Билмай тикон босганлар

Вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар нега содир этилмоқда?

Бугун аҳлоқ тузатиш муассасаларида вояга етмаган ёшлар эҳтиётсизлик, ортиқча эркаликнинг жабрини тортмоқда.

Бу ҳақда эшитишнинг, сўз юритишнинг ўзи оғир. Уларнинг ота-оналари ва яқинлари аҳволини кўз олдимизга келтириш эса унданда мушкул иш. Жигаргўшаси содир этган жиноят туфайли бечора ота-онанинг юзи шувут, қалбида эса оғриқ ҳукмрон.

Аниқланишича, жорий йилнинг ўтган даври давомида республикамизда 3 минг нафар бола мактабда, 7 минг нафари коллежларда сабабсиз дарс қолдирган. Агар юртимизда ёшлар 18 миллионни ташкил этса, шулардан 13 минг нафари ўқимайдиган, ҳеч қаерда ишламайдиган уюшмаган ёшлардан иборат экан. Афсуски, содир этилган кўпгина жиноятлар ҳам айнан улар ўртасида юз берган.

Энди эътиборингизни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси берган маълумотларга қаратсак. Республикамиз ҳудудида вояга етмаганлар жиноятчилиги 869 та, ёшлар (18-30) жиноятчилиги 12 минг 966 та, жиноят содир этган мактаб ўқувчилари сони 244 нафар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари сони 1 минг 255 нафар, олий ўқув юртлари талабалари сони 194 нафар, ўқимасдан, ишламасдан юрган уюшмаган ёшлар сони эса 5 минг 607 нафарни ташкил этган. Шунингдек, ёшлар бештадан битта ҳолатда жиноятни гуруҳ таркибида содир этган. 11,5 фоиз (1492) ҳолатда улар томонидан қайта жиноят содир этилишига йўл қўйилган.

Республикада жиноят содир этган жами 1 минг 504 нафар ўқувчининг 83,4 фоизи (1255 нафари)ни академик лицей ва касб-ҳунар коллеж ўқувчилари ташкил этади.

Олиб борилган тарғибот ишлари натижасида бу рақамлар ўтган йилга қараганда камайган бўлсада, бироқ ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Энг ачинарлиси, вояга етмаганлар орасида ўз жонига қасд қилиш каби салбий иллатларнинг учраётгани аянчли ҳолдир.

Фарзандларимизни ҳар томонлама соғлом ва маънан етук шахс этиб тарбиялашда, энг аввало, оила ва маҳаллада ҳар томонлама соғлом муҳитни яратиш заруриги барчамизга маълум. Бунинг учун эса ҳар бир маҳаллада ҳуқуқий-маънавий тарғибот ишларини кучайтириш, таъсирчан ва самарали усуллардан кенг фойдаланиш лозим.

Бугунги кунда ўқувчилар ўртасида қаровсизлик, назоратсизлик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, давоматни яхшилашда ички ишлар органлари томонидан алоҳида эътибор таълим муассасалари билан ҳамкорликка қаратилмоқда.

Яна ўқинг:  Ботулизм – ҳаёт кушандаси

– Агар жиноят содир этишга мойил инсонлар билан вақтида тушунтириш ишлари олиб борилса, кўпгина салбий ҳолатларнинг олди олинади, – дейди Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси бошлиғи Азизбек Икромов. – Айнан ўқув даргоҳлари раҳбарлари томонидан таълим муассасасидаги тарбияси оғир болалар ҳақида ички ишлар ходимларига хабар берилмаяпти. Бунинг натижасида улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир бўлмоқда. Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш нафақат ҳуқуқ-тартибот органлари, балки бутун жамиятнинг вазифасидир.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият жиноятчи ёшларнинг шахси оиладаги тарбиявий муҳит сабабли шаклланишини кўрсатмоқда.

Тарбияси оғир ўсмирни эса қайта тарбиялаш зарур. Уни ахлоқан тузатиш ва тарбиялаш, жиноятчига айланишининг олдини олиш, шунингдек, жамият билан нормал алоқаларини тиклаш, унда фаол ҳаётий позицияни шакллантириш мақсадида амалга оширилади.

Тўғри, бу борада муайян ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, ҳамкорликдаги тарғибот ишларининг талаб даражасида олиб борилмаётганлиги оқибатида ёшлар ўртасида тез-тез жиноят содир этиш ҳолатлари учраб турибди.

Фарзандлар биз бераётган тарбия асосида вояга етади, ҳаёт кўникмаларини эгаллайди. Ҳеч биримиз боламизга ёмонликни тиламаймиз. Бутун ҳаётимизни уларга бағишлаганмиз. Уларнинг бекам-у кўст яшашлари, ўқиб, яхши инсон бўлишлари учун эртадан то кечга қадар тиним билмаймиз. Бироқ шаънимизга биргина хато туфайли жиноятчининг онаси ёки отаси деган тамға босилса, бундан ёмони йўқ. Бир сўз билан айтганда фарзанд тарбиясида оз бўлса-да, хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Бунинг оқибатида бутун жамият азият чекишини унутмаслигимиз керак.

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: