Реклама

Ўзбекистон давлат консерваториясида “Санъат ғунчалари” II халқаро танлови бўлиб ўтмоқда

Фестиваль ўсиб келаётган ёш авлод истеъдодини ҳар томонлама камол топтириш, маданий савиясини юксалтириш, ёш мусиқачиларнинг ижрочилик кўникмаларини ривожлантириш, ёшларимизнинг миллий ва жаҳон мусиқасининг юксак намуналаридан баҳраманд бўлиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

13-15 ва 16-19 ёш тоифаларида ўтаётган ушбу нуфузли халқаро танловда иштирокчилар флейта, гобой, кларнет, фагот, саксофон, труба, валторна, тромбон, туба каби дамли ва зарбли чолғу асбоблари йўналишлари бўйича ўз маҳоратини намойиш этмоқда. Ёш ижрочилар ўз миллий мусиқалари, жаҳон ва ўзбек мумтоз бастакорларининг машҳур асарлари билан қатнашмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур танлов республикамизда 1998 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Айнан республика “Санъат ғунчалари” танловида ғолибликни қўлга киритиб, тажриба орттирган ёш ижрочиларнинг аксарияти дунёнинг турли мамлакатларида, жумладан, Италия, Франция, Польша, Озарбайжон, Қозоғистон, Россия, Сербия, Беларусь давлатларида ўтказилган йирик санъат фестивалларида муваффақиятга эришган.

Танлов якунлангач, хориждан ташриф буюрган ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокида “Маҳорат дарслари” ташкил этиш режалаштирилган.

 

Айше ГУЛРИЗ,

туркиялик ҳайъат аъзоси:

Ўзбекистон – истеъдодлар мамлакати. Юртингизда барча соҳалар қатори мусиқага ҳам катта эътибор берилаётганини ушбу танловда иштирок этиш мобайнида яна бир бор гувоҳ бўлмоқдаман. Айниқса, юртингиз ёшлари ижросидаги “Оқ лолалар” куйи, шубҳасиз мени ўзига ром этди. Ўзбек ёшларининг истеъдоди таҳсинга лойиқ.

 

Рустам АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси:

– Танловда республикамиздаги мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейлари, мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларида дамли ва зарбли чолғулар йўналишида таҳсил олаётган ўқувчилар билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Озарбайжон ва Туркия Республикасидан 140 нафарга яқин ёш ижрочи ўз истеъдодини намойиш этмоқда.

Айтиш керакки, бу танлов ўсиб келаётган ёш авлод истеъдодининг янада камол топишида, маъданий савиясининг юксалишида ўзининг муҳим ўрнига эга.

 

Милена АБДИЕВА,

Қозоғистон Республикасидаги А. Жубанов номли ихтисослаштирилган мусиқа мактаб-интернати ўқувчиси:

– Бу каби танловларнинг кенг миқёсда ташкиллаштирилиши турли миллат ва элат вакилларининг ижро услублари, ўзига хослиги ҳақида яқиндан маълумот олишимизга ёрдам беради. Ушбу танлов орқали бир қанча дўстлар орттирдик. Ўзбекистонлик тенгдошларимизнинг чиқишидан шундай хулосага келдикки, юртингизда санъатга бўлган эътибор юксак даражада экан.

Яна ўқинг:  Қулупнай – табиатнинг тансиқ туҳфаси

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: