Хотин-қизларимизнинг ижтимоий манфаати

Бош Қомусимизнинг ҳуқуқий асослари билан мустаҳкамдир

Ватан мустақиллиги ва Бош Қомусимиз шарофати туфайли хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги ролини ошириш, улар салоҳиятининг тўла-тўкис намоён этилиши учун имкониятлар яратиш, оналик ва болаликни, оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

“Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг X боб, 46-моддаси

Давлат бошқарувини демократлаштириш ва янада либераллаштириш ислоҳотлари аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, сиёсий онг ва маданиятини юксалтиришга, демократик қадриятларнинг қарор топиши асос бўлмоқда. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимиз ҳаётида хотин-қизлар фаоллигини оширишга, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга алоҳида эътибор берилиб, бу йўлда сиёсий ва ҳуқуқий асослар яратилди. Жумладан, 1991 йилда аёллар масалалари билан шуғулланувчи йирик жамоат ташкилоти Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси тизими жорий этилди. 1992 йилда “Хотин-қизлар камситилишининг шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги халқаро конвенция Ўзбекистон томонидан ратификация қилинди. 1992 йилда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва жамият қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раисига Бош вазирининг ўринбосари, ҳудудий Хотин-қизлар қўмитаси раисларига вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг ўринбосарлари мақоми берилди.

Соғлом демократик жамиятни яратишнинг муҳим шартларидан бири, аввало, ҳар жиҳатдан баркамол, маънавияти юксак, мустақил фикрловчи янги авлодни тарбиялашдан иборатдир. Оила мустаҳкамлиги ва фарзандлар баркамоллиги ҳар жиҳатдан хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётимиздаги фаоллиги, жисмонан ва маънан етуклигига ҳам боғлиқдир.

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда таълим соҳасида, шунингдек, гендер тенгликда, соғлиқни сақлаш, аёлларга ижтимоий ғамхўрлик билан боғлиқ масалаларда катта ютуқларга эришилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги давлат дастури қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Шунингдек, 2004 йилда парламентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритилиб унда сиёсий партиялардан кўрсатилаётган жами номзодларнинг камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши лозимлиги белгилаб қўйилди. Сиёсий қарорлар қабул қилишда, аҳоли манфаатларини рўёбга чиқаришда мазкур ислоҳотларнинг ўрни беқиёсдир. Зеро, бугун мамлакатимиз аҳолисининг 51 фоизини, ишчи кучининг 45 фоизини аёллар ташкил этади.

Яна ўқинг:  Vatan mehri bilan

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, фуқароларнинг сиёсий манфаатларини рўёбга чиқариш учун ҳамма ҳуқуқий, демократик шарт-шароитлар яратилса, аҳолининг ўзи ихтиёрий равишда, профессионал асосда мамлакат сиёсий ҳаётида тобора кенг иштирок этади. Аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда фуқаролик жамияти институтларидан бири бўлмиш сиёсий партиялар муҳим аҳамиятга эга. Чунки, нодавлат йўналишидаги турли гуруҳлар ва қатламлар манфаатларини ифодалайдиган жамоат ташкилотлари бугунги кунда замонавий фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида эътироф этилмоқда. Бундай ташкилотларга хотин-қизларни кенг жалб этиш орқали уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ва шу билан бирга давлат ва жамият бошқарувида бевосита ва билвосита иштироки таъминланади.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги мавжуд 4 та сиёсий партия фаолиятида аёлларнинг иштироки йилдан йилга ошиб бормоқда. Сиёсий партиялар мамлакатимиз хотин-қизларининг турли вакиллари – тадбиркор аёллар, олима ва зиёлилар, фермер ва ҳунарманд аёллар ҳамда бошқа соҳа вакиллари манфаатларини рўёбга чиқаришнинг муҳим воситаси бўлмоқда.

SHU O‘RINDA

Ҳозирги кунда Қонунчилик палатасида хотин-қизлар сони 18 фоизни, Сенатда 15 фоизни, ижро этувчи органларда 3, 4 фоизни, суд идораларида эса 22, 7 фоизни ташкил этади.

Эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ислоҳотларининг узвий қисми сифатида хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилишидаги иштироки ва унинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиш мустақил давлатимиз ички сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътироф этилмоқда. Мазкур масаладаги чора-тадбирларнинг узвий қисми сифатида фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти ва давлат бошқаруви органларида аёлларнинг кенг иштирок этишини кафолатлайдиган ҳуқуқий асослар яратилиб келинмоқда. Зеро, жамиятимизда сиёсий фаол, ҳуқуқий билимга эга, замон билан ҳамнафас, юртимиз равнақига камарбаста аёллар сафининг кун сайин кенгайиб бораётгани эса порлоқ келажагимизнинг муҳим гаровидир.

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: