Ёшлик – ижод ва илҳом

I Республика ёш ижодкорлар форуми қандай руҳда ўтди?

6-9 октябрь кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар” оромгоҳида I Республика ёш ижодкорлар форуми бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган истеъдодли ва ижодкор ёшлар қалбида юртга муҳаббат, фахр-у ифтихор туйғулари жўш урди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида дунёнинг энг йирик сиёсатчиларига қарата “Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси, “вируси” тарқалишининг олдини олишдир”, – дея айтган фикрлари форум иштирокчилари томонидан юксак эътироф билан тилган олинди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши, 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни”, деб эълон қилинганлиги бунинг ёрқин ифодасидир.

Гўзал табиат манзараси – илҳом манбаи

6 октябрь. Шу куни эрта тонгдан юртимизнинг турли вилоятларидан келган 150 нафардан зиёд ёш ижодкорлар ва семинарнинг ишчи гуруҳи аъзолари автобуслар карвони билан Республика йўл патрул хизмати ходимлари ҳамроҳлигида “Ёшлар” оромгоҳи жойлашган тоғли Бўстонлиқнинг хушманзара ва бетакрор манзили томон йўлга чиқдилар. Йўл-йўлакай умидли ва ёш ижодкорлар ўзаро танишиш мобайнида бир-бирлари билан ижодий суҳбатлар қуришди. Мушоиралар, куй-қўшиқлар ижро этилди. Ёшлар орасида ҳақиқий ижодий кайфият ҳукм сурди.

Куз. Тоғлар буюк савлати билан ёшларга нурли келажаги ҳақида ишора бераётгандек, гўё. Юртимиз безаги бўлган гўзал табиат, пурвиқор тоғлар, Бўстонлиқнинг тиниқ сувлари ёшларнинг юрагига ҳаяжон, ҳайрат ва қувонч олиб кирди.

Самимийлик руҳи сингиб турди

Куннинг иккинчи ярмида семинарнинг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда ёзувчилар, шоирлар, ёш ижодкорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизнинг халқ ардоғидаги ёзувчи, шоир, таржимон ва публицист журналистлари юртимизда маънавият, адабиёт соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор, уларнинг ёруғ келажагига билдирилаётган ишонч, китоб мутолааси, илк маротаба ўтказилаётган ёшлар форумидан кутилаётган самарали натижалар ҳақида сўзладилар. Устоз адиблар ёш ижодкорларга семинарда фаол иштирок этишларида омадлар тиладилар.

Яна ўқинг:  Брусника – буйракка мадад

– Илк бор ташкил этилган ушбу форум ёш қаламкашларнинг катта байрамидир, – дейди Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али. – Семинарда иштирок этаётган ёшлар ичида адабиётнинг барча жанрлари вакиллари – бўлғуси шоир, адиб, драматург, публицист ва таржимонлар бор. Семинар дастури ниҳоятда тиғиз тузилган. Ҳар бир жанр бўйича таниқли адиблар раҳбарлик қиладиган ижодий гуруҳларда қатнашчиларнинг асарлари муҳокамалардан ўтади. Умид қиламизки, улар орасидан катта ижодкорлар етишиб чиқади. Бу форум келгусида мамлакатимиз ёш ижодкорларининг катта қизиқиш ила кутадиган, чанқоқлик билан интиладиган, ўқиб-ўрганадиган ҳамда катта синовлардан ўтказадиган чинакам маҳорат майдонига айланади.

Семинар иштирокчиларидан қорақолпоғистонлик Ажиниёз Исмоилов, фарғоналик Дилноза Абдуқодирова, навоийлик Сабина Худойқулова каби ёшлар сўзга чиқиб, ўз ижод намуналаридан ўқиб бердилар. Анжуман сўнггида санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига завқ бағишлади.

Робот шеър ўқиди

Фан ва илмий технология ривожланган мамлакат ҳар томонлама тараққий этади, деган фикр бор. Анжуман сўнгида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабалари яратган робот ўзбекча шеър ўқиб, тадбир иштирокчиларини ҳайратга солди.

– Бутун дунёда инновацион технологиялар жадал суръатлар билан ривожланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Иқтидорли ёшларимиз томонидан яратилган ушбу робот, уларни аниқ фанлар бўйича дунёдаги тенгдошлари билан бемалол беллаша олишини кўрсатди, – дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев. – Айтиш мумкинки, ёш авлоднинг истеъдодини рўёбга чиқариш учун мамлакатимизда барча имкониятлар мавжуд. Ёш ижодкорлар учун том маънода адабиёт байрамига айланиши кутилаётган ушбу форум ижод оламида устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Семинарнинг илк машғулотларига жалб этилган устозлар, элимиз ардоғидаги шоир-у адиблар рўйхатига назар ташлаб, анжуманга нечоғли жиддий тайёргарлик кўрилганига амин бўлиш мумкин.

Иқтидорли ёшларнинг сара ижод намуналари

Икки кун давомида адабий жанрлар бўйича ташкил этилган гуруҳларда семинарнинг асосий ижодий машғулотлари бўлиб ўтди. Шеърият бўлимида Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюушмаси аъзолари – Зебо Мирзо, Нодир Жонузоқ, Фахриддин Ҳайит, Фароғат Худойқулова, наср гуруҳида ёзувчилар – Хуршид Дўстмуҳаммад, Исажон Султон, драматургия бўлимида драматург ва ёзувчи Қўчқор Норқобил, публицистика бўлимида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллар университети ўқитувчиси Беруний Алимов, Назира Тошпўлатова, “Жамият” газетаси бош муҳаррири Бекзод Шукуров, журналист Иқбол Қўшшаева, бадиий таржима гуруҳида “Китоб дунёси” газетаси бош муҳаррири Хосият Рустамова ва таржимон Аъзам Обидов, Шуҳрат Сатторов тегишли жанрлар бўйича семинар иштирокчилари билан ижодий машғулотлар олиб боришди. Машғулотларда ёшларнинг ижод намуналари, қўлёзмалари батафсил таҳлил этилди. Уларга бадиий маҳорат ва ижод сирларига оид зарур маслаҳатлар берилди. Адабиётнинг долзарб масалалари бўйича устозлар ва шогирдлар ўртасида савол-жавоблар, қизиқарли баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Яна ўқинг:  Ота ибрати – ўғил бола учун ҳаёт сабоғи

– Китобларини ўқиб, шеърларини ёд олган, фақат ойнаи жаҳон орқали кўрган ёзувчи-шоирлар билан учрашиш, уларнинг суҳбатида бўлишдек бахтга муяссар бўлдик, – дейди сирдарёлик иштирокчи Мадинабону Абдуазимова. – Семинарда иштирок этиб шунга амин бўлдимки, ижод шошиб китоб чиқариш эмас, балки ёзган шеър-у ҳикояларинг билан одамлар қалбига йўл топиш дегани экан.

Анжуман ёшларга нима берди?

Айтиш жоиз, ушбу семинар сўзни эъзозловчи, миллий адабиётимиз хазинасини бойитувчи асарлар ёзишни ният қилган ёш қаламкашларни янги марра ва ютуқлар сари руҳлантирди. Уларга кўтаринки ижодий кайфият ва режалар улашди.

– Ушбу форумда адабиётга ошно ёшларнинг юксак ижодини, шижоатини кўриб, ниҳоятда қувондик, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги ёш ижодкорлар уюшмаси раиси Меҳриноз Аббосова. – Тоғлар бағридаги хушманзара оромгоҳда бир юз элликдан ортиқ ёш истеъдодлар учун барча зарур шароитлар яратиб берилди. Аминманки, ушбу форум келгусида ёшларнинг адабиёт байрамига айланади.

– “Таржимонлар – адабиёт соясидаги қаҳрамонлар”, дейишади. Таржима – адабиётнинг тириклик омили. Сабаби, ҳаётда ихтиролар, илм-фан каби, адабиёт ҳам бошқа халқларнинг ижодий оламидан таъсирланиб, баҳраманд бўлиб ривожланади. Мустақиллик йилларида ўзбек адабий таржимонлик мактабида ўз адабиётимизни хорижий тилларга таржима қилиш ҳаракати – янги йўналиш юзага келди. Мен мана шу форум мобайнида адабиётимизни бошқа тилларга ўгираётган кўплаб иқтидорли ёшларни кашф қилдим. Бевосита таржимада уларни қийнаётган масалаларга ойдинлик киритдик, ўзаро фикр алмашдик, – дейди ёш таржимон Шуҳрат Сатторов. – Бегойим Холбекова, Аъзам Обидов каби таниқли таржимонларнинг мулоҳазалари, ўзларининг таржима мактаблари ёшларда янги кўникмалар ҳосил қилди. Шунингдек, биз бугун таржима мактабида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича таклифларни ҳам кўтариб чиқдик. Унга кўра, хориждан “тил эгаси” бўлган мутахассисларни жалб қилиш, муаллифлик ҳуқуқини олишда ёшларга кўмаклашиш, жойларда профессор-ўқитувчилар иштирокида таржима мактабларини ташкил қилиш “Ёш ижодкорлар” кенгашининг иш режасига киритилди.

Шундай қилиб, I Республика ёш ижодкорлар форуми кўтаринки руҳ ва олам-олам таассуротлар билан якунига етди. Ўйлаймизки, байрам қувончи анжуман иштирокчилари қалбида ҳали узоқ вақт сақланиб қолади.

Наврўз НОРБОБОЕВ, Тошкент – Бўстонлиқ – Тошкент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: