ТУҒУРУҚДАН КЕЙИНГИ ДЕПРЕССИЯ: САБАБ ВА ОҚИБАТЛАРИ

Маълумки, яқинда фарзандли бўлган аёлларда турли психологик жараён кечади. Ушбу ҳолатда қандай йўл тутган маъқул? Шундан келиб чиққан ҳолда туғуруқдан кейинги депрессия, унинг олдини олиш йўллари ва оқибатлари ҳақида маълумот бериб ўтсак.

Мутахассисларнинг фикрича, деярли ҳар бир она туғуруқ жараёнида қайсидир даражада стресс ҳолатини бошдан кечиради. Бу эса, ундан кейинги депрессияга олиб келиши мумкин. Бунинг асосий сабаблари қуйидагилар:

• Стрессга наслий мойиллик;
• Ҳомиладорлик ва туғуруқнинг оғир кечиши;
• Туғуруқдан кейин аёл организмидаги гормонал ўзгаришлар;
• Психологик жиҳатдан аёлнинг она бўлишга тайёр эмаслиги;
• Боланинг нуқсон билан туғилиши;
• Ижтимоий муҳит таъсири.

Яқинда фарзанд кўрган келинлар бўлса, уларнинг нафақат жисмоний ҳолати, балки кайфиятига ҳам эътиборли бўлиш лозим. Оддий тушкунлик бора-бора депрессияга элтиши ҳеч гап эмас. Онанинг руҳий ҳолати оила аъзолари билан суҳбатлашса ойдинлашади. Масалан, қуйидаги аломатлар аёлда туғуруқдан кейинги депрессия юзага келганидан далолат беради:

• Онанинг доимий ёлғизлик ва толиқишдан шикоят қилиши;
• Йиғлоқилик, тез хафа бўлиш, кайфиятнинг тушкунлиги ва уйқусизлик;
• Диққатни бир жойга тўплай олмаслик;
• Жаҳлдорлик, жиззакилик;
• Тез-тез низоли вазиятларни юзага келтириш;
• Онанинг ўз соғлиғи ва бола келажаги ҳақида хавотирли ўй-хаёлларга бориши;
• Атрофда юз бераётган ҳодисаларга бефарқлик;
• Болага нисбатан бефарқ бўлиш;
• Юракнинг тез уриши (тахикардия);
• Доимий бош оғриғи;
• Иштаҳанинг йўқолиши.

Туғуруқдан кейинги депрессиянинг ривожланиши она ва бола ўртасидаги боғланиш тизимининг шаклланиш даврига тўғри келади. Натижада онадаги руҳий ўзгариш чақалоққа ҳам таъсир этади. Айрим аёллардаги эътиборсизлик шу даражага етиб борадики, ҳатто фарзандига нисбатан ҳам бефарқ қарайди. Бундай аёллар болани парвариш қилиш, эмизиш, ҳатто қўлига олишни ҳам хоҳламайди. Бу эса она меҳри ва ғамхўрлигидан бебаҳра қолаётган боланинг ҳар томонлама ривожланишига салбий таъсир этади.

Буларга ижобий ечим топишда шифокорларнинг ўрни катта. Улар фарзандли бўлган аёлда депрессия ҳолатини пайқаса, дарҳол оила аъзоларини бундан огоҳлантириши, хавфли асоратлари ҳақида тушунтириш бериши лозим. Шунингдек, аёлни руҳий зўриқишдан олиб чиқиш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатиш ҳам шифокордан масъулият талаб қилади. Айниқса, она иродасини кучайтириш, яқинларнинг қўллаб-қувватловчи муносабати депрессияни мустақил енгиб ўтишига кўмаклашади. Шу билан бирга, қуйидаги тавсияларга амал қилиш муҳим:

• Аёл унинг ҳаётида бошқалар орзу қиладиган энг бахтли ҳодиса рўй берганини ўзига доим эслатиб туриши керак. Бола онанинг меҳрига муҳтожлиги, унинг ҳаёти учун она жавобгарлигини унутмаслиги лозим. Болани тез-тез қўлга олиб, меҳр кўрсатиш, бағрига босиш она ва бола учун жуда зарур;
• Аёл киши ҳис этаётган ички кечинмалар ҳақида уни тушуна оладиган, илиқ муносабатлар шаклланган яқин инсони билан суҳбатлашиш, дардлашиш депрессив ҳолатнинг пасайишига ёрдам беради;
• Бола билан тоза ҳавода сайр қилиш нафақат гўдак, балки она учун ҳам фойдали;
• Аёл киши имконият даражасида дам олишга ҳаракат қилиши керак.
• Ташқи кўринишига аҳамият қаратиши, ўзини парвариш қилиши, сифатли ва рационал озиқланиши лозим.

Айрим ҳолатларда онадаги руҳий танглик ўта кучли бўлиб, у мутахассис ёрдамисиз депрессиядан чиқиб кета олмайди. Бундай вазиятда, албатта, психолог ёрдамидан фойдаланиш кераклигини тўғри тушунтириш муҳим. Акс ҳолда, депрессия бошқа оғирроқ оқибатлар — психопатик ҳолатнинг юзага келиши, когнитив соҳадаги бузилишлар (психик жараёнлар функциясининг бузилиши), ахлоқий ўзгаришлар (суицид қилишга уриниш) кабиларни келтириб чиқариши мумкин. Психолог, ўз навбатида, психотерапия ва аутоген машғулотлар қўллаш орқали депрессиядан чиқиб кетишга кўмак беради. Шуни айтиб ўтиш жоизки, туғуруқдан кейинги депрессиянинг оғир кўринишларида психотерапия тиббий муолажалар билан бир вақтда олиб борилиши лозим.

Яна ўқинг:  Соч оқаришининг сабаблари аниқланди

Нигора  САЙДАЛИЕВА,

психолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: