Ғалабалар унутилмас хотираларга айланади
Ғалабалар унутилмас хотираларга айланади – дейди Осиё ўйинлари, Осиё чемпионати ва IV Ислом бирдамлик
ўйинлари ғолибаси Анастасия СЕРДЮКОВА.
Истиқлол берган энг азиз неъмат бу – тинч ва осуда ҳаётимиздир. Ана шу хотиржамлик туфайли бугун барча жабҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқдамиз. Юртимиз шон-шуҳратини жаҳонга кенг ёйишда эса спортнинг алоҳида ўрни бор.
Бугун ўзбек бадиий гимнастикаси жаҳонда ўз мавқеига эга. Мустақиллик йиллари бу жозибали спорт турининг ривожи йўлида амалга оширилган қатор ижобий ишлар ўз самарасини бериб, термамиз минтақада етакчиликни ўз қўлига олди. Жаҳонда эса энг сара атлетлар сафида эътироф этилмоқда. Нуфузли халқаро мусобақаларда Ўзбекистон байроғи остида гиламга чиқиб келаётган ёш гимнастикачи қизларни кўрганимизда қалбимизда фахр-у ифтихор туйғулари жўш уради. Қувонарлиси, улар орасида қатор йирик турнирлар ғолиби Анастасия Сердюкова ҳам бор. Айтиш керакки, унинг йил давомида эришган ютуқлари юртимиз бадиий гимнастика ихлосмандларини беҳад қувонтирди.
Бу йил йигирма ёшни қаршилаётган Анастасия уч ёшидан бошлаб мураббий Севара Каримова қўл остида бадиий гимнастика сир-асрорларини ўрганиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида у қатор халқаро мусобқаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Қаҳрамонимиз 2011 йил мамлакатимиз мезбонлик қилган “Happy Caravan” халқаро турнирида совриндорлар қаторидан жой олганидан сўнг мутахассислар бу умидли гимнастикачининг иқтидорига илк бор эътибор қаратишган эди. Уч йилдан сўнг, у Инчеонда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида яккалик ҳисобда кумуш, жамоавий баҳсларда эса олтин медални қўлга киритиб, Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида жаҳоннинг энг сара атлетлари қаторида ўз иқтидорини намойиш этди. Анастасия Сердюкованинг меҳрибон ва жонкуяр мураббийи Севара Каримова Олимпия ўйинларидан кейин шогирди билан навбатдаги мусобақаларга шижоат ва ғайрат билан тайёргарлик кўрмоқда:
– Анастасия йил бошидаги бир неча турнирлардан кейин юртимизда ўтказилган жаҳон босқичи мусобақаларида бронза медалга сазовор бўлди. Шундан кейин Ислом бирдамлик ўйинлари ҳам биз учун муваффақиятли якунланди. Шогирдим булава билан олтин, халқа ва тўп билан ижро қилинган дастурда иккита кумуш, жамоавий ҳисобда эса кумуш медални қўлга киритди. Шундан кейин Испаниядаги жаҳон кубогида ҳам иккита кумуш медални ўз жамғармасига қўшиб қўйди. Қолаверса, Астанадаги Осиё чемпионати ҳам мавсумнинг энг нуфузли стартларидан бири бўлди. Унда шогирдим 3 та олтин, жамоавий ҳисобда эса кумуш медални қўлга киритди.
Биласизми, Настянинг муваффақиятларидан устоз сифатида ниҳоятда хурсанд бўламан. Чунки, у ўзбек бадиий гимнастикаси тарихида биринчи марта Осиё чемпионатида кўпкурашда олтин медалга сазовор бўлди.
У мустақиллик даврида туғилиб, вояга етган қиз. Юртимизда спортга бўлаётган катта эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар туфайли шогирдим бугунги кунда ана шундай натижаларга эришди. Бунинг замирида, албатта, билдирилаётган ишонч, эътиборни оқлаш ҳисси бор. Ўзим машқ қилаётган пайтларда бугунгидаги шароитлар ҳақида ҳатто, орзу ҳам қилмаганмиз. Ҳозирги авлод эса энг замонавий, жаҳон стандартларига жавоб берадиган анжомларда машқ қилишмоқда. Улар бошқача шароитни хаёлларига ҳам келтира олишмайди.
Ёш атлетларимиз учун яратилган имкониятлар туфайли халқаро мусобақалардаги натижаларимиз йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.
Болаликдан спорт машғулотларига келган ҳар бир қизалоқ кун келиб, албатта, чемпион бўлишни орзу қилади. Мусобақаларда совринли ўринларга сазовор бўлар экан сабр-тоқатли, иродали, мақсад сари интилувчан бўлишга ўрганади. Ҳар қандай вазиятда ҳам мухлислар ишончини оқлаш, юрт шарафини муносиб ҳимоя қилиш ҳисси уни катта марралар сари ундайди. Осиё ўйинлари, Осиё чемпионати, IV Ислом бирдамлик ўйинлари ғолибаси сифатида Анастасия Сердюкова ҳам бугун Ўзбекистонимизнинг иқтидорли ёшлари сафида эътироф этилмоқда:
– Мусобақаларда чиқиш қилаётганда мухлислар олқишлар билан кутиб олиб, қарсаклар билан кузатиб қўйиши ёддан чиқмас хотираларга айланади. Уларнинг “Настя, баракалла!”, “Настя, сен уддалайсан!” дея қўллаб-қувватлаши менга руҳий далда бўлади. Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганидаги ҳиссиётларимни эса сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бундан кейин ҳам ўз устимда янада ишлаб, юксак марраларни забт этишга ҳаракат қиламан.
Анастасияга олдиндаги мусобақаларда омад ва зафарлар тилаймиз.
Юлдуз ОРТИҚОВА