Яхши хулқ – саодат калити

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йилда пойтахтимизда ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимидаги нутқида тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканини қайд этар экан, янги таҳдидлар, жумладан, “оммавий маданият” хавфи ва боқимандалик кайфияти пайдо бўлаётган, одоб-ахлоқ, қадриятларнинг йўқолиш хавфи юзага келаётган ҳозирги глобаллашув шароитида бу ғоят муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан халқимиз маънавий олами, тарихий меросини буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг юксак инсоний туйғулар улуғланган асарлари, адолат, халқпарварлик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик устуворлигига асосланган қарашларисиз тасаввур этиш қийин.     

Улуғ сўз санъаткорининг ўз умр йўли ва ҳаёт сабоқларига таяниб яратган “Маҳбуб ул-қулуб” асарида бу яққол ўз ифодасини топган. Асарда одобли одамнинг эъзозланиши, элга манзурлиги қуйидагича таърифланади: “Тавозуъ халқни киши муҳаббатиға шефта қилур ва улусни фоил маваддатига фирефта қилур. Дўстлуғ гулшанида назорат гуллари очар ва ул гулшандин унс ва улфат базмида турлук гуллар сочар” (Маъноси: тавозеъ, мулойимлик одамларни муҳаббатга сазовор этади ва халқни фаолият эгаси – ўша тавозеъкор киши муҳаббатига гирифтор этади. Тавозеъ дўстлик гулшанида назарларни хушнуд этувчи гулларни ва ҳам шу гулшан яқинлиқ ва улфат гулларини бошга сочади).

Алишер Навоий одобли, хуштавозеъ одамлар кўпчиликнинг ҳурматига сазовордирлар, улардан яхши дўст, бамаъни улфат чиқади, дейди. Одобли киши душманни ҳам ром қила олиши мумкин, душман кўнглига ҳам йўл топа олади. Тавозеъли кишининг такрор муомалалари уятсиз, ҳаёсиз мутакаббирларни ҳам инсофга келтириб, яхши йўлга қайтариши мумкин. Хуштавозеъ кишилар бировга бир дирҳам бермай хурсанд қила олади, уларнинг ширин тили дилга қувват, нозик ҳаракати руҳга мадад.

“Адаб кичик ёшлиғларни улуғлар дуосига сазовор этар ва ул дуо баракати била умрдин бархурдор (баҳраманд)”. Одобли бола киши кўзига улуғсифат кўринади, меҳру муҳаббатингиз ортади. Бундай ёшларга беҳуда, ёмон кўз билан қарашдан одам ўзини сақлайди. Одоб муҳаббатнинг пайдо бўлиши ва тараққий топишида аҳамияти катта, дейди шоир. Чунки муҳаббат – ўзаро ҳурмат асосида вужудга келади. Лайли ва Мажнун, Вомиқ билан Узро, Фарҳод ва Ширин орасидаги муҳаббатни уларнинг назокатли муомаласи, мулоқотлардаги хуштавозеълик юз чандон кучайтиради.

Яна ўқинг:  Инфографика: Ким қаерда ўқийди ?

Айни пайтда хуштавозеъликка қарама-қарши қилиб манманлик, қўрслик ва такаббурликни тилга олади. Унинг назарида бундай одати борлар яхши кишилар эмас. Шоир шуни ҳам зукколик билан қайд этадики, одобу тавозеъ – кишининг ўзини ерга уриши эмас, балки ўзгаларни ҳурмат килиши, одамийлик равишини пухта эгаллаганини билдиради. Камтаринлик, хокисорликни мутелик, лаганбардорлик деб юрганлар адашади. Аксинча, хоксор одамларда ички инсоний ғурур, ўз қадрига ва ўзгалар қадрига етиш ҳисси устувордир. Хокисорлик кўп ўқиш, кўп билиш ва ҳикмат-донишга эҳтиром белгиси:

Ақлу ҳикмат ишидур бўйла маошу ойин,

Қайда топқай муни ҳар нафспарасту худбин.

Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида худпараст мутакаббирларга танбеҳ берар экан, уларнинг тоифалари, қилиқлари ва психологиясини ҳам кўрсатишга ҳаракат қилади. Худписандларни умумлаштириб, икки гуруҳга бўлган. Биринчи гуруҳга ўзининг номақбул аҳволига кўнган, аммо ундан қутулолмаган кишилар киради. Бундай кишилар “ўзининг аҳволи ва аъволи” элга ёқмаса ҳам ўзларига “маҳбубу марғуб кўринган” ва улар шу билан қаноатланадилар. Аммо шундайлар ҳам борки, бу тоифадагилар “жами ҳолоти ва нохуш хаёлоти”ни писанда ва шоиста ҳисоблаб, ўзларини энг азиз ва муҳтарам кишилар қаторида кўрсатиш ва бемаза қилиқларини манзур, маъқул фазилат деб жар солишни канда қилмайдилар, бошқаларни ҳам шунга кўндирмоқчи бўладилар. Шоир буларни иккинчи гуруҳга киритиб, энг хавфли ва жамиятни бузувчи нохуш кишилар, деб ҳисоблайди. Худпараст, беҳаё одамдан ҳар нарса кутиш мумкин, чунки уларнинг кўпи ношаръий, ифлос ишлар билан шуғулланиб, бадном бўлдилар.

Алишер Навоий бундай кимсаларнинг кўпини ўз кўзи билан кўрганини, аксар қисмига насиҳатлар қилгани, аммо фойда бермагани, охир-оқибатда улар насиҳат қилувчи азизларни ҳам ҳақорат этиб, дилини ранжитганини ёзган: “Бу худписанди бадкирдор ва бу лаванди мурдор бу падид мажлисдаким, зиндон андин яхшироқ ва бу нажасий маҳаллидаким, мустapoҳ андин ариғроқдур агар илайидин кекирса ва кейнидин ўзга ел секирса, ўз қошида маҳбублуғи ул мартабада ва ўз афъолининг хўблуғи ўз олида ул масобадаким, тамаъи буким, базмидағи ҳозирлар ва бу аҳвол ва афъолиға воқиф ва нозирлар бу воқеъ бўлғон ҳаракотнинг ҳам унин дилписанд дегайлар, ҳам ройиҳасин димоққа судманд дегайлар”.

Ғaзaб ва нафратнинг шиддатини қаранг. Одам ношоиста, номаъқул қилиқлари билан мақтанса, буни фазилат деб керилса, яна бошқалар уни мақтаб турса. Ахир бу нозиктаъб, қалби рубоб торидай нозик шоирнинг ғазабини келтирмайдими?

Яна ўқинг:  МАЪРИФАТГА ИНТИЛИШ халқимизнинг азалий одатларидан биридир

Хондамир, Восифий ва бошқа замондошларининг асарларидан биламизки, Алишер Навоий табиати ғоят нозик, пок, хушхулқ ва ўта назокатли кишиларни яхши кўрган, лутф-карам, сўз маънолари билан завқланишга мойил бўлган, ўзи ҳам жуда нозикмижоз одам сифатида ном қозонган. Шу сабабли “Маҳбуб ул-қулуб”даги “танбеҳ”ларида ҳаё, ҳилм, карам каби сифатларга алоҳида урғу бериб таърифлайди. “Карам ва мурувват ота ва онадурлар, вафо ва ҳаё – икки ҳамзод фарзанд”, деб ёзади у. Вафо ва ҳаёни эгизак деган шоир буни асослаб “вафосизда ҳаё йўқ, ҳаёсизда вафо йўқ”, деб яна ўткирлаштиради. Демак, бу тушунчалар бир-бирига вобаста. Чунки маърифатли, комил инсонлар ҳаёли ва вафодор кишилардир. Вафосизнинг жабри қанча бўлса, ҳаёсизнинг беандишалиги ҳам шунча озор келтиради. Шоир буни ўз бошидан ўтказган: “Замон аҳли бевафолиғидин кўксумга туганлар ва даврон хайли беҳаёлиғидин бағримда тиканлар…”.

Ҳилм, яъни ҳалимлик ҳам Алишер Навоий назарида кишининг мақбул сифатидир. “Ҳилмни ҳаводис дарёсида кишилик кемасининг лангари деса бўлур ва инсоният мезони тошига нисбат қилса бўлур”.  Демак, ахлоқий камолот учун мулойим, ҳалим бўлиш ҳам зарур. Аммо, афсуски, дейди шоир, замон бундай одамларга муносиб эмас. Ҳалим одамлар хору саргардон: “Елдек ҳар эшикдин кирарға орлари йўқ, ўтдек оташдонлиғидин ўзга шиорлари йўқ”. Ҳалимларнинг “камчилиги” шуки, улар ростгўй, ҳақталаб бўладилар, қаерга борсалар ҳақ гапни айтадилар, бу аксар одамларга ёқмайди. Шундай бўлса-да, барибир ҳақгўй, батамкин одамнинг қадри баланд.

Алишер Навоий одоб-хулқ масаласига, кишининг ахлоқий сифатларига катта эътибор берган. Яхши хислатлар, одамийлик сифатларини улуғлаган. Яхши одоб, яхши хулқ – саодат калити, деб таърифлаган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида қайд этилганидек, инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз.

 

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

Самарқанд давлат университети профессори.

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: