Истиқлол бунёдкори

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”, деган сўзларини ҳар гал эшитганимда қалбимни чексиз ишонч туйғулари эгаллайди.

Хонамда ўтириб, шуларни ўйлар эканман, қулоғимга ташқаридан болакайларнинг шовқини эшитилди. Ўрнимдан туриб, деразадан овоз келган томонга қарадим.

Эгниларига оқ кўйлак, қора шим кийган болажонларга бир муддат тикилиб, хаёлларим мени ўзим ўқиган қадрдон гўша – олис Самарқанддаги она мактабим томон етаклади. Дадам илк бор мактабга олиб борган ўша унутилмас кун, биринчи ўтирган партам, биринчи устозим… Ўшанда онажоним мени бағрига босиб, кўзига ёш олганди. Қўлимга бежирим портфелни тутқазар экан, бу Президент совғаси эканлигини, ушбу ҳадяга муносиб бўлишим, намунали ўқишим лозимлигини уқтирганлари ҳали-ҳамон ёдимда. Яна шу нарса эсимдаки, “Биринчи Президентимиз қандай инсон экан, менга ўхшаган қанча тенгдошларимни ўйлаб, шундай совға юборган бўлса, демак, улар бизни танир экан-да”, деган турли ўйлар билан мактабга қатнардим.

Мана, бу йил ўн саккиз ёшга қадам қўйяпман. Орзуларим эса бир олам. Аммо, қалбимни ҳар замонда армон тирнайди. “Давр бизники, марра бизники” дея уқтирган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов энди орамизда йўқ.

Аҳён-аҳёнда, дарсдан қайтар чоғим пойтахтимиздаги Мустақиллик майдони томон йўл оламан. Дарвоқе, коллежимиз шундоқ Амир Темур хиёбонига туташ жойда. Ўй-хаёлларим билан борар эканман, қаршимда Ислом Каримов шахдам қадамлар билан юриб келаётгандек бўлади. Ҳаяжондан ўзимни йўқотиб қўяман. Шошганимдан айтар сўзларимни унутаман. Майдонни пиёда кезиб, сўнг автобусга ўтириб, уйга қайтаман. Ён-атрофдаги биноларга қараб, завқим келади, ҳайратим ошади.

Президентимизнинг шаҳримизни ободонлаштириш борасидаги бунёдкорлик ишлари дилимга ифтихор туйғуларини жо этади. Китоблардан ўқиб билдимки, бу бунёдкор инсон давлат бошқарувига келган илк кунларданоқ, халқимизнинг буюк фарзанди Соҳибқирон Амир Темурнинг номини оқлаб, унинг миллат ва юрт равнақи учун қилган ишларини муносиб қадрлаган ва ўзи ҳам Амир Темур каби жасорат билан давлатбошқарувида давом этган экан. Соҳибқироннинг бундан 600 йиллар муқаддам айтган “Бизнинг қудратимизни билмоқчи бўлсангиз, биз қурган биноларга боқинг” деган сўзлари Биринчи Президентимизни илҳомлантиргани ўтган йиллар давомида амалда қайта-қайта ўз исботини топди.

Ҳақиқатан ҳам Мустақиллик майдонидаги янгиланишлар, арканинг ўзгача услубда қад ростлаши, унинг атрофидаги баланд бинолар, ҳар дафъа майдондан ўтиб-қайтганимда қалбимни ғурурга тўлдиради. Уч муҳташам меҳмонхонадан бироз кун чиқишга томон юраверсак, янада фахрланиб кетаман. Чунки бу ерда шаҳарга алоҳида кўрк бериб турган Темурийлар тарихи давлат музейи жойлашган. Музейнинг қаршисида, ҳозир анвойи гуллар-у манзарали дарахтлар билан беқиёс гўзаллик оғушига чулғанган майдонда ўзининг чопқир арғумоғида Мустақиллик майдони сари юзланиб турган Соҳибқирон бобомизнинг муаззам ҳайкали ўрнатилганидан ҳам рамзий маъно излайман. Худди мен каби тенгдошларим ҳам ҳар сафар шу майдонга йўли тушаркан, ҳайкал олдидан бефарқ ўтиб кета олмайди. Фақат тенгдошларим эмас, кузатаман, кўпчилик от устида виқор билан ўтирган Амир Темур ҳазратларига бошдан-оёқ разм солади. Шунда ўйлайманки, мазкур меъморий иншоотларнинг ижодкори – Ислом Каримов халқимизнинг қалбидаги армонларини, орзу-ниятларини теран англаган. Шунинг учун ҳам бу фидоий, халқпарвар инсон республиканинг ҳар бир фуқароси юрагида ифтихор, келажакка умид уйғота олган, бу каби иншоотларнинг қурилишига бош-қош бўлган.

Яна ўқинг:  Иммунитетни қандай оширамиз?

Юқорида айтганимдек, бундай ўзгаришлар нафақат Тошкентда, балки мамлакатимизнинг ҳар бир вилоят ва шаҳрида изчил амалга оширилди. Ҳозир қаерга борманг Биринчи Президентимиз ташаббуси билан қурилган янги-янги иншоотлар, саноат корхоналари, дам олиш масканлари, боғлар, айниқса, замонавий типдаги олий ўқув юртлари, коллеж, академик-лицей, мактаблар дилимизни яйратади. Обод маҳаллалар, унда яшаётган ҳар бир инсон ҳаётдан рози бўлиб, юртини янада тараққий эттириш йўлида ўз ҳиссасини қўшгиси келади.

Кўплаб зиёратгоҳларнинг барпо этилгани ёки қайта тикланганлиги, донғи дунёга таралган илмли ва авлиё зотларнинг мангу ётган масканларида қад ростлаган обидаларга қараб, ич-ичимдан қувонаман. Шунда яна бир бор бунёдкор бобомизнинг узоқни кўзлаб амалга оширган эзгу ишларига тасаннолар айтаман.

Абдулло САИДОВ,

Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: