УМРНИНГ ҚИЙМАТИ

Раъно опа телефон гўшагини олиб, кўнгилга яқин, ёд бўлиб кетган рақамларни терди. Оралиқда узун чақирув. Нариги томондан жавоб бўлавермагач, “Мунча ҳаяллади экан, тинчмикан ишқилиб?”, дея ўйлади.

Бироздан сўнг жавоб бўлди:

– Лаббай, эшитаман!

– Тўлқинжон, болам! Омонмисан? Ишларинг яхшими?

– Шукр онажон, ҳаммаси жойида. Ўзингиз яхшимисиз? Дадам, укам, жиянлар соғ-омонмилар.

– Яхши. Шукр. Қачон келасиз?

– Насиб этса, эрта-индин ўтармиз.

– Майли, тинч бўлсанг, бўлгани. Ўзингни эҳтиёт қил. Омон бўл!

– Хўп бўлади, ойижон. Сиз ҳам ўзингизни асранг.

Раъно опа гўшакни қўяркан, сўнгги пайтларда ўғлига аввалгидек тез-тез қўнғироқ қилмай қўйганини пайқади. У бу ҳақда ўйларкан, “Ҳаётнинг синови қизиқ-да, она фарзанди атрофида минг айланиб, минг ўргилиб, уни турли балою қазолардан кўз қорачиғидек асраб-авайламасин, қисматнинг битган ёзиғи олдида ихтиёрсиз, чорасиз қолар экан”, дея кўнглидан ўтказди. Афсуски, бир умрга хотирасида муҳрланиб қолган ўша машъум кун кўз ўнгида гавдаланди…

…Тўй куни. Меҳмонларнинг келди-кеттиси узилмайди. Раънохон синглисининг никоҳ тўйида бош-қош. Ҳали сарполарни тахлаган, ҳали меҳмонларни кутиб олган. Юмушлардан ортган она кўнглида қандайдир ҳадик билан маҳалла-кўйни тўлдириб, “қий-чув” солган болалар орасидан фарзанди – Тўлқинжонни излай бошлади. Ўз дунёси билан ака-опаларининг ўйинини бир четда беозоргина кузатиб ўтирган боласини кўриб, кўнглидаги хавотири бироз аригандек бўлди. Орадан кўп вақт ўтмай, тўйхонада “Кўчада ўйнаб юрган болалардан бири йиқилиб тушибди”, “Боши билан ерга урилибди”, деган шумхабар тарқалди. Ўша бола уч ёшли Тўлқинжон эди.

Фарзандининг аҳволини кўриб, она ўзини йўқотиб қўймади. Мушкул бўлса-да, кўнглини чўктирмасликка ҳаракат қилди. Шифокорлар “Кучли зарбдан боланинг бош қисмида ўсимта пайдо бўлиб, кўзга қараб ўсиб бораяпти. Зудлик билан операция қилиш керак”, деганда ҳам иродасини букмади. У боласининг ҳаёти учун ҳам кучли бўлмоғи лозимлигини биларди.

Аччиқ қисмат жажжи Тўлқинжоннинг мунчоқдек кўзларидан ёруғ дунёни кўришдек бахтни юлиб олди. Онаизор дилбандининг қўлларидан тутганча уни ҳаётга, яшашга етаклади. Яратган нуридийдасига ҳам атаб қўйган бахти борлигини дилдан ҳис этарди…

…Кўзи ожизлар мактаб интернатини муваффақиятли тамомлаган Тўлқинжон Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институти (собиқ Тошкент давлат маданият институти)нинг Халқ мусиқаси факультетида таҳсил олди. Мумтоз наволарни дилдан ўрганди, ўз устида ишлаб, маҳоратини оширди. Олийгоҳда ўқиб юрган йиллари устози Оролмирза Сафаровнинг назарига тушиб, у кишидан профессионал куй ижроси борасида йўл-йўриқ ва кўрсатмалар олди. Тўлқинжон шу ҳақда ўйларкан, мактаб-интернатида мусиқа йўналишида – Рихсивой ака Зокиров, Николай Бондеревларнинг “Қўлларингни мана бундай тут. Торни қаттиқ ушлама, ҳаракатда шошмагин, фикрингни бир ерга жамласанг, куй равон ва тиниқ чиқади”, деган ўгитларини эслайди. Шунда у ўз касбига фидойи устозларининг умри, унинг сиймосида яшаётганини ҳис этди.

Яна ўқинг:  Малҳамнинг аълоси алоэ

Қаҳрамонимиз ўз умрининг мазмунини шогирдлари сиймосида, ижодида ва қўлга киритган ютуқларида кўргиси келди. Олийгоҳни тамомлагач, устозлик йўлини танлади.

Тақдир ҳеч бир инсоннинг қисматига “бахтсиз” дея битиб қўймайди. Унга ўзининг атаб қўйган иноятлари ҳам бор. Аммо “бахт қасри”ни кишининг ўзи бунёд этади. Тўлқинжондаги кучли зеҳн, ўткир қобилият, мустаҳкам ирода ва яхшиликка интилувчанлик ана шу туҳфалардандир. У ўз бахтини меҳрибон ота-онаси, ёру биродарларида кўради. Сабоқ бериб келаётган ўқувчилари орасида истеъдодлилари талайгина. Айниқса Тўлқин аканинг 5-синфда таҳсил олаётган Умиджон деган ўқувчисидан умиди катта. Яна унинг бахти “Ассалому алайкум, дадаси, яхши келдингизми”, деган ҳаётбахш сўзларда деб билади.

Шаҳноза гулдек ҳунари билан мактаб-интернатида фаолият юритаётган кезлари Тўлқинжон ҳам ўқувчиларга сабоқ берарди. Танишув, дилдан суҳбатлар кўнгилларни бир-бирига боғлади. Узоқ-яқинларнинг таъна дашномларига Гулнора опанинг “Умр йўлларингизни ўзингиз белгилайсиз. Қизим бу хонадонга кўз ёшинг оқиб келмаса бўлгани”, дея берган оқ фотиҳаси нуқта қўйди. Тўрт ўғилнинг соғлом ва дуркун бўлиб камол топиши, қурилган оиланинг пойдевори мустаҳкам эканидан далолатдир.

Тўлқинжон дунёни кенг кўнглига жо эта олди. Тақдир уни оилада ота, турмуш ўртоқ сифатида ўз вазифа ва бурчини сидқидилдан адо этиш имконини берди. Бобоси Аброр ота ўргатиб кетган пайвандлаш, симларни улаш, маиший техника жиҳозларини созлаш каби йигит киши қиладиган ҳунари билан рўзғорининг каму кўстини бутлаб турибди. Фарзандлари олдида ожиз қолмасдан ота сифатида уларга ўргатадиган ҳунари бор. Тўлқинжон бу ҳақда ўйлар экан, ота-онасининг ҳаётида тутган ўрнини нечоғлик муҳим ва қадрли бўлганини англайди. Ёдида, болалигида онасига “Мени шифокорга олиб борсангиз, эҳтимол даволашар”, деганида онаизори уни бағрига босиб, “Болам, сен иродали ва кучлисан. Ҳаётда кўзлари кўрмай туриб, кўплаб эзгу ишларни амалга оширган буюк инсонлар ўтган. Сен тақдир синовларига бўйин эгмасдан уларнинг йўлини танла”, деган ўгитлари қулоғининг остида ҳали-ҳануз жаранглайди.

Умрнинг чинакам мазмуни ҳаётда кимгадир кераклигингни ҳис қилиб яшашдадир. Тўлқинжоннинг бахти меҳрибон ота-онаси, садоқатли аёли Шаҳнозахон, Иброҳим, Исмоил, Ҳасан-Ҳусан ўғиллари, ука-сингиллари, истеъдодли шогирдларининг қуршовида эканлигидадир. Яқинда ўғли Исмоилжон ушу спорт тури бўйича чемпионлик медалини олиб келганида қувончи дунёларга сиғмади. Ўтаётган умрига ачинмади. Демакки, унинг ҳаёти давом этади…

Яна ўқинг:  Абитуриентларнинг вазифалари, мажбуриятлари ва ҳуқуқлари

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: