Орамиздаги Юлдуз

(Очерк)

Акбаробод қишлоғига бутун сепини ёйиб баҳор келди. Ариқларнинг бўйида ҳулволар ниш кўрсатиб, хушбўй ифорини рўйи заминга соча бошлади. Дову дарахтлар баҳор офтобининг тафтидан яшил қабосини эгнига илди. Ариқларда чулдираб сувлар қўшиқ куйлашга тушди.

Юлдузга буларнинг бари хуш ёқса-да, хаёли эртага адабиёт фанидан ёзиладиган эркин мавзудаги иншода эди. Мактабларнинг битирувчи синфларида «Ким бўлсам экан?» мавзусида иншо ёзиш анчадан буён урфда эди. Ўрта мактабни тугатаётган йигит-қизларнинг орзулари анчайин ўзгарувчан бўлади. Ўтган галги иншода Юлдуз: «Келажакда ўқитувчи бўламан», деб ёзганди. Бунга сабаб бор эди. Инглиз тилидан сабоқ берадиган домласи дарсни қо­йиллатиб ўтарди. Баъзан Валиев домла Юлдузга дарс ўтиб туришни тайинлаб, ўз юмушларини бажариш билан андармон бўларди. Бу масъулиятли ишни у бинойидек бажарарди. Бироқ ҳавас қилиб юрган устози бир воқеа содир бўлдию, мактабни тарк этди. Кейин уни она тили ва адабиёт фанлари ўқитувчиси Тешабоевнинг жонли сабоқлари ўзига торта бошлади. Ўқувчиларнинг зўр дарс берадиган устозлари фанига қизиқиши ортиши оддий ҳол-да.
Юлдуз табиатан босиқ, камгап, бироқ дарсларни пишиқ-пухта ўзлаштирарди. Бу галги иншога тайёргарлик кўраётганда шифокор бўлгиси келиб қолди. Онаси Хадичахонга маслаҳат солганида:

– Касб танлашда адашишга ҳаққинг йўқ. Чунки у бир умр сенинг ҳамроҳинг бўлади. Ўзинг яхши кўрмаган касбда ишлаш бамисоли севмаган кишинг билан яшашдек гап. Янаям ўзинг биласан. Кўпни кўрган Турдали тоғанг билан маслаҳатлаш, – деди.

Қари билганни пари билмайди, деган гап ҳақрост. Турдали тоғаси катта амалларда ишлаган; жиянларини еру кўкка ишонмасди. Айни паллада қишлоқ кенгашида раис бўлиб ишлаётган тоғаси Юлдузни қучоқ очиб кутиб олди. Уй ичини, ота-онасини ижикилаб сўради. Сўнгра жияни бежиз ташриф буюрмаганини сезиб, савол назари билан унга қаради.
– Тоға, хабарингиз бор. Бу йил мактабни битираяпман. 10-синфгача ўқитувчи бўлишни орзулагандим. Энди ишқим шифокорликка тушиб турибди. – Юлдуз нима деркин, дея тоғасининг оғзига қаради.
Шифокорлик – шарафли касб. Танловинг­ни қўллаб-қувватлайман. Бироқ имтиҳонларга қаттиқ тайёрланишинг керак. Ўтиш балли тиббиёт институтларида анча юқори бўлади, – деди тоғаси. Юлдузнинг елкасидан тоғ ағдарилгандек енгил тортди. Тоғасининг юзидан «чўлп» этиб ўпди-да, енгил қадамлар билан ташқарига отилди.
Атрофда баҳор нозанин келинчак мисоли ҳусну тароватини кўз-кўз қилганча айқириб ётарди. Табиатдаги гўзаллик унинг кайфиятига ҳам кўчди. Уйга хурсанд ҳолда кириб келди. Онасига барча гапни тўкиб солди. Сўнгра иншога тайёргарлик кўра бошлади. Ёзма ишни қисқа, лекин фактларга бой ҳолда ёзди. Эртаси куни адабиёт ўқитувчиси Тешабоев баҳоларни эшиттираркан: «Юлдуз, баҳонг «5». Аслида сен адабиёт ўқитувчиси бўлишинг керак эди. Нега айниб қолдинг, билмадим», деди. Юлдуз орзуларини синфдошлари ва устозига баралла очиқлади.
Қизгина ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатди. Аттестатида фақат география ва меҳнатдан «4» баҳо бор эди. У бир нарсага сира тушунмасди: географиядан дарс берадиган ўқитувчиси девордармиён қўшниси бўлса, нега баҳосини паст қўйди? Арпасини хом ўрмаган бўлса. У зиёлилар орасида ҳам ҳасадгўйлар учрашини ақлига сиғдира олмасди. Бироқ кайфиятини туширмади. Ахир, у баҳо учун ўқимаётганини билар эди-да.
Аттестатни қўлга олдию, Фарғонанинг Қувасидаги қишлоғидан пойтахтга учди. Ҳужжатларини Тошкент давлат педиатрия институтининг Педиатрия факультетига топширди. Катта оилада ўсгани учун ҳам болалар шифокори бўлишни танлаганди. Иншодан «4/5» баҳо олди. Ижодий ишнинг имлосига «4», мазмунига «5» баҳо қўйилганди. Қолган фанлар — кимё, биология ва физика фанларининг барчасидан «4» баҳо олди. Мандатдан муваффақиятли ўтгач, қадрдон қишлоғи Акбарободга қафасдан бўшалган озод қуш мисоли парвоз қилди. Бўлажак шифокорни отаси Маматқул ака, аяси Хадича опа, тоғаси Турдали ака, туғишганлари хурсандчилик билан кутиб олдилар.
Юлдуз тиришқоқ талаба эди. Фанларни «яхши» ва «аъло» баҳоларга ўзлаштира бошлади. Учинчи курсга борганда муаммо пайдо бўлди. Барча дарслар рус тилида ўтила бошланди. Мактабда рус тили ўқитувчилари етишмасди. Тил билишдаги қийинчиликлар баҳоларига таъсир қилди. Шундай бўлса-да, бўш келмади. Катта-катта матнларни ёд олиб, имтиҳонга кирадиган бўлди. Баъзан ўйлари чувалиб хаёл сурадиган бўлди. «Буюк бобомиз Абу Али ибн Сино медицина фанига асос солган бўлсаю, биз ажнабий тилда тиббиёт асосларини ўрганиб юрсак». Ўша пайтлари имтиҳон дафтарчасига «3» баҳо тушса, стипендия берилмасди. Бир фандан «3» баҳо олиб қолса бўладими? Аслида мавзунинг моҳиятини биларди, лекин рус тилида яйраб-сайраб айтиб беролмади. Стипендия варақасидан ўз фамилияси тушиб қолганини кўрган Юлдуз курс сардори Қаҳрамон Баротовнинг гирибонидан олди.

– Бизнинг оилада 6 фарзанд вояга етаяпти. Мен стипендия олишим керак. Ота-онамга юк бўлишни истамайман! – деди жаҳл билан у.
Масала касаба уюшма қўмитасигача етиб борди. Адолат тикланди. Кўп фарзандли оила вакиласи сифатда Юлдузга стипендия бериладиган бўлди. Чунки Тошкент шаҳрида яшаётган бир-иккита «3» баҳо олган курсдошларига таниш-билишчилик қилиб стипендия ёзилган эди-да. Курсдошларнинг барчаси ҳайрон. Юввошгина Юлдузда шундай шижоат қаердан пайдо бўлди? Пахта терими даврида у курсдошлари даврасида Машрабнинг «Ўртар» ғазалини қўшиқ қилиб айтиб, тилга тушганди. «Ўтган кунлар» романидаги Кумушбиби унинг севимли қаҳрамонларидан саналарди. Андиша қилиб юраверса, стипендиядан қуруқ қолишини билиб ҳаракатга келди.

1978 йилда институтни битириб, интернатурани ўташ учун Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрига йўл олди. Икки йилдан кейин она қишлоғи Акбарободга қайтди. Бу ерда юқумли касалликлар шифохонасида врач бўлиб ишлай бошлади. Шифокорликнинг нони қаттиқлигини ана шунда ҳис этди. Кечагидек эсида: шифохонага дифтерия хасталиги билан 24 ёшар бемор олиб келинди. Аҳволи ниҳоятда оғир эди. Юлдуз эрталабгача ухламай беморнинг бошида парвона бўлди: уколлар қилди, сунъий нафас олдирди. Беморнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ўша пайтлари касалларга айрим юқумли касалликлар ташхисини қўйиш тақиқланганди. Чунки шўролар салтанати бизда бу хасталиклар аллақачон тугаб кетган, дея бутун дунёга жар солиб қўйган эди-да.
Эр қаерда бўлса, хотин шу ерда. 1989 йилда Усмоновлар оиласи Сирдарё вилоятига кўчиб келди. Юлдузхон Зарбдор ва Дўстлик ҚВПларида ишлади. Орада фарзандлар дунёга келди. Ажойиб кунларнинг бирида «Соғлом авлод учун» Халқаро хайрия фонди Сирдарё вилояти филиали директори Гулнора Болтабоева уни ишга чорлаб қолди.
– Бир муддат маошсиз ишлаб турасиз. Кейин барчаси изга тушиб кетади, – деди Гулнора Шодмоновна.

Мана шу «бироз» саккиз ойга чўзилди. Сабр таги сариқ олтин, деган куйи филиалда бош мутахассис бўлиб ишлаб юраверди. 2010 йилда Юлдуз Усмонова «Соғлом авлод учун» Халқаро хайрия фонди Сирдарё вилояти филиали директорлигига тайинланди. Лавозим маошсиз, жамоатчилик асосига қурилган эди. Раҳбарликни тиббий-ижтимоий потранаж бригадаси педатри вазифаси билан қўшиб олиб борди. Филиалнинг асосий вазифаси 18 ёшгача бўлган болаларни (Халқаро ҳужжатларда 18 ёшгача бўлганлар бола саналади) тиббий кўрикдан ўтказиш билан шуғулланишдан иборат. Юрак туғма ҳамда лаб-танглай нуқсонли, ортопедик хасталикларга чалинган болаларни аниқлаб, уларга текин жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун йўлланмалар беради. Бундай беморлар Германия, Жанубий Корея, Ҳиндистон давлатлари ҳамда мамлакатимиздаги «Эзгу ният» клиникаларда фонд маблағлари ҳисобидан операция қилинади.

Юлдуз Усмоновани бемор болаларнинг ота-оналари энг яқин хешларини сийлагандек ҳурмат қилишади. Чунки фонд филиалининг саъй-ҳаракатлари билан уларнинг зурриёдлари бирин-кетин соғлом ҳаётга қайтишмоқда. Биргина мисол, Боёвут туманидаги Турсунбой Латипов хўжалигида умргузаронлик қилаётган Муртазоевларнинг 4 ёшар фарзанди Шерзод юрак туғма нуқсони билан дунёга келган. Отаси Россияда оиласини боқиш учун меҳнат муҳожири сифатда ишлаб юрган. Филиал уни операция қилдириш учун Жанубий Кореяга йўллади. Бироқ маҳалланинг айрим оғзига кучи етмаган кишилари оила бекаси Ноилахонга маломатлар ёғдиришди. «Чўнтагида ҳемириси йўғу, том бошида қўш тандир. Хорижда боласини даволатишга қаердан пул топди, экан», деб. Ана шунда Юлдуз Усмонова бу хайрли ишни «Соғлом авлод учун» Халқаро хайрия фонди ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширганини очиқлаб, маломатчи кимсаларнинг оғзига қулф солиб қўйди. Биргина 2019 йилда вилоятимиздаги 11 нафар туғма нуқсонли болалар фонд маблағлари ҳисобидан операция қилиниб, касалликларидан бутунлай фориғ бўлдилар.

– 2015 йилда бемор болаларни кузатиб Германияга бордим. Ушбу мамлакатда шифокорларга бўлган муносабатни кўриб, лол қолдим. Каминани Ўзбекистондан келган шифокор, дея таништиришганда, олмония­лик ҳамкасбларим ҳурмат юзасидан қўлларимдан ўпиб қўйишди. Бу ердаги клиникаларда нав­бат, ур-йиқитни кўрмайсиз. «Ақлли тиббиёт» аллақачон йўлга қўйилган. Пациентлар навбати қачон келишини бир неча кун олдин билишади. Худди шу вақтни мўлжалга олиб келишади. Президентимиз раҳнамолигида бизда ҳам «Ақлли тиббиёт»ни йўлга қўйиш бўйича кенг ислоҳотлар олиб борилаётганлиги кишини қувонтиради, – дейди Юлдуз Усмонова.

2020 йил дунё аҳолиси учун синов йили бўлди. Пандемия туфайли филиалнинг ишлари янада тиғизлашди. Ходимлар ҳар куни 100-150 чақирим йўл босиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди, дори-дармон тарқатиш билан шуғулланди. Сардоба фожиаси жабрдийдалари саломатлигини тиклаш учун «Лукойл» компанияси 100 миллион сўм маблағ иона қилди. Бошқа бир қатор ҳотамтой фирмалар ҳам мазкур йўналишга 140 миллион сўм пул тикди. Омонатни эгаларига беками кўст етказиш учун филиал ходимлари кунни тунга улаб астойдил ҳаракат қилдилар.

Юлдуз Усмонованинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. 2013 йилда у II даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳибасига айланди. Қаҳрамонимиз ўшанда олий мукофотни Бош вазир, ҳозирги Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг шахсан ўз қўлларидан олган эди. Бундан ташқари, Усмонова кўксини бир неча Мустақиллик юбилей эсдалик медаллари безаб турибди. Ўтган йили у «Мўътабар аёл» кўкрак нишонига лойиқ кўрилди.

– Жойларга борганимизда мени Юлдуз Усмонова деб таништирганларида кўпчилик бир қалқиб тушади. Чунки улар оинаи жаҳонда ўзбек эстрадасининг примадоннаси Юлдузхоним қўшиқларини эшитавериб, қулоқларига қуйилиб қолган. Бироқ мен машҳур хонандамиздан анча олдин туғилганман. Нилуфар деган қизим ҳам бор. У ҳам Нилуфар Усмоновадан анча катта. Исм фамилиянинг мос келиши бир тасодиф. Бироқ ҳар бир киши ўзи эгаллаган касбнинг юлдузи бўлмаса-да, моҳир устаси бўлиши керак, – дейди қаҳрамонимиз.
Замонамиз қаҳрамонлари ўзга сайёралардан оёғини узатиб тушмайди. Улар орамизда яшайдилар. Юлдуз Усмоновани ҳеч иккиланмай ана шундай орамиздаги юлдузлар сирасига қўшиш мумкин.

Яна ўқинг:  Yurtim

Муҳаммадали АҲМАД

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: