. Кейинги йилларда республикамиз тиббиёт тизимида ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилаётганлиги, юқори самарали ташхислаш ва даволаш усулларининг татбиқ этилиши, бирламчи профилактика ва скрининг текширувларининг қўлланилиши натижасида касалликнинг эрта босқичларида аниқланаётган беморлар сони ортиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра охирги беш йилликда беморларнинг яшаб кетиш эҳтимоли кўрсаткичлари аввалги 30-35 фоиздан, 45-55фоизгача ошганлиги кузатилмоқда.
Статистикага кўра жаҳонда ҳар ўн нафар аёлдан бирига кўкрак саратони хасталиги хавф солиши мумкин. Касалликни даволашнинг ҳануз мураккаблиги ва вақт ўтказиб юборилганида имкониятсизлиги туфайли ҳам у ҳалигача бедаво дард сифатида қабул қилинади. Бироқ, хасталикни илк давридаёқ аниқлаш, уни 95 фоиз ҳолларда тўлиқ даволашни кафолатлайди.
Саратон касаллиги тўсатдан пайдо бўлмайди. Умуман ҳар бир касалликда бўлганидек, саратонда ҳам бошланиш ва ривожланиш жараёни мавжуд. Ушбу хасталикнинг хусусиятларидан бири шуки, тўқимада ўсимта ҳосил бўлиб, ривожлангандан кейингина касаллик белгилари юзага чиқади ва танадаги ўсимта ўсаётган аъзонинг фаолияти кескин бузилади. Касаллик бошланаётганда у тананинг қайси қисмида ривожланаётганидан қатъий назар, қаттиқ оғриқ бермайди. Баъзи ҳолларда бемор оғриқни сезмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам хаста киши шифокорга кеч мурожаат қилади. Барибир ҳар қандай шароитда организмда бирон ўзгариш кузатилса, дарҳол шифокорга учрашиш лозим. Шундагина саратон касаллигининг олдини олиш ва агар у бошланган бўлса, эрта даволаш мумкин.
Онкологик касалликлар тўғрисида гап борганда ҳар биримиз тушкунликка тушиб қоламиз. Гўёки, бу дарднинг давоси йўқдек. Бу, албатта, нотўғри фикр. Аввало касал бўлмай туриб, унинг олдини олган афзал деганларидек, вақтида (бир йилда икки маротаба) чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшаш мақсадга мувофиқдир.
Ҳозирда сут бези саратони аёлларда учрайдиган касалликлар орасида биринчи ўринда туради. Унинг келиб чиқишида бир неча асосий омиллар мавжуд бўлиб, жумладан, бачадон ва тухумдонлар яллиғланиши, бўқоқ касаллиги, жигар хасталиклари, носоғлом турмуш тарзи (ичиш, чекиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, камҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш каби) сабаб бўлади. Бу ҳайз жараёнларининг бузилиши, кўп аборт қилдириш, жинсий фаолиятнинг издан чиқиши, қаттиқ сиқилиш ҳамда стресга тушиш ҳолатларидир.
Сут бези саратонининг асосий белгиси кўкракда тугун пайдо бўлади. Бу тугун қаттиқ бўлиб, унинг ҳажми кичкина нўхатдан катта тухум шаклигача бўлади.
Кўпинча бу ҳосила сўрғич билан боғлиқ ва терига ўсиб кирган бўлади. Айрим ҳолларда бемор кўкраги сўрғичларидан қонли ажралмалар келади. Хасталикнинг илк белгиларидан яна бири қўлтиқ ости лимфа тугунлари катталашади. Башарти аёлларимиз ўзларида шу белгилар борлигини пайқаб қолсалар, зудлик билан мутахассис маммолог ҳузурига шошилишлари ва дарҳол текширувлардан ўтишлари шарт.
Йигирма беш ёшдаги аёлларнинг йилда бир маротаба УТТ текширувидан, қирқ ёшдан кейин эса йилда икки марта маммография текширувидан ўтиб туришлари тавсия этилади.
Маммография – кўкрак саратонининг эрта босқичда аниқлашнинг энг самарали усули ҳисобланади. Бунда кўкрак безида ҳосил бўлган кичик ўзгаришлар, шу жумладан, ўсмаларни ҳам кўриш мумкин. Касалликни эрта аниқлаш аёл ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради.
Хасталикнинг олдини олишда нималарга эътибор бериш лозим?
Аёл киши ўзида бирор бир нохушлик сезса, дарҳол маммолог шифокорига мурожаат қилиши шарт. Тиббий чуқурлаштирилган кўрикдан вақтида ўтиш, тўғри овқатланиш тартибига риоя қилиш, овқат рационида саримсоқпиёз, булғор қалампири, кўкатлар ҳамма вақт бўлишини таъминлаш ва спорт билан мунтазам равишда шуғулланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Азиз аёллар! Ҳаётдаги нохуш ҳодисалардан ўзингизни асранг. Феъл-атвори сизга маъқул бўлмаган инсонлар билан мулоқотда бўлишдан узоқлашинг. Ҳамиша чеҳрангиз очиқ бўлсин. Аввало ўзингизни севишга, қадрлашга ўрганинг.
Махсума ИБРАГИМОВА, Саломатлик ва тиббий статистика институти «Оммавий ахборот» бўлими услубчи-шифокори