Муқаддас оила асоси

Қишлоқнинг ўз тафти бор. Бир томондан қариндош-уруғлар билан бўлган дийдор сабаб қалб ором олса, бир ёқдан бу ердаги ижобий ўзгаришларни кўриб, кўнглинг яйрайди.

Бироқ, баъзида қишлоқнинг содда одамлари орасида ҳам ёмон гаплар оралаб қолади. Гоҳида “Фалончининг қизи унаштирилган йигитидан воз кечибди”, “Унаштирилган йигит тўйдан воз кечгани учун қиз ўз жонига қасд қилибди” каби эшитганда дилга озор берадиган турли гап-сўзлар қулоғимга чалинади. Бу иллатлар ўзбек йигитларининг ғурурига, қизларининг ибо-ҳаёсига путур етказаётганидан куйинаман.

Ёдимда, болалигимда икки ёшнинг севгиси ҳақида гап-сўз тарқаганда қишлоқ аҳли дарҳол бунинг олдини олиб, тезроқ ёшларнинг бошини қовуштиришга ҳаракат қилишарди. Чунки, бундай ҳолат қишлоқ учун ор саналарди-да. Афсуски, бугун бунинг аксини кўраётгандекмиз. Илгарилари ажралишлар уятли ҳол бўлса, ҳозирда бу оддий воқеликка айланиб бормоқда.

– Оила авлодлар давомийлигини таъминловчи муқаддас гўша ҳисобланади, – дейди Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманидаги Кўкдала ФҲДЁ мудири Шароқиб Шодиев. – Афсуски, бугун айрим ёшларимиз оила анъаналарига беписандлик билан муносабатда бўлмоқда. Натижада бунинг жабрини нафақат унинг яқинлари, балки бутун жамият тортмоқда. Ҳозирда ғарб турмуш тарзининг ёшлар онгига салбий таъсири натижасида оила, эр-хотин муносабатларига путур етяпти. Бунинг сабабини эса кўпчилик ёшларнинг ишсизлигида деб биламан. Бекорчиликдан улар кўп вақтини телевизор, телефон қаршисида беҳуда ўтказмоқда. Бу эса ўз-ўзидан улар тафаккурига салбий таъсир этаётир. Мен ота-оналардан фарзандларининг келажак тақдирига нисбатан эътиборли бўлишларини сўраган бўлардим.

Болалигимда қишлоғимизда катта кутубхона бўларди. Барча мен билган ака-опаларим ўша кутубхонадан китоб олиб ўқишарди. Уларни бўш вақтларида доим қўлида китоб билан кўрардим. Ҳатто, улар дала-даштга иш билан чиқса ҳам китобни ўзларига ҳамроҳ қилиб олардилар. Афсуски, бугуннинг ёшлари мутолаага ҳавасманд эмас. Шунинг учун ҳам баъзи ёшлар оила, муқаддас никоҳ тушунчасига беписанд муносабатда бўлмоқда.

Республика “Оила” илмий-амалий маркази томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижасида ёш оилаларнинг ажралиб кетиши сабабларидан энг кўп қайд этилаётгани эр-хотин дунёқарашининг бир-бирига мос келмаслигида экан. Шунингдек, улар орасида иқтисодий муаммолар, гиёҳвандлик ва ичкиликка берилиш, ўзаро ҳурмат йўқолганлиги, қайнона-келин ўртасидаги зиддиятлар ҳам бор.

Қолаверса, ёшларнинг муқаддас оила тушунчасини тўғри англаб етмаётганига оиладаги тарбиянинг сустлиги, ёш ўғил-қизларимизни миллий урф-одат ва анъаналаримизни яхши билмаслигида дейиш мумкин. Йўқса, улар оғир гуноҳ деб билган ишларга асло қўл уришмаган бўларди.

Яна ўқинг:  Маъқул келадиган ишга кирмоқчиман

Тўғри, бугун ушбу масала юзасидан юртимизда кўплаб ибратли ишлар амага оширилмоқда. Лекин ҳамма жойдаги ишларни ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди. Йўқса, маҳаллаларда жамоатчилик асосида ташкил этилган “Ота-оналар университети”, ФҲДЁ бўлимлари қошида ташкил этилган “Оила дорилфунуни курси”, “Ёш оила мактаби” каби ўқув курслари ўз натижасини бериши керак эди.

Ушбу мавзу орқали кимнидир танқид қилмоқчи эмасмиз. Мақсадимиз салбий иллатлар қуршовида қолган ёшларни огоҳликка чақириш, уларни қийнаётган муаммоларни биргаликда ҳал қилишдир.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: