Бобо, дуонгизга эҳтиёжим бор

Аббосжон касб тақозоси билан Тошкентда истиқомат қилади. У нуфузли республика ташкилотининг фаол ходими. Ёш бўлишига қарамай жамоасида ўз обрўсига эга. Эришган ютуқларида бобосининг ўгитлари, панд-насиҳатлари, қимматли дуолари аҳамиятли эканини дилдан ҳис этади. Вақт бўлди дегунча довон ошиб Фарғонага, ота макони – Учкўприкнинг “Яллама” маҳалласига шошилади. Ота-онаси, бобоси унинг дийдорига пешвоз чиқади.

Тили бийронгина жажжи Муҳиддин оиланинг қувончига қувонч қўшади. Ширингина кулгиси хонадон файзини бойитади. Мўйдин ота эса пилдираб ҳали у қучоқдан ҳали бу қучоққа ўзини отаётган эварасини кўриб, мамнун жилмаяди. Тўртинчи авлодининг ҳам соғ-саломат кўз ўнгида улғаяётганидан қувонади. Ахир, тўрт авлод бахти-камолини кўриш, уларнинг таълим-тарбиясига масъуллик ҳисси билан яшашдан ортиқ бахт борми дунёда?!

Отахон айни вақтда тўқсон икки ёшда. Иккинчи жаҳон уруши фахрийси. Ҳаётнинг оғир-енгилини ҳис этган, шодлигию, ғам-қайғусини бошидан кечирган. Қарийб ўттиз беш йил “Янги Фарғона” газетасида бош муҳаррир лавозимида фаолият юритган. Беш нафар фарзанди бор. Бобо она Ватан, болалари, эвара-чевараларининг эъзозида умргузаронлик қилаётир. Аммо уларнинг босиб ўтган умр йўллари нақадар машаққатли экани сермазмун нигоҳларида акс этади. Мўйдин ота олис хотираларга чўмади. Навқирон йигитлик даврларини эслайди.

– Билагимиз кучга, қалбимиз орзу-умидларга лиммо-лим эди. Аммо тенгқурларимизда эртанги кунга ишонч етишмас, қалбимизда ҳаловат йўқ эди. Болалик хотираларимизнинг қувончли саҳифалари жуда кам. Турмуш эҳтиёжлари биздан бахтиёрликни ўғирлаб қўйганди. Эсимда, 8-9 ёшга тўлганимда қурғоқчилик туфайли бутун мамлакат очарчиликдан азият чекди. Кейин машъум қатағон аждарҳодек кишиларни ўз комига торта бошлади. “Қама-қама”лар авжига чиқди. Отам қулоқ қилинди. Кейин эса миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган уруш бошланди. Биз шундай мураккаб даврда иродамизни тобладик, ҳаётга муҳаббат қўйдик.

Бобо бир муддат тин олади. Қалбини сукунатга топширади. – Болам, – дея сўнг менга юзланади. – Сизларга ҳавасим келади. Шундай осойишта юртнинг фарзандисизлар. Барча имконият муҳайё. Камситиш, бўҳтон, инсон иродасини букиб қўядиган турли иллатлардан буткул холи замонада яшаяпмиз. Набира, эвара-чевараларимнинг дунёқараши, интилишлари, ютуқларини кўриб беихтиёр мен ҳам болаликка қайтиб, қайтадан эл-юрт хизматига камарбаста бўлгим келади.

Ўрта маълумот билан мактабда бир муддат ўқитувчилик қилган 18 ёшли йигит Иккинчи жаҳон урушига сафарбар қилингач, дастлаб телеграф хизматларига ёлланди. Кейин эса турли фронтларда жанг қилиб, урушни танкка қарши дивизион командири даражасида якунлади. Урушдан қайтгач Қўқондаги ўқитувчилар тайёрлаш билим юртини битириб яна муаллимлик касбини давом эттира бошлади.

Яна ўқинг:  Гольфстрим қаерга ғойиб бўлди?

– Одамлар ўтган кунига шукрона айтар, эртага қозонига нима солишни ўйлаб боши қотарди. Аммо халқимизга хос бўлган қўни-қўшничилик, ўзаро меҳр-оқибат ришталари мустаҳкам эдики, ҳамма бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилар, имкон доирасида бир-бирига ёрдам қўлини чўзарди. Мен ҳам ўша йиллари оила қурганман. Эсимда, олти сотих ернинг шолисидан олган ҳосилимга тўй қилгандим. Шукр, аёлим билан етмиш йил бирга яшадим. Бирор марта ўртамиздан “ола мушук” ўтмаган, – дейди бобо мамнуният билан. – Ҳозир айрим ёш оилаларда учраб турган ўзаро муносабатларнинг ажрим ҳолатларигача бориб етаётганини эса ҳеч бир важ билан оқлаб бўлмайди. Шундай осойишта замоннинг қадрига етмаслик, оиласи фаровонлиги, болаларининг келажаги учун қайғуриш ўрнига арзимаган моддий ёки маънавий эҳтиёж туфайли “Ватан ичра Ватан” дея эътироф этиладиган оиланинг таназзулга юз тутиши ношукрликдан бошқа нарса эмас. Ҳамма қурбига яраша рўзғори тўкис, усти бут яшаш имконига эга.

Дарҳақиқат, азалдан кексаларимиз шундай муаммолар учун ўзини жавобгар сезган. Насиҳатлари, йўл-йўриқлари билан ёшларни тўғри йўлга бошқариб борган. Отахон бу борада маҳалла-кўйдан маслаҳатларини аямайди. Мўйдин ота Эргашев суҳбат орасида нафақага чиққандан сўнг ҳам туман фахрийлар кенгаши раиси сифатида кўп йиллар фаолият юритганини эслатиб ўтади.

Жорий йилда 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида уларга 700 минг сўм миқдорида пул мукофоти берилади.

Мўйдин Эргашев кўпгина шогирдларни тарбиялади. Унинг тажрибасидан баҳраманд бўлган ижодкорлар орасида республикада ном қозонганлари ҳам талайгина. Қолаверса, отахон фарзандлари келажаги йўлида ҳам ибратли ишларни амалга оширди. У мамнуният билан фарзандларининг бахти-камолидан тўлқинланиб сўзлайди. Ҳаммасининг турмуши фаровон, обрўли касб-кор эгаси эканидан севинади. Невара-эвараларининг деярли барчаси олий маълумотли экани, пойтахтда республика ташкилотларида ҳам фаолият юритаётганлари борлиги бобонинг кучига куч қўшади. Сулоласи, ўзининг авлодлари зукко, ақл-заковатли бўлиб улғаяётганидан масрурлик ҳиссини туяди. Ўзбек халқи ўзлигини қайта топгани, тадбирли, азми қатъий ва шижоатли эл сифатида қад ростлаганидан ғурурланади.

Мамлакатимизда Мўйдин Эргашевга ўхшаган, ҳаёт йўли ибратли отахону онахонлар талайгина. Уларнинг ҳар бир гапи, насиҳат ва маслаҳатлари сўнмас ҳикмат каби ёш авлоднинг қалбига муҳрланиб бораётир. Халқимиз азалдан кексалар билан кенгашиб, уларнинг йўл-йўриқлари, доно ўй-фикрлари билан ўртоқлашиб келгани ҳам айни ҳақиқатдир. Жорий йилнинг Президентимиз ташаббуси билан Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилингани сўзимизнинг тасдиғидир.

Яна ўқинг:  ТИББИЙ САВОДХОНЛИК – САЛОМАТЛИК АСОСИ

Аббосжон пойтахтга, ишга қайтишга ҳозирлик кўради. Мўйдин отанинг дуосини олишга чоғланади. Бобо набирасини қайта-қайта бағрига босади. Борларингга шукр болам, дея елкасига қоқиб қўяди. Аббосжон эса “Умрингиз бунданда узоқ бўлинг. Сиз бизга ҳамиша тиргак бўласиз. Ҳамиша дуонгизга эҳтиёжим бор бобожон”, дея хайрлашади.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: