XVIII Осиё ўйинлари: мусобақа қизғин паллада

Индонезия пойтахти Жакарта ҳамда Суматра оролидаги йирик шаҳарлардан бири Палембанг мезбонлик қилаётган XVIII Осиё ўйинларига қизиқиш ҳар қачонгидан-да юқори, десак асло муболаға бўлмайди. Боиси, бу галги беллашувлар 2020 йили Япониянинг Токио шаҳрида ташкил этиладиган навбатдаги Олимпия ўйинлари олдидан қитъамиз спортчилари учун ўзига хос кўрик вазифасини ўтаб беради.

Қитъамизнинг 45 мамлакатидан жами 9 704 нафар атлет 42 та спорт тури бўйича 476 та медаллар жамланмаси учун баҳсларга киришди. Ушбу нуфузли спорт анжуманининг биз учун яна бир аҳамиятли томони шундаки, миллий курашимиз XVIII Осиё ўйинлари дастурига киритилди.

Айтиш керакки, мезбон мамлакат мазкур йирик мусобақага катта тайёргарлик кўрди. Жумладан, бир қатор спорт иншоотлари қурилди, мавжудлари капитал таъмирдан чиқарилди. Мусобақалар бўладиган асосий спорт иншоотлари эса мамлакат пойтахти Жакарта шаҳрида жойлашган. Бундан ташқари Палембанг шаҳридаги қатор спорт иншоотларида ҳам бир неча спорт турлари бўйича баҳслар бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Индонезиядаги Осиё ўйинларида юртимиз спорт делегацияси таркибидан жами 331 нафар спортчи ўрин олган бўлиб, улар 32 та спорт турида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Ҳамюртларимиз сўнгги вақтларда бокс, эркин ва юнон-рум кураши, самбо, оғир атлетика, қиличбозлик, теннис, карате, таэквондо ВТФ каби спортнинг ўнлаб турларида қитъада етакчилик қилаётганлигини инобатга олсак, бу сафарги беллашувларда натижаларимиз ҳар қачонгидан-да юқори бўлишига ишонч бор.

Шу кунларда беллашувлар ўзининг энг қизғин палласига кириб бормоқда. Тўртинчи кунги баҳслар олдидан терма жамоамиз медаллар жамғариш бўйича жадвалда 11-ўринни эгаллаб турибди. Жамоамиз ҳисобида 1 та олтин, 3 та кумуш, 6 та бронза, жами 10та медал бор.

Кучли учликда Хитой, Япония ва Жанубий Корея терма жамоалари жойлашган. Шу кунгача йигирма иккита давлат спортчиларига камида битта медал олиш насиб қилган. Ўн олтита мамлакат терма жамоалари ҳисобида эса камида бир нафар Осиё ўйинлари – 2018 чемпиони бор.

Биринчи кунги баҳсларда эркин кураш бўйича 74 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Бекзод Абдураҳмонов Осиё ўйинларининг финалида қозоғистонлик Данияр Каисановга қарши гиламга кўтарилди. Қизиқарли кечган баҳс Бекзод Абдураҳмоновнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Таэквондо мусобақасида икки ҳамюртимиз – Дмитрий Шокин ва Ниёз Пўлатов кумуш медални қўлга киритди.

Яна ўқинг:  Шахмат маликалари мусобақаси якунланди

Хотин-қизлар ўртасидаги таэквондо (WTF) бўйича ўтган беллашувларда вазни 67 килограммгача бўлган ҳамюртимиз Нигора Турсунқулова ярим финалда Жанубий Корея вакиласи Жанди Кимга қарши даянга кўтарилди. Афсуски, ушбу баҳсда ёш спортчимизга бироз омад етишмади. Шу тариқа, Нигора Осиё ўйинларининг бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, умидли таэквондочи қизимиз Светлана Осипова ҳам бронза медалига сазовор бўлди.

Палембанг шаҳрида Осиё ўйинларининг теннис мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Унда ҳамюртимиз Нигина Абдураимова қозоғистонлик Анна Данилинани 0:6, 6:2, 6:2, мамлакатимизнинг биринчи рақамли ракеткаси Сабина Шарипова эса вьетнамлик Ксилла Фодорни 7:5, 6:3 ҳисобида енгди. Шунингдек, яккалик баҳсларнинг эркаклар ўртасидаги беллашувларида Денис Истомин покистонлик Оқил Хонни 6:3, 6:1, Жўрабек Каримов ливанлик Жовани Самахани 6:4, 7:6 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Жуфтлик баҳсларида қатнашаётган Ирода Тўлаганова ҳамда Сабина Шарипова Хитой Тайпейи вакилалари –Пиечи Ли ва Чиенху Хсуга қарши кортга чиқди. Ушбу ўйинда ҳисоб 2:1 бўлиб турганда Ли ва Хсу учрашувни ўтказишдан бош тортди ва мағлубиятини тан олди.

Эркаклар ўртасида Денис Истомин ва Фаррух Дўстов покистонлик Муҳаммад Обид ва Музаммил Муртазони биринчи сетда тай-брекда иккинчи сетда эса 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Оғир атлетика бўйича иштирок этган ҳамюртимиз Адҳамжон Эргашев даст кўтаришда 136 кг, силтаб кўтаришда 162 кг тошни ўзига бўй сундира олди ва жами 298 кг натижа билан учинчи ўринни эгаллаб, мусобақанинг бронза медалига сазовор бўлди.

Академик эшкак эшиш спорт тури бўйича бугун яккалик, икки ва тўрт кишидан иборат эшкак эшувчиларимиз ярим финал баҳсларида иштирок этишди. Жасурбек Мавлонов якка қайиқда умумий бешинчи натижа билан B финалида иштирок этадиган бўлди. Шаҳбоз Холмурзаев ва Шаҳбоз Абдужабборовдан иборат икки кишилик гуруҳ эса 2000 метр масофани 7 дақиқа 05.19 сонияда босиб ўтиб, финалга йўл олди. Зафар Усмонов, Ислом Мамбетназаров, Шеҳроз Ҳакимов ва Отамурод Раҳимовдан иборат тўрт кишилик қайиқдаги спортчиларимиз маррага биринчи бўлиб етиб келди ва финал учун йўлланмани нақд қилди.

Каноэчиларимиз Алибек Темиргалиев ва Абубакир Буканов финалга чиқди. Темиргалиев саралашда иккинчи, Буканов эса ўнинчи натижани кўрсатди. Финал 22 август куни бўлиб ўтади.

Яна ўқинг:  “Тошкент мода ҳафталиги – 2017”

Слаломда эшкак эшиш бўйича саралаш баҳсларида Рамил Кирпичев ва Жонибек Темиргалиев иштирок этди. Темиргалиев 10, Кирпичев 13-ўринни олиб финалга чиқди.

 

Сарвар ИСҲОҚОВ,

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мутахассиси

 

PS: Газетамизнинг ушбу сонини тайёрлаш пайтида Индонезиядан ажойиб хушхабар тарқалди. 80 кг вазнда даянга чиққан моҳир таэквондо устамиз Никита Рафалович барча рақибларини мағлуб этиб, якунда Осиё ўйинлари ғолиби деган шарафли номга сазовор бўлди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: