Танамизда яшовчи паразитлар

улардан қандай сақланиш мумкин?

Одам ва ҳайвонларнинг аъзо ва тўқималари ҳисобига яшовчи майда чувалчанглар – гижжалар (гельминтлар), улар келтириб чиқарадиган касалликлар гельминтозлар дейилади. Инсониятга гельминтозлар жуда қадим замонлардан маълум бўлиб, улар барча паразитар касалликларнинг 90 фоизни ташкил қилади.

Касаллик манбаи бемор одам ва гижжалар билан зарарланган ҳайвонлар ҳисобланади. Қўзғатувчининг тури, юқиш йўли ва юқиш омилларига кўра гельминтозлар учга бўлинади:

Биогельминтозлар – бу турдаги касалликда гижжа личинкаларининг инвазия (юқумлилик даражаси) босқичига қадар етилишида оралиқ хўжайин, тирик организм – яъни, биологик муҳит керак бўлади.

Геогельминтозлар – бу турдаги гельминтозда личинкаларнинг юқумлилик босқичига қадар етилиш жараёни тупроқда юзага келади.

Контагиоз яъни, мулоқот орқали юқадиган гельминтозлар – ушбу турдаги гельминтлар одамдан одамга бевосита ифлос қўллар, унинг ички кийими, чойшаблари, ювинишда ишлатиладиган буюмлари ва маиший анжомлар орқали юқади. Мулоқот йўли орқали юқадиган гижжаларга энтеробиоз ва гименолепидоз касалликлари киради.

Хасталикнинг бу турлари асосан болалар орасида кенг тарқалган. Улар нажаслари орқали ташқи муҳитни гижжа тухумлари билан ифлослантирадилар. Зарарсизлантирилмаган нажасни дала ҳамда экинзорларда ўғит сифатида ишлатилиши ва резавор мева ҳамда сабзавотларнинг ифлосланган сувлар билан суғорилиши ҳам бу хасталикнинг кенг тарқалишига замин яратади. Бундан ташқари гижжа касаллиги билан касалланган итларнинг экинзорларда оралаб юриши натижасида етиштирилаётган сабзавотлар, резаворлар ва кўкатлар гижжа тухумлари билан ифлосланади. Одамлар яхши ювилмаган сабзавотлар, резавор мевалар ва кўкатларни истеъмол қилиш орқали ўзларига гижжа тухумларини юқтириб оладилар.

Айнан сабзавотлар, резавор мевалар ва кўкатлар орқали аскаридоз, трихоцефалёз, анкилостомидоз, стронгилоидоз ва эхинококкоз каби гижжа касалликлари келиб чиқади.

Асорати Сиз ўйлагандан ҳам оғир дард

Гижжалар инсон организмига заҳарли таъсир кўрсатади. Шунингдек, улар аллергик реакцияларни келтириб чиқаради. Яна организмнинг ҳар хил юқумли касалликларга қарши курашиш қобилиятини пасайтиради. Тўқима ва қон томир деворларини механик шикастланишига сабаб бўлади. Одам танасига тушган витаминлар ва минерал моддаларни ўзлаштиради. Улар асаб тизимига ҳам катта салбий таъсир кўрсатади.

Касаллик белгилари

Гижжа касаллигига чалинган беморларда ҳолсизлик, тез чарчаш, бош оғриғи, қорин соҳасида оғриқ, кўнгил айниши, асабийлик, аллергик тошмалар ва терида ҳар хил доғларнинг пайдо бўлиши каби клиник белгилар кузатилади. Ушбу дард ўз вақтида тўлиқ даволанмаса ёш болаларда жисмоний ва ақлий ривожланишнинг ортда қолиши, эпилептик тутқаноқ касаллиги каби жиддий асоратларни келиб чиқишига сабаб бўлади.

Яна ўқинг:  “Ўғлим дудуқланаяпти, тил тагини кестирсакмикан?”

Бундан шундай хулоса қилиш мумкин, яъни гельминтоз нафақат алоҳида аъзо, балки бутун организмнинг оғир дарди бўлиб, унинг белгилари пайдо бўлганда ўз вақтида шифокорга мурожаат этиш зарур.

Хасталикдан сақланиш йўллари

Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олиш муҳим ҳисобланади. Гельминтознинг олдини олишда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя килиш шарт. Ҳар бир одам ўзининг шахсий гигиена воситаларига эга бўлиши лозим. Овқатланишдан олдин, ҳожатхонага кириб-чиққач, эшик тутқичларини ушлагач, тупроқ билан ишлагандан сўнг ва болалар кўчада ўйнаб келганда қўлни совун билан яхшилаб ювиш лозим. Шунингдек, тирноқларни калта қилиб олиш зарур. Полизда, боғда ишлаш вақтида қўлни оғизга солишдан сақланиш керак. Айниқса, қўлни оғизга тиқиш каби салбий одат кўпинча ёш болаларга хос.

Гижжа тухумларини мева-сабзавотлар ва кўкатлар орқали юқишини олдини олиш учун уларни оқар сувда яхшилаб ювиш шарт. Кўкатларни аввал шўр сувда ивитиб қўйиб, кейин оқар сувда обдон ювиб, сўнгра истеъмол қилиш тавсия этилади.

Уйда ва мактабгача таълим муассасаларида болаларни парвариш килишда ишлатиладиган буюмлар ва ўйинчоқларнинг тоза сақланишига доим эътибор қилиш зарур. Болалар туваги, стуллар, ўйинчоқлар, ҳожатхона эшиги ва поли ҳар куни зарарсизлантирувчи воситалар ёки қайноқ сув билан яхшилаб тозаланиши шарт. Ҳаводаги чанг билан бирга гижжа тухумларини оғиз ва нафас олиш йўллари орқали организмга тушишини олдини олиш мақсадида хоналарда мунтазам намли тозалаш ишлари олиб борилиши, ҳовлилар сув сепиб супирилиши мақсадга мувофиқдир.

Очиқ сув ҳавзалари сувини фақат қайнатиб ичиш, ҳар доим яхши пиширилган ва қовурилган гўштни истеъмол қилиш талаб этилади.

Гельминтоз касаллиги белгилари пайдо бўлганда дарҳол мутахассисга мурожаат қилиш даркор. Яна тегишли лаборатория таҳлилларини топшириш ва унинг натижалари асосида шифокор маслаҳати билан ўз вақтида даволаш курсларини тўлиқ амалга ошириш беморнинг ушбу дардни жиддий асоратсиз енгиб тезда оёққа туриб кетишига сабаб бўлади.

 

Саҳифани Республика ДСЭНМ паразитология бўлими мутахассиси Хуршида АҲМЕДОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: