Ўзбекистонлик ўқувчилар Туркиядаги IX халқаро билимлар олимпиадасида 49 медални қўлга киритди

Юртимизда ёшларга замонавий билим бериш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган туб ислоҳотлар самараси ўлароқ, фарзандларимиз юксак марраларни забт этмоқда.

Умумий ўрта таълим сифатини ошириш, мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши эса халқ таълими тизимида соғлом рақобат муҳитини яратиш, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Яқинда Туркияда IX халқаро билимлар олимпиадасида юртимиз мактаб ўқувчиларининг муваффақиятли иштироки барча юртдошларимиз қалбига фахр-ифтихор туйғуларини жо этди. Ушбу мусобақада пойтахтимиздаги “Intellect” боғча-мактаб нодавлат таълим муассасасининг 25 нафар ўқувчисидан иборат жамоа 6 олтин, 20 кумуш ва 23 бронза – жами 49 медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Ушбу халқаро билимлар олимпиадасида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия, Ўзбекистон ва Украина мамлакатларидан беш юз нафар мактаб ўқувчиси математика, география, физика, кимё, биология, жаҳон тарихи, атроф-муҳит, тасвирий санъат, рус, инглиз ва турк тиллари бўйича ўз билимларини намойиш этди. Ўқувчилар, шунингдек, “Олимпиада маликаси”, “Шон-шуҳрат дақиқаси”, “Фотосуратлар танлови” сингари ижодий ва спорт мусобақалари, мини-футбол ва шахмат турнирларида ҳам ўз иқтидорини синовдан ўтказди.

Қувонарлиси, Нигина Иноятова (тўртта медаль), Икром Юсупов (тўртта медаль), Жамола Миркомилова (учта медаль) ва Одил Муҳиддинов (учта медаль) каби ўқувчиларимиз IX халқаро билимлар олимпиадасининг “Энг билимдон иштирокчилари” деб эътироф этилди.

Дилфуза АЗИМОВА

Яна ўқинг:  Байрам ярмаркаси: эл дастурхонига ҳам сифатли, ҳам арзон маҳсулотлар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: