АЛЛЕРГИК КАСАЛЛИКЛАРДА ПАРҲЕЗ

У саломатлигингиз учун самаралидир

Турли аллергик касалликларда энг аввало беморнинг иммунитетини кўтариш зарур. Бунинг учун хаста одам 4-5 кун давомида табиий шарбат ичиши керак. Ундан сўнг ҳам иммунитетини кўтариш мақсадида қисқа муддатли шарбатли парҳез кунлари тавсия этилади. Сархил сариқ сабзи, кўк ва сариқ олма, оқ узумнинг барча турлари, нок, қовун (мағзи оқ тури), сариқ помидор, бодринг, хом қовоқча (кабачка)дан табиий шарбат тайёрлаш мумкин. Бананни миксерда майдалаб бўтқа (пюре) ҳолатида болаларга бериш зарур. Сап-сариқ пишган ошқовоқдан ҳам табиий шарбат тайёрласа бўлади. Сариқ гилос ва шу рангдаги олча ва ўрикнинг табиий шарбати ҳам аллергияга мойил беморлар учун қувватбахш ичимлик ҳисобланади.

Кўпинча беморларда озиқ-овқат маҳсулотлари ва турли ҳайвонлар юнги ва айрим ҳашаротларнинг ажралмалари, пўстлари ва тукларига нисбатан сезувчанлик юқори бўлади.

Мабодо беморда мушук юнгига нисбатан аллергия бўлса ва хаста кишини тумов ва йўтал қийнаса таркибида чўчқа ва мол гўшти бўлган маҳсулотлардан бошқа барча парҳезбоп озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши мумкин. Агар беморда уй чанги ва ундаги каналарга нисбатан аллергия аниқланган бўлса барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ва мева-сабзавотларни истеъмол қилиши мумкин. Фақат креветка, чиғаноқ, саккизоёқ, қисқичбақа, денгиз молюскаси каби денгиз маҳсулотларини тановул қилишдан тийилиш зарур. Пистани эса ўсимликлар чангига аллергияси бўлмаган одамлар чақиши мумкин.

Сут ва унинг маҳсулотларига нисбатан сезувчанлиги юқори бўлган хаста инсонларга ҳам барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари рухсат этилади. Фақат сут ва унинг маҳсулотларини тановул этиш ман этилади. Сут ўрнига суюқ дамланган кофе, чой, шунингдек, табиий шарбат, компот ва минерал сувларни ичиш мумкин. Глютен моддаларига аллергияси мавжуд беморлар хамирли таомлар, сули бўтқаси, тариқ ва буғдой, шунингдек, ун маҳсулотларидан парҳез қилиши зарур. Бошқа барча турдаги маҳсулотларни истеъмол қилишга рухсат этилади. Ун ўрнига гуруч, маккажўҳори, гречиха ёки жавдар унини ишлатиш мумкин.

Ҳар бир аллергияси мавжуд бемор аллергелог билан бамаслаҳат иш тутиши зарур. Шунда хасталикдан тез фориғ бўлади. Яна аллергик хасталикнинг маълум турига доир парҳезга ҳам бемор қатъий амал қилиши шарт. Шундагина бу касаллик янада авж олиб, асорат қолдиришининг олди олинади.

Яна ўқинг:  “Қизил бўрича” ҳақида нималарни биламиз?

Қайси маҳсулотларни ушбу хасталикда истеъмол қилиш мумкин?

Касаллик қўзғаганда бемор кундалик таомномасига жиддий эътибор бериши лозим. Аллергик хасталикка мо­йил беморларнинг организми физиологик жиҳатдан айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳайвон ва ҳашаротларнинг юнг ва қазғоқларига нисбатан юқори сезувчанлиги ирсий ёки нотўғри овқатланиш сабабли, шунингдек, баъзи хасталикларнинг асорати сифатида намоён бўлади. Айниқса, хасталик хуруж қилган пайти беморнинг организми ўзига хос гиперреактив (гипер-юқори, реактив-сезувчан) ҳолатда бўлади. Ушбу ҳолатда хаста одам дудланган, маринадланган, турли тузламалар, сирка солинган маҳсулотлар, гўштли шўрвалар, қовурилган овқатлар, денгиз маҳсулотлари, тухум, майонез, қўзиқоринлар, ёнғоқлар, цитрус мевалар, реза меваларни истеъмол қилиш, газланган ва турли сунъий бўёқли ичимликларни ичиш беморларга ман этилади. Озиқ-овқат маҳсулотларига аллергияси мавжуд болалар ва шунингдек, катталарга ҳам шоколад, асал, зефир, торт, кекс, соус, ширинликлар, шоколадли пасталарни тановул этиш, какао, кофе, цитрус мевалар, сархил ва қизил рангли мева-сабзавотлар шарбатлари, ачитқи (хамиртуруш), консервант маҳсулотлар, ерёнғоқ, балиқ маҳсулотлари, гени ўзгартирилган маҳсулотларни(ГЎМ–бу маҳсулотлар ҳатто, соғлом одамлар учун зарар) тановул этиш рухсат этилмайди. Яна хасталик хуружининг олдини олиш мақсадида хонадонда жунли гиламлар, юмшоқ ўйин­чоқлар, пар ёстиқлардан воз кечиш керак. Унинг ўрнига табиий ипак ёки сунъий толадан тўқилган гилам, шолча, табиий толали матолардан тайёрланган юмшоқ ўйинчоқлар, пахта солинган ёстиқлардан фойдаланиш даркор.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: