Нонни эъзозлаганнинг насибаси бутун

Кенг кўчадан ёш ота-она боришарди. Ота тўрт ёшлардаги ўғилчасини етаклаб олган. Она эса болалар аравачасидаги бир ярим-икки ёшлардаги қизалоғини дам-бадам эркалатиб борарди. Қизчанинг қўлида ширин кулча. Шу пайт қизчанинг «Манг, ая», деган овози эшитилди. Шу лаҳзада кутилмаган ҳолат рўй берди. Онаси қизига нимадир деди шекилли, бола қўлидаги кулчани йўл четига ирғитиб юборди. «Бопладимми», дегандай онасига қараб шодон жилмайди. Она қизининг уддабуронлигидан завқи келди шекилли, уни эркалатиб қўйди.

Ширин кулча эса коптокдай думалаб тупроққа беланганча йўлнинг четига бориб тушди. Бу манзара менга оғир таъсир қилди. Хаёлимда бундан бир неча кун аввал Раҳмонжон ака билан бўлган суҳбат жонланди.

У кишини йигирма мингдан зиёд ҳам­қишлоқларимнинг барчаси жуда ҳурмат қилишади. Боиси, қайси хонадонда қандай маросим бўлмасин, Раҳмонжон аканинг тандиридан чиққан бўрсилдоқ, мазали, кишининг ҳавасини келтирадиган нонлари дастурхонни безайди. Ана шундан бўлса керак, уни эл кўпроқ «Новвой ака» деб эъзозлашади.

Ҳар бир инсон нимагадир эътиқод қилади, унга талпиниб яшайди. Раҳмонжон аканинг ҳам ҳаёт тўғрисида ўз фалсафаси, эътиқоди бор. Айниқса, у нонни чиндан ҳам юксак даражада қадрлайди. Унинг ҳикоясини тингласангиз, сиз ҳам бугунги кунда кўзимизга анча сероб кўринаётган ноннинг нечоғлик табарруклигига, усиз ҳаётнинг қанчалар машаққатга айланиши мумкинлигига қайта-қайта имон келтирасиз.

– Баъзиларнинг тутумига ҳайрон қоламан, – деганди суҳбатдошим. – Очиқроқ айтганда, озгина бойидими, у албатта бошқалар олдида ким ўзарга ҳаёт кечиришга ўтиб олади. Бу нарса тўй-ҳашамларда, айниқса, яққолроқ кўзга ташланади. Орамизда шундайлар ҳам борки, улар ўтказаётган маросимларнинг дабдабасини новвойларга берилган буюртма нонларнинг сони билан ҳам баҳолашга ўрганишган. Мен новвой сифатида нон ёпиб, сўнгра ўша тўйга борганимда исрофгарчиликларни, болаларнинг оёғи остида қолаётган табаррук нон бўлакларини кўрганимда минг бор ачинаман. Шундай пайтларда бир бурда нонга зор бўлган ёшлигим ва кунжара еб бевақт дунёдан кўз юмган ҳамқишлоқларим кўз олдимга келади.

Отам урушга кетганида мен ўн ёшда, синг­лим саккиз ёшда эди. Нон – анқонинг уруғи. Бу дегани жонингни гаровга қўйсанг ҳам нон топилмайди. Онда-сондагина бир бурда ёки ярим бурда зоғора нон есак, ўзимизни энг бахтиёр инсон ҳисоблар эдик. Онам далага иккимизни бошлаб чиқар, бир қўлида кетмон, бошида тугунчаси бўлар эди. Энди шуни ўйласам, онам бечора далага меҳнат қилишдан ҳам кўра, суюқ атала билан бизнинг қорнимизни тўйдириш учун борар экан. Ёш бошимиз билан емиш топиш ташвиши бизнинг зиммамизга ҳам тушганлигини ўйласам, яна ҳам эзилиб кетаман. Қишлоқ ёнидан оқиб ўтадиган сойдан кечиб не машаққатлар билан адирлардан бошоқ терганларимиз, чумолидек ризқ-рўз излаб зир югурганларимизни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетади. Дон топа олмаган пайтларимизда олабута, қичитқи каби ўтларни ўриб келардик. Онам эса уларни офтобда обдон қуритиб, келида туйгач, озгина туз, яна қандайдир бирор нарсани солиб хамир қиларди ва ўчоққа кўмиб қўярди. У кулга беланган ҳолатда пишгач, талашиб ердик. Буни одамлар кўмач дейишарди. Қорнимизнинг ўта очлигидан бўлса керак, кулга беланган ўша кўмач жуда ширин татир эди.

Яна ўқинг:  ERTAKLAR OLAMI

Ўтмишда нонга қанчалик зор бўлганлигимизни, бир бурда нон учун одамлар не кўйларга тушганлигини ёшларга айтсак, эртакдек туюлади. Гоҳида ўйланиб қоламан, қандай замонда яшаяпмиз! Бизнинг фарзанд­ларимиз бунчалик исрофгарчиликка йўл қўйсалар, уларнинг авлоди қандай иш тутаркин? Ота-боболаримиз «Нимани хор қилсанг, ўшанга зор бўласан», деган ўгитини ёшларга қандай тушунтириш мумкин?

Ҳа, новвой аканинг куюнчак фикрларида жон бор. Ёдимда, болалик пайтимизда ота-оналаримиз: «Дастурхонга тўкилган ушоқларни есанг, савоб бўлади, товоқдан дастурхонга тўкилган ош гуручидан етти дона есанг, бой бўласан», деб уқтиришарди. Не ажабки, биз ҳеч оғринмасдан уларнинг айтганларини бажарардик. Тўкилган ушоқ ва гуручларни ака-укалар ёки опа-сингиллар билан талашиб ҳам кетардик. Фарзандларимиз-чи, ортиб қолган овқатни ёки ноннинг суви қочганлигидан ейишга ўзини тортиб туришади.

Халқимизнинг нимаси кўп, маросими кўп. Ҳозирги тўқчилик кунларида ҳам дастурхон кўрки – нон. Аммо меҳмоннинг ҳурмати қанча нон қўйилгани ёки синдирилганлиги билан ўлчанмайди? Ноннинг муқаддаслигини фарзандларимиз онгига сингдира олсак, юқоридаги қизчадек ирғитиб ташлашларига бепарво бўлмасак, ноннинг уволи борлигини унутмасак, айни муддао бўлур эди.

Шамсиддин ИСМОН

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: