Ойдин хотиралар шуъласи

Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиеванинг бир шеърида шундай мисраларни ўқигандим:

Тишни тишга босиб, белимни боғлаб,

Чумолидай тун-кун билмадим роҳат.

Фаришта кетмади дилдан йироқлаб,

Кулбамни ёритди шаъми саодат.

Ушбу туғён айнан Қутбихоннинг ҳаёт йўлига берилган чизгига ўхшайди. Ҳа, умрининг сўнгги дамларигача тиним билмай ижод қилган, кўнглини ҳамиша илм-маърифат зиёси безаб келган, фариштали, юзларидан нур ёғилиб турадиган Қутби Носир қизи ҳозир ҳаёт бўлганида 70 ёшни қаршилаган бўларди. Унинг ҳаётидан мамнунлиги кўзларида балқиб турарди. Ўзига ром этувчи дилтортар сўзлари, жимжимадор лутфлари худди кечагидай ёдимизда.

Дугонамнинг дилдан битган қуйидаги эътирофидан унинг ҳаётсеварлиги, оилапарварлиги, меҳнатдан, ижоддан бахт топганлиги аён англашилиб тургандай: “Аёл ижодкорнинг бахти унинг оиласи, устозлари, ҳамкасблари, элининг эътиборида бўлишидир… турмуш ўртоғим, забардаст журналист – Маҳкам Рихсиевнинг эътиборида бўлиш, тўрт ўғлим, тўрт келиним, шириндан шакар невараларим ардоғида бўлиш – бундан ортиқ бахт борми?!”

Аммо ҳаётда шундай тасодифлар ҳам бўладики, унинг асорати йиллар ўтсада кетмайди. Қутбихон кутилмаганда рўй берган хасталик – юрак хуружидан вафот этди. Эҳтимол, орият талашган, сабр-бардош кемираётган нозик вужуд турмуш муаммоларига, икир-чикирларига дош беролмагандир…

Ўзбек журналистикасининг етук вакилларидан бири, тахтапуллик Насриддин ота ва Умриниса аяларнинг зурриёдлари, Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон журналистлари ва ёзувчилар уюшмаси аъзоси – курсдош дугонам Қутби Носирова (Рихсиева)ни ёдга олишни, у ҳақдаги илиқ хотираларни қоғозга туширишни лозим топдим. У билан боғлиқ ярим асрлик хотираларни сиз билан баҳам кўришни истадим.

Унинг “Муштум” журналидаги фаолияти, нашр эттирган шеърий китоблари, ҳикоялари, қиссалари, оила, аёл, болалар мавзусидаги публицистик мақолалари – ижод қисматидан, оилавий ҳаётидан доимо бохабар бўлганман. Нашрдан чиққан ҳар бир китоб, мақоласи оила учун, бизнинг соҳа учун яхши туҳфа ҳисобланарди. Фарзандларимга, талабаларимга уларни кўрсатиб, ўқиб бериб, чексиз ифтихор туярдим.

“Ойижон, ойи”, “Лайлак қор”, “Тинчлик бобо”, “ Нон ҳақида қисса”, “Ягонахон”, “Пўпанаклар”, “Куртаклар”, “Ўзгариш болалари”, “Жаннат мевалари”, “Сизга айтар сўзларим” каби қатор китобларининг ҳозир ҳам ўқувчилар, талабалар, барча китобхонлар томонидан севиб ўқилаётганини кўрганимда, уларда илгари сурилган ғояларнинг бугунги авлод тарбиясига ҳамон хизмат қилаётганини ҳис қилганимда дугонамнинг умри боқийлигидан янада бахтиёр сезаман, ўзимни.

Яна ўқинг:  Табиат – болалар тасаввурида

Сира-сира ёдимдан чиқмайди: ўтган асрнинг 60-65 йиллари, талабаликнинг олтин даври. Ўқиймиз, ўрганамиз, кимларгадир эргашамиз ва ҳамиша бир-биримизни тўлдиришга, тушунишга ҳаракат қиламиз. Бу айниқса, пахта терими мавсумида, уйимиздан, ота-онамиздан йироқда, бир том остида, бир кўрпада ётиб, бир дошқозонда таом еб, “бир қозонда қайнаган дамларимиз”да кўпроқ сезиларди. Дугонамнинг суврати-ю, сийратидан, жуда ибратли оилада тарбия топганлиги, маънан бойлиги, зукколиги, саранжом-саришталиги, орасталиги яққол кўзга ташланиб турарди. Унинг машҳур “деди” радифли шеърига ёзган пaродияси-ю, ичак узди ҳангомалари, лабларини бироз қимтиб гапириши-ю, ним табассуми, гоҳ дугонамиз Лутфи билан ҳамоҳангликда хандон отиб кулишлари ҳамон қулоғим остида жаранглаётгандай гўё.

Баъзан ўйланиб қоламан: аёл киши шунча кучни қаердан олди экан. Мақсад сари интилиши, сабр-бардоши, вазмин, босиқлиги унга доимо йўлдош бўлди. Унинг табиати 40 йиллик ижодий намуналарида ўз ифодасини топди.

Шоиранинг ўзи

“Сиз ҳаётим пок томчилари,

Сиз умримнинг давомчилари”, деб фахр этгани ҳам бежиз эмас.

Мамлакат ЖЎРАБОЕВА,

ЎзМУ доценти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: