Бахт – тинч осмон остида ҳар бир сонияни тўғри сарфлашдир!

Юртбошимиз Ислом Каримовнинг мустақиллигимизнинг 22 йиллиги тантаналарида сўзлаган нутқини эшитиб, тўлқинланиб кетдим: «Биз ўз олдимизга қўйган келажаги буюк давлат қуришдек олижаноб мақсадга етиш йўлида мен сизлар каби мард ва шижоатли ёшларимизга, илму фан чўққиларини эгаллашга бел боғлаган, қийинчилик ва синовлар олдида бош эгмайдиган, бугун ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлиб майдонга чиқаётган соғлом ва баркамол авлодимизга ишонаман».

Мустақиллик йилларида камол топган ёш авлод ўз олдига янги марраларни қўйиб яшайдиган, мақсад сари дадил интиладиган бўғин сифатида намоён бўлди. Биз ҳаётимизни ўз шижоатимиз ва ғайратимиз билан ўзгартира олишимизга ишонадиган давр фарзандлари бўлиб камол топаяпмиз.

Жуда кўп одамлар билан мулоқотда бўлганимизда, бахт сизнинг­ча нима, деган саволга, уларнинг аксарияти «бахт бу Ватан тинч­лиги, ота-она ва яқинларинг саломатлиги» деб жавоб беради. Дарҳақиқат, юрт осойишталигидан, яқинларингнинг хотиржамлигидан-да улуғроқ бахт йўқ, дунёда.

Вақт – бу ортда қолган ўтмиш, елдай илгарилаётган замон ва ҳар турли орзу-умидлар ила олдинга чорлайдиган келажак. Лаҳзалар соатларга, соатлар кунларга, кунлар ой ва йилларга уланиб борар экан, истиқлолга эришган онадай азиз Ватанимиз учун нима қила олдим, дея ўзимиздан бот-бот сўрашимиз муқаддас бурчимиздир.

Мустақиллик яратган имкониятлар туфайли мамлакатимизнинг кўпчилик ёшлари сингари мен ҳам нуфузли чет эл таълим даргоҳларида билим олишга муваффақ бўлдим.

Юртдан олисда бўлар эканман, Ўзбекистон байроғини ҳамиша ёнимда олиб юрдим. Соғинч туйғулари қалбимни батамом чулғаб олганида байроқни юзимга суриб, она Ватаним тафтини туярдим. Баъзан ўз туғилган юртингда яшаб, унинг қанчалар қадрли ва қалбга яқинлигини ҳис қилмас экансан, киши. Аммо она Ватандан олисда, яъни мусофирликда яшаганингда унинг қадрини янада чуқурроқ англаб етаркансан.

Лаҳза мазмуни ва кучини англай олмаган инсон ҳеч замон соатлар, кунлар ёки йиллар қадрига ета олмайди, илм зиёси ила кўнглини мунаввар қила билмайди. Аслида инсон умри вақтнинг бир қисми ва парчаси. Ёш авлод учун энг муҳими яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланишдир. Турли ташқи таъсирлар ва тараққиётимизга тўсиқ бўладиган, инсонларни пароканда қиладиган ғояларга эргашмаслик, умрни елга совуриб, кераксиз нарсалар билан ҳаётни исроф қилмаслик зарур.

Шундай экан бу дунёда қилаётган амалларимиз ва эришаётган натижаларимиз биздан кейинги авлодлар учун ибрат бўлсин. Зеро, Президентимиз Ислом ­Каримовнинг биз ёшларга қилган даъватига ўз юксак ҳаётий натижаларимиз ва барчанинг ҳавасини келтирадиган эзгу интилишларимиз орқали муносиб жавоб қайтармоғимиз керак.

Яна ўқинг:  Замон билан ҳамнафас

Дилрабо САЙДУЛЛАЕВА,

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети магистранти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: