Мақсадга ҳалол эришмоқ йўли

Ҳар бир миллатнинг ўтмишини ифодаловчи, асрлар давомида эъзозланиб келган қадриятлари бўлади. Ўзбек халқининг ана шундай асрлар оша яшаб келаётган қадриятларидан бири бўлмиш кураш бугун истиқлол шарофати билан дунёдаги энг оммавий спорт турларидан бирига айланди.

Курашда энг асосий эътибор ҳалолликка қаратилган. Зеро, унда энг катта баҳонинг «ҳалол» деб номланиши ҳам шундан далолат беради. Халқ оғзаки ижоди орқали оғиздан-оғизган ўтган достонлар қаҳрамонлари бўлмиш полвонлар ҳам ўзларига ҳалоллик ва адолатли бўлишни шиор қилиб олганларига гувоҳ бўламиз.

Давлатимиз мустақилликка эришгандан сўнг курашни тарғиб қилишга ва уни ривожлантиришга янада кенгроқ эътибор берила бошланди. Шахсан Юртбошимиз кўмаги ва раҳнамолигида бир гуруҳ спортимиз жонкуярлари курашни халқаро майдонга олиб чиқиш режасини ишлаб чиқдилар. Бир вақтнинг ўзида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида қатор йирик турнирлар ташкил этилди.

Шу билан бирга Жанубий Корея, Канада, Япония, Ҳиндистон, АҚШ, Монако ва Россия давлатларида ўтказилган турли спорт форумларида курашнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Мана шундай саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бера бошлади. 1998 йилнинг 6 сентябрида Тошкентда 28 давлат вакиллари иштирокида Кураш Халқаро Ассоциацияси (IKA)га асос солинди.

Бугунги кунга келиб Кураш Халқаро Ассоциацияси ўз ичига Осиё, Африка, Европа, Пан-Америка ҳамда Океания Кураш Конфедерацияларини қамраб олган.

Халқимиз ҳар доим фахрланса арзийдиган полвонларга эга бўлиб келган. Бунинг сабаби ҳам ўз-ўзидан оилавий тарбияга бориб тақалади десак муболаға бўлмайди. Зеро, қадимдан тўйларда, байрамларда кураш тушиб келган ота-бобо, ака-укаларини кўрган ёшларнинг ҳам худди уларга ўхшашга интилиши табиий ва бу юртимизда полвонларнинг янги-янги авлодлари етишиб чиқаверишига сабаб бўлади.

Полвон юраги билан йиқилса йиқилади-ку кураги билан йиқилмайди, дейишади. Ана шундай юраги ботир юрт фарзанди бўлган полвон йигитларимизнинг довруғи бугун дунёни тутган.

Бугунги кунда кураш дунёдаги кўпгина давлатларда кучли қизиқиш билан ўрганилмоқда, унга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ким Эл Жунг:

Корея Кураш Федерацияси Президенти, халқаро тоифадаги ҳакам

– Мен жуда кўп спорт турлари билан шуғулланганман. Лекин 2001 йил кураш мусобақаларини кузата туриб, менда унга нисбатан қизиқиш уйғонди. Ўзбекистонга келиб энг аввало курашни ўрганиш учун ўзбек тилини ўргандим. Бугун ўзбек тилида бемалол гаплаша оламан. Ҳаётимни эса курашсиз тасаввур эта олмайман.

Яна ўқинг:  Каналар – хавфли хасталиклар манбаи

Давлатимиз раҳбарининг 1999 йил ­ 1 февралдаги «Халқаро «Кураш» Ассоциациясини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармони миллий спортимиз бўлмиш кураш ривожини янги босқичга кўтарди. 1999 йилда Тошкентда бўлиб ўтган кураш бўйича биринчи жаҳон чемпионатида Европа, Осиё, Африка, Шимолий ва Жанубий Америка қитъаларининг 48 мамлакати вакиллари иштирок этди.

Бугунга келиб жаҳоннинг 5 та қитъасида конфедерациялар, 121 та давлатда расмий федерациялар фаолият кўрсатмоқда.

Кураш Осиё ўйинлари таркибидан ўрин олиб, Африка, Пан-Америка, Европа ўйинларига кириш борасида ҳам аниқ қадамлар қўйилди.

Ирина Швенская:

Халқаро Олимпия қўмитаси аъзоси

– Кураш мамлакатингизда кўп минг йиллик тарихга эга азалий қадриятлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда курашга бўлган қизиқиш нафақат Ўзбекистонда, балки, бутун дунёда оммавийлашиб, мухлислар олқишига сазовор бўлмоқда. Ҳозир кураш билан фақатгина эркаклар эмас аёллар, болалар ҳам катта қизиқиш билан шуғулланмоқда. Бу албатта халқингизнинг жаҳон миқёсида янада юксалиб тараққий этишида, Ўзбекистонни дунёга танитишда катта аҳамият касб этади. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, бошқа миллат ва элатлар билан ўрнатилган дўстона алоқаларни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлади. Кураш шу зайлда ривожланиб борар экан тез орада Халқаро Олимпия ўйинларига киритилишига ишонаман.

«Кураш», «яктак», «таъзим», «тўхта», «ёнбош», «чала», «дакки», «ҳалол» каби ўзбекча сўзларнинг турли миллатга мансуб ҳакамлар тилидан янграши кўксимизни тоғдай кўтаради. Миллий курашимиз усулларини моҳирона қўллаб, бел олишаётган хорижлик полвонларни кўрганимизда қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади.

Юма Саики:

Ёшлар ўртасида Жаҳон чемпиони (Япония)

– Мен ёшлигимдан кураш билан шуғулланиб келаман. Илк бор кураш тўгарагига борганимда унинг усуллари дзюдоникига жуда ўхшашдек туюлганди. Аммо курашда тик туриб олишиш, рақибга нисбатан ҳурмат каби омиллар мени ҳайратлантирди. Севимли спортимнинг салкам 3000 йиллик тарихи бор экан. Бугун Японияда кураш билан мунтазам шуғулланаётган минглаб тенгқурларим бор.

Шу йилнинг 29 июнь – 6 июль кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ёпиқ иншоотларда ҳамда жанговар яккакурашлар бўйича ўтказиладиган IV Осиё ўйинлари юқори савияда ўтказилди.

IV Осиё ўйинларида иштирок этган қирқ­дан ортиқ мамлакат полвонлари ўртасида Кураш мусобақалари муросасиз ўтди.

Гулёр Отажонова:

Кураш бўйича IV Осиё ўйинларининг олтин медаль соҳибаси

– Мен Ўзбекистоннинг чекка ҳудуди – Хоразмда туғилиб вояга етмоқдаман. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан хотин-қизлар спортига қаратилаётган эътибор сабаб яратилан барча имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпман. Инчеонда ғолибларни тақдирлаётганда давлатимиз байроғи энг тепага кўтарилаётганини кўриб, мадҳиямиз энг биринчи жаранглаётганини эшитиб кўзимга ёш келди. Мақсадим спортдаги фаолиятим сўнггигача Ватанимиз обрў-эътибори, нуфузини янада юксалтиришга бор кучимни сарфлаш.

Яна ўқинг:  Жамғарма фаолиятидан (2013-38)

Боболари полвон бу юртнинг фарзандлари-да полвон бўлади. Ватани, оиласи ор-номусини ҳамма нарсадан устун қўйган миллатнинг эртаси бугунидан-да қудратли бўлишига бутун дунё ишонади.

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: