НАВРЎЗ – ҲАМЖИҲАТЛИК АЙЁМИ

Наврўз – янги кун демак. Халқимиз ҳар йили Наврўз мўъжизаси билан юзма-юз келиб, ундан руҳий қувват олади. Зеро, у янги-янги интилишлар, изланишлар, ижодий парвозларга қанот бўлади.

Наврўз – одамларни ўзаро ҳамжиҳатликка, тинчлик, ёру биродарликка чорлайдиган қутлуғ байрам ҳисобланади. Шу кунларда Наврўз байрами билан боғлиқ тадбирлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда. Бугун Ўзбекистон давлат консерваториясида ҳам Наврўз тантаналарига бағишланган катта байрам тадбири бўлиб ўтди.

Айтиш керакки, барчамизнинг энг улуғ ва энг азиз байрамимиз Мустақиллик айёми ва табиат ато этган Наврўзи олам ўртасида қандайдир узвийлик ришталари борга ўхшайди. Бири она табиатнинг, иккинчиси жамиятимизнинг тантанаси, улуғвор байрами ҳисобланади.

– Наврўз тантаналарини юқори даражада нишонлаш учун катта эътибор қаратилмоқдаки, зеро, Наврўз минг-минг йиллар оша элларни элларга, дилларни дилларга ошуфта этгувчи халқона байрам сифатида ўз тарихий аҳамиятини сақлаб қолмоқда.Нафақат табиат, балки ўзимиз ҳам янгиланамиз бу фаслда. Бир сўз билан айтганда, Наврўз янгиланиш, яшариш, яратиш ва яшнатиш каби халқимизга хос улуғ қадриятларнинг бошланишидир, дейди – санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Чинора Эргашева.

Куй ва қўшиқларга бой бўлган тадбирда олийгоҳнинг ҳар бир кафедраси Наврўз дастурхонини ўзига хос тарзда безатиш бўйича мусобақада иштирок этди. Сўнгги натижаларга кўра энг олий ўрин билан “Ўзбек мақоми тарихи ва назарияси” кафедрасига тақдирланди.

Наврўз табиатни янгилайди, поклайди. Унинг удумлари эса инсон руҳиятини янгилайди. Чунки байрам ҳеч кимни четлаб ўтмайди. Кўнглига қувонч солади, ҳаётга боғлайди. Бу кунларни сева-сева, инсон ўзи ҳам катта муҳаббатнинг бир қисмига айланади. Обод ва фаровон ҳаёт сари дадил интилаётган юртдошларимизнинг қалби бугун оппоқ орзуларга тўла. Зеро, Баҳор ва Наврўз ҳаёт абадийлигининг тантанасидир.

Гулноза ҲУСАИНОВА

Яна ўқинг:  ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИДАН (2012-3)

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: