ТАНАЗЗУЛГА ЙЎЛ

Гиёҳвандлик – вақтинча эйфорик кайфият (вақтичоғлик) пайдо этиб ўз домига ботқоққа тортгандай тортиб кетгувчи салбий иллат бўлиб, у инсонда табиий ва синтетик моддаларга паталогик мойил бўлиб қолишни англатади. У гиёҳванд воситаларини нотиббий равишда истеъмол қилиш натижасида юзага келадиган хасталикдир.

Гиёҳвандлик воситаларининг ҳар бири ўзига хос хусусиятига эга. Аммо ҳамма турларининг умумий белгилари моддага тез ўрганиш, жисмоний ва руҳий мойиллик ҳамда абстинент (хумор) ҳолати ривожланишидан иборат.

Кўп гиёҳвандларда наркотик модданинг биринчи истеъмолидан бошлаб, 2-3 ҳафтада мойиллик пайдо бўлади, аммо ҳозир шундай синтетик наркотиклар борки, улар иккинчи инъекция олинганидан сўнг мойилликка олиб келади. Ҳамма наркотиклар гиёҳванд шахснинг руҳий ҳолатини ўзгартириб юборади. Беморларда кайфиятнинг паришонлиги, қўзғалиш, ўзининг хулқ-атворига танқидий назар солишнинг пасайиши, сабабсиз кулги, сергаплик намоён бўлади. Бир хил наркотиклар карахтлик, кўриш галлюцинацияларини, баъзан товуш галлюцинациялари ва васваса ҳолатини, тажовузкорликка мойилликни келтириб чиқаради. Бу агрессив ҳолат гиёҳвандликка мубтало бўлган бемор шахсни ижтимоий хавфли қилиб қўяди.

Ҳамма гиёҳвандларда ички аъзолар хасталиклари ривожланади. Беморлар ёшига нисбатан катта кўринадилар, терилари серажин, сарғимтир ёки кулранг тусга киради. Сочлари ва тишлари тўкилади, томирга олган инъекцияларидан кўпгина чандиқлар қолади. Беморлар ҳолдан тоядилар.

Наркотикларни узоқ вақт истеъмол қилганда шахс борган сари инқирозга учрайди, атрофдагиларга ҳамда яқинларига бефарқ бўлиб қолади, ақл-идроки пасаяди. Бундай инсонлар яхши хулқ ва одатларини йўқотади, тез-тез хавфли ҳаракатлар содир этади. Гиёҳвандлар наркотик модда дозасини юқори қилиб юборганида, абстинент (хумор) ҳолатида эса – юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этадилар. Улар ОИТС инфекциясининг ташувчилари ва асосий тарқатувчилари бўлиб қолади ҳамда шу хасталикдан вафот этганларнинг кўпчилигини ташкил қилади. Гиёҳвандлик воситалари инсон организмини, марказий асаб тизимини, шахснинг кайфиятини ва ҳаракатини, юриш-туришини ўзгартиради. Уни истеъмол қилиш инсон ҳаёти ва унинг зурриёдига, келажак ҳаётига, фарзандларига катта салбий таъсир қилади.

Гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 31 июлдаги 293-сонли “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тўғрисида”ги қарорида берилган.

Гиёҳвандлик бутун дунёда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган энг долзарб муаммолардан бири бўлиб, бундай моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси жуда юқоридир.

Яна ўқинг:  Болангиз сариқ (гепатит) касаллигига чалиндими?

1961 йилда гиёҳванд воситалар тўғрисидаги Ягона Конвенция қабул қилинган бўлиб, Ўзбекистон унга 1997 йили аъзо бўлиб кирган. Ягона Конвенция гиёҳванд воситалар билан боғлиқ ҳолда содир этиладиган 18 жиноий қилмишга жавобгарликни назарда тутган: гиёҳванд воситаларни ўстириш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, ажратиб олиш, тайёргарлик кўриш, сақлаш, тижорат мақсадида таклиф қилиш, тақсимлаш, сотиб олиш, сотиш, ҳар қандай шартлар билан етказиб бериш, даллоллик, жўнатиш, транзит орқали жўнатиш, ташиш, гиёҳванд воситаларни олиб чиқиш ва олиб кириш. Шунингдек, конвенцияда гиёҳванд воситаларни ўстириш, олиб кириш ва бошқа қилмишларнинг шарҳи ҳам берилган.

Шунингдек, 1988 йилда Вена шаҳрида қабул қилинган “Гиёҳванд воситалар ва психотроп моддалар билан ғайриқонуний муомала қилишга қарши кураш тўғрисида” Конвенция (Ўзбекистон ушбу Конвенцияга 1994 йили аъзо бўлиб кирган)да гиёҳванд воситалар билан боғлиқ бўлган бошқа қилмишлар жиноят ҳисобланиши қайд этилган.

Конвенцияда бундай жиноят содир қилган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш каби оғир жазо чораларини тайинлаш, гиёҳвандликка мубтало бўлган шахсларни даволаш, қайта тарбиялаш, уларни кузатиб бориш ва меҳнат қилиш қобилиятини тиклаш, ижтимоий тиклаш чораларини фаол қўллаш тавсия қилинган.

Мамлакатимизда 1999 йил 19 августда “Гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар, прекурсорлар ва улар билан муомала қилиш, уларни суиистеъмол қилишларга қарши чоралар тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.

Гиёҳвандлик – жиноятчилик билан боғлиқ ҳодисадир. Биринчидан, наркотикларни қўлга киритиш ёки уларнинг олдини олиш учун пул топиш мақсадида оғир оқибатли қасддан жиноятлар содир этилади. Иккинчидан, наркотик моддаларни қабул қилиш таъсири остида тез-тез жиноятлар содир этилади. Ниҳоят, гиёҳвандлик билан жиноятчилик ўртасидаги боғлиқлик гиёҳванд­лик моддаларининг ноқонуний айланиши оқибатида юзага келадиган ҳуқуқбузарлик ҳаракатларининг содир этилишида намоён бўлади.

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш деганда халқаро ҳуқуқий ва ички давлат назорати ўрнатилган гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш, жўнатиш ва ҳоказо ҳаракатларнинг содир этилиши тушунилади.

2011 йил 14 сентябрда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш марказини ташкил этиш тўғрисида (Остона, 2006 йил 24 июль) ратификация қилиш ҳақида Ўзбекистон республикасининг қонуни қабул қилинган.

Яна ўқинг:  ИРСИЯТ СОҒЛОМ БЎЛСИН

Ушбу қонунга асосан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш марказини ташкил этиш тўғрисида Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қир­ғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги Битим (Остона, 2006 йил 24 июль) ратификация қилинган.

Битимнинг 8-моддаси 1-банди бўйича: “Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси Битим доирасида миллий мувофиқлаштирувчи орган сифатида белгиланган.

Битим доирасида Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари сифатида: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази белгиланган”;

Битимнинг 9-моддаси бўйича: “Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси раисининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказининг директори Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши таркибига Ўзбекистон Республикасидан вакил сифатида белгиланган.

Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки токсикоманияга (заҳарвандлик, яъни клей, бензин, турли бўёқлар каби ўткир ҳидли заҳарли моддаларни ҳидлаб кайф қилувчилар) мубтало бўлган беморларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги махсус даволаш, олдини олиш муассасаларида мажбурий даволаш Ўзбекистон Республикасининг “Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида”ги қонунида белгилаб қўйилган.

Жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузаётган, ёҳуд аҳолининг осойишталигига, саломатлигига ва маънавиятига хавф туғдираётган сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларга нисбатан мажбурий даволаш қўлланади. Шахсни сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки (токсикомания)га мубтало бўлган бемор деб топиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда тегишли даволаш муассасалари томонидан амалга оширилади. Шахсни мажбурий даволашга жўнатиш учун тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортган ҳолларда, ички ишлар идораларининг кўмагида ўн кун муддат ичида наркология муассасасида мажбурий тарзда текширилиши керак. Мазкур тоифадаги шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материаллар тиббий хулоса бўлган тақдирда ички ишлар идоралари томонидан уларнинг ўз ташаббусига кўра, ёки беморнинг оила аъзолари ёҳуд қариндошларининг, меҳнат жамоаларининг, соғлиқни сақлаш муассасаларининг илтимосномалари асосида тайёрланади ва расмийлаштирилади.

Яна ўқинг:  ТАНТИ ТАБИАТНИНГ ДАРМОНБАХШ ТУҲФАЛАРИ

Мазкур қонуннинг 1-моддасида кўрсатилган шахсларни мажбурий даволашга жўнатиш масаласи йигирма кунлик муддат ичида бемор яшаб турган жойдаги ёки наркология муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан бемор иштирокида ҳал этилади.

Бемор узрсиз сабаб билан келмаса, у ички ишлар идоралари орқали мажбурий тарзда олиб келинади. Суднинг мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги қарори ҳақида устидан қарор чиқарилган шахс ёхуд унинг ҳимоячиси шикоят қилиши ёки прокурор томонидан кассация тартибида етти кунлик муддат ичида юқори турувчи судга норозилик билдирилиши мумкин. Шикоят берилиши ёки прокурор томонидан кассация тартибида норозилик билдирилиши суд қарорининг ижросини тўхтатиб туради. Суднинг шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги қарори ички ишлар идоралари томонидан бу қарор қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб кечи билан ўн кунлик муддат ичида ижро этилади.

Мажбурий даволаш муддати тўғрисидаги масала даволаш муассасаси томонидан комиссиядан ўтказиш тартибида, бемор даволашга жойлаштирилгач беш кун ичида ҳал этилади. Бемор даволанаётган даволаш муассасасининг комиссияси қабул қилган қарор асосида беморни мажбурий даволаш тўхтатилади.

Шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги суднинг қарори уни ишдан бўшаш нафақаси тўламай ишдан бўшатиш учун асос бўлади. Мажбурий даволанишга юборилган шахслар аввалги яшаш жойидаги турар жой майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар. Даволаш муассасаларидан мажбурий даволашдан қайтган шахсларни ишга жойлаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ҳурматли юртдошлар!

Огоҳ бўлинг! Фарзандларингизнинг кимлар билан дўстлашгани, улар билан мулоқот қиладиган инсонларнинг касби-кори, феъл-атвори ҳамда жамиятда тутган ўрни сизни бефарқ қолдирмасин. Зеро, халқимизда “Дўстинг кимлигини айт, мен сенинг кимлигингни айтаман” деган мақол бежиз айтилмаган.

Дилноза АДИЛОВА,

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 1-сонли давлат нотариал идораси нотариуси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: