“Сизга кимётерапия тавсия этилади…”
Ҳозирги вақтда онкология хасталиклари инсониятни жиддий ташвишга солмоқда.
Ривожланган давлатлар аҳолиси ўртасида ўтказилган ижтимоий тадқиқот натижаларига кўра, одамларда энг кўп қўрқув онкологик хасталикларга нисбатан юқори бўлишини кўрсатди. Лекин онкология фани ва амалиёти бугунги кунга келиб шу даражада тараққий этдики, энди ушбу касалликка чалинганларнинг аксарияти батамом соғайиб кетиш имкониятига эга бўлмоқда. Айниқса, беморда ушбу хасталик дастлабки босқичда аниқланганда даволаш ижобий натижа бераётир.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, замонавий онкология амалиётида учта асосий даволаш усули қўлланилади: жарроҳлик, нур билан даволаш (нур терапия) ва ўсмага қарши дори воситалар билан даволаш усули. Уларни кўпинча қўшиб қўллаш амалиётда кенг тарқалган.
Бугунги кунда ўсмага қарши беморларга турли кимёвий дори-дармонлар, гормонлар қўлланилмоқда. Анъанага кўра тиббиёт адабиётларида, оммавий ахборот воситаларида ва халқ орасида дори-дармон билан даволаш усули “кимётерапия” сўзи билан аталади. Лекин кўпчилик одамлар онгида бундай даволаш усулига нисбатан салбий муносабат шаклланган. “Сизга кимётерапия тавсия этилади…”, деган сўзлардан сўнг аксарият беморларда иккиланиш ҳолати пайдо бўлади. Шу боис онколог-кимётерапевтлар бемор ва унинг яқинларига оддий тилда кимётерапия ҳақида тўлиқ маълумот беришлари зарур.
Ҳозирги кунда Республика Oнкология илмий марказида жарроҳлик амалиётидан олдин кўплаб беморларда кимётерапия усули қўлланилаётгани боис даволаш жараёнлари анча енгил кечмоқда. Жарроҳлик амалиётига кўрсатмалар бўлган баъзи касалликларнинг биринчи босқичида дори-дармон билан ўсмага қарши даволаш усули (2-4, 6 курсгача) ўтказилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – субклиник (ташҳислаш усуллар ёрдамида аниқланмайдиган), аниқланган метастазлар ва бирламчи ўчоқда жойлашган ўсма ҳужайраларининг кўпайиши ва тарқалишини тўхтатишдир. Ушбу йўналиш бўйича марказимизга давлат гранти ажратилган бўлиб, айни пайтда етук мутахассислар томонидан илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Операциядан олдин кимётерапия усули қўлланилган ва қўлланилмаган беморларнинг хасталикдан халос бўлиш ҳолатлари баҳоланганда, кимётерапия олган беморларда рецидивсиз, яъни касаллик қайталанмаслиги кузатилган.
Онкология беморларини даволашда қўшма ва комплекс даволаш режаларига жарроҳлик усулидан ташқари, маҳаллий даволаш усулларидан бири нур терапия ҳам киритилган. Беморларга даво усуллари бир вақтда, кетма-кет қўлланилиши мумкин. Баъзи беморларда асосий даволаш усули нур терапия бўлган ҳолатларда кимёпрепаратлар фонида нурланиш ўтказилади. Сабаби дори воситалар модификатор хусусиятига эга бўлгани учун нурни даволаш самарасини ошириб берадилар.
Жарроҳлик амалиёти, шунингдек, нур терапиясига қарши кўрсатмалар бўлганда ёки бу усуллар беморни яхши бўлиши учун қўллаш мақсадга мувофиқ бўлмаганда, ўсмага қарши дори-дармон билан даволаш ягона самарали усулдир.
Кимётерапия олаётган кишиларда даволаш ишлари самарали бўлиши учун нафақат кимёвий дори воситалари, балки биргаликда олиб борилаётган фармакотерапия, симптоматиктерапия касалликни белгиларига қараб даволашнинг ҳам аҳамияти юқоридир. Бу гуруҳга хасталик боис намоён бўлган, бемор аҳволини оғирлаштирадиган ҳолатлар ёки даволаш сабабли ривожланган ножўя таъсирларни бартараф қилувчи ва камайтирувчи дори воситалар, ҳаёт учун зарурий, шу билан бирга ички аъзолар фаолиятини тиклаб ва сақлаб турувчи препаратлар киритилган. Авваллари беморларда кузатилган кимёпрепаратларнинг заҳарли таъсирини эндиликда ўсмага қарши замонавий дори препаратларини қўллаш ва симптоматик терапияни тўғри ўтказиш билан олдини олса бўлади. Бу билан хаста инсонларда ножўя таъсир белгилари ривожланмайди.
Кимётерапия самараси бемордаги ўсма хужайраларининг тўғридан тўғри кимёвий препаратлар турғунлигига боғлиқ. Бу ўз навбатида, ўсманинг биологик (молекуляр, ген, рецептор, иммуногисто (кимёвий) хусусиятлари билан ўлчанади. Иккита бир хил хавфли ўсма ташҳиси қўйилган беморга тавсия қилинган препаратлар уларга турлича таъсир этиши мумкин. Бунинг сабаби ўсма ҳужайраларини бир-бирига ўхшамайдиган ўзига хос биологик хусусиятларидир.
Текшириш натижаларига кўра беморга хавфли ўсма ташҳиси қўйилгандан сўнг ўсмани биологик хусусиятлари аниқланиб, унга қарши биотерапияни тавсия қилиш мумкин. Биотерапия ўз ичига таргет (авастин, герцептин, мабтера, гливек, нексавар ва бошқалар), гормонал (тамоксифен, золодекс, фемара, эгестрозол ва бошқалар), иммунотерапия (интерферонлар, цитокинлар, интерлейкинлар) киритади. Кимётерапия билан биргаликда ўтказилган биотерапия усуллари дори дармон билан даволаш усули самарасини ошириб, беморларни тез оёққа туришига кўмаклашади.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан ўсма касалликларига қарши курашиш усулларини янги босқичга олиб чиқиш учун кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Барча вилоят онкология диспансерларида кимётерапия бўлимлари тўлиқ таъмирланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда. Шунингдек, айни пайтда Республика Онкология илмий маркази клиникасида биринчи ва нисбатан янги ташкил қилинган иккинчи кимётерапия бўлимлари, болалар кимётерапия бўлими фаолият кўрсатмоқда. Яқин келажакда беморларга амбулатор кимётерапия хизматини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, диспансерда фаолият юритаётган кимётерапевт мутахассисларига РОИМ кимётерапия бўлимларида етук мутахассислар томонидан амалий ва назарий билим беришнинг йўлга қўйилганлиги соҳа ривожига қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди. Бундан ташқари ўсмага қарши дори воситалари билан даволаш усули самарасини яхшилаш мақсадида марказда бир нечта йўналишлар бўйича иш олиб борилмоқда.
Онкология амалиёти учун жуда муҳим бўлган ютуқ – марказда колхицин асосида бир қатор янги ва самарали хавфли ўсмаларга қарши препаратлар яратилиб, тажриба синовлардан ўтказилиб беморларда ишлатишга рухсат олиш арафасида.
Бу қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг бари халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, миллат генофондини яхшилаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдан иборатдир.
Дониёр ПЎЛАТОВ,
Республика Онкология илмий маркази I ва II кимётерапия бўлими илмий раҳбари, тиббиёт фанлари доктори