Кўркам, шинам, қулай

яшаш яхши, яхши яшаш ундан-да яхши

Мамлакатимизнинг энг сўлим ва кўҳна воҳаларидан бири – Хоразм. Қадимий ва улуғвор юрт. Ватанимизнинг бир бўлаги бўлмиш машҳур Хоразм­да Ўзбекистоннинг ҳайратомуз гўзалликлари мужассамлашган. Очиқ осмон остидаги Хиванинг ой билан чирой талашиб туриши тасодиф эмас, албатта. У халқнинг бунёдкорлик салоҳиятини ўзида акс эттиради. Бир неча асрлар илгари яратилган кошоналар, боғу роғлар, инсон ва унинг қадоқ қўли, қайноқ қалби ҳамда нозик дидининг мўъжизаларидир.

Хоразмликлар азал-азалдан илмга чанқоқ, мутолаага муштоқ эл. Билимга интилиш ва мутолаага иштиёқ баланд жойда маънавият, маърифат, меҳнат, ижод ва завқ – пировардида, салоҳият бўлади.

Айни шу салоҳият мустақилликнинг ўтган йигирма икки йили мобайнида вилоятда бунёдкорликда ўзига хос тажриба мактабини яратди…

Ўнлаб лицейлар, коллежлар, тиббий саломатлик мажмуалари, болаларнинг ёзги дам олиш сиҳатгоҳлари, равон йўллар, кўприклар қаторида улкан-улкан кошонасифат бир-бирига уйғун намунали уйлар вилоят кўркига кўрк қўшиб турибди.

2012 йил 9 октябрь куни муҳтарам Президентимизнинг Хоразмга ташрифидан сўнг вилоятни ижтимоий иқтисодий-ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган 4 та муҳим дастурлар қабул қилинди.

Мазкур дастурлар асосида 2013-2017 йилларда жами уч триллион сўмлик лойиҳаларни амалга оширилиши белгиланган. Ана шу дастурларга намунали уйларни қуриш ишлари ҳам киритилган.

“Истиқлол” – янги маҳалла

Хонқадаги «Олажа» қишлоғида қад ростлаётган янги маҳалланинг намунали уй-жойи билан танишдик. Бу ерда «Истиқлол» номли янги маҳалла босқичма босқич бунёд қилинаяпти. Мазкур маҳаллада 2011 йилда 20та уй фойдаланишга топширилиб, унинг ҳар бири 72 миллион сўмдан нархланган бўлиб аҳолига 15 йилга кредитга берилди. 2012 йилда ҳар бири 102 миллион сўмлик 28 та уй эгаларига ўз вақтида қуриб берилди. 2013 йилда эса 20 та уй қуриб битказилди, унинг ҳар бири 140 миллион сўмни ташкил этади. Энг асосийси бу маҳалланинг қурилиши ҳали давом қилади. Бу ердаги уйларни 120 тага етказиш режалаштирилган

Айни кунда 68 та хонадон истиқомат қиладиган маҳаллада аҳоли учун барча қулайликлар яратилган. Бу ерда болалар майдончаси мавжуд. Мини футбол ва баскетбол майдонлари қурилмоқда. Дорихона, сартарошхона, тикувчилик цехи, мини банк, супермаркет, новвойхона, сартарошлик, этикдўзлик, ҳаммом каби ижтимоий-маиший хизмат шаҳобчалари ҳам бунёд этиляпти. Масалан, бу ерда Хонқа дон маҳсулотлари корхонасига қарашли 20 хил нон маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган новвойхона қурилаяпти. Ана шундай маиший ва ижтимоий объектларнинг қурилишлари турли ташкилотларга бўлиб берилган.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон мўъжизалари – ўқувчилар нигоҳида

«Қишлоқ қурилиш инвест» инженеринг компанияси Хоразм вилояти филиали раҳбари Жумабой Султоновнинг таъкидлашича, бу ерда «Оби ҳаёт» ва «Тараққиёт» қурилиш корхоналари меҳнат қиляпти. Кенг кўламли қурилишларнинг бошлангани аҳолини иш билан таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшяпти. Зеро, намунавий маҳаллани бунёд этишда икки минг нафар қурувчи ишлаяпти.

Энг асосийси намунали уйлар қурилишига 12 хил қурилиш материаллари имтиёзли нархда, яъни ярим нархида давлатимиз томонидан етказиб бериляпти. Масалан, Сирдарё-Хитой қўшма корхонаси кафелни ўз нархида, яъни бозордан уч баробар арзон тарзда етказиб беряпти. Тахтанинг бир куб метри бозор нархида 1 миллион 100 сўмни ташкил қилса, давлатимиз уни 500 минг сўмдан етказиб беряпти. Цементнинг бир тоннаси 69 минг сўм бўлса у ҳам намунали уйлар қурилишига тенг яримга арзон нархларда етказиб бериляпти. Хуллас, ана шундай гаплар. Бу албатта давлатимизнинг халқимизга бўлган ғам­хўрлигидир.

Энди қурилаётган уйларнинг сифати қандай деган савол туғилиши табиий? Уйларнинг сифати энди уни ўз зиммасига олган қурилиш ташкилотларига боғлиқ. Жумабой Султоновнинг таъкидлашича, бу уйларнинг кафолати 700 йил экан. Дар­ҳақиқат, коттежларнинг пойдевори ер ости 1 метр-у 20 сантиметр ва ер устида эса 20 сантиметр баландликда қурилган.

Худди ана шундай уйлар Хоразм­нинг ҳар бир туманида қурилмоқда. Масалан, Хива туманининг «Шомахулун», «Жулён», «Саёт», «Эскиқиёт» қишлоқларида қатор наъмунали уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилган. Биз улар билан ҳам танишдик.

Гулбаҳорнинг қувончи

«Эскиқиёт» қишлоғида 2011 йили 20та намунали коттеж ишга тушди. Улардан бири Хива тумани «Маҳалла» жамоат фондида фаолият юритадиган Гулбаҳорга насиб қилди. Тўрт хонали 600 квадрат метр­дан иборат бўлган уй унга 75 миллион сўмга берилди. «Бу уй бизга 2011 йили октябрида топширилди. Ёш оилаларга банкдан бериладиган имтиёзли кредит асосида ўғлимга расмийлаштирилган уйда ўғлим, келиним ва невараларим билан яшаймиз. Қўп қаватли уйда турардик, Воҳамизда кўп қаватли уйларда яшаш қийин. Нафақага чиқишимда менга шундай уй насиб қилади деб ҳеч ўйламаган эдим. Ўғлим тадбиркор. У ёнимиздаги тикувчилик цехини ижарага олган. Келиним Марҳабо ўқитувчи, мактабда бошланғич синфларга дарс беради. Тикувчиликка ҳам уста. Тикувчилик цехида элга хизмат кўрсатиш билан бирга ёшларга касб ҳам ўргатаяпти. Учаламизнинг ойлигимиздан намунали уйга ҳозир ҳар ойда 530 минг сўм тўлаётган бўлсак, ушбу суммадан солиқ олинмайди.» – дейди мамнунлик билан Гулбаҳор.

Яна ўқинг:  2018 йилдан бошлаб Тошкент шаҳрида чиқиндилар алоҳида йиғилади

Хоналарни бир бир айланиб чиқамиз. Унинг безатилиши шаҳар уйларидан қолишмайди.

Фарҳоднинг дил сўзлари

«Қумяска» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фарҳод Аминовнинг ҳам икки фарзанди бор. У ўзи ва ўғиллари билан анчадан буён яхши уй олиш мақсадида пул жамғариб келишарди. Маблағларини жамлаб, ана шу намунали уйдан бирини сотиб олди. У шундай дейди: «Ота-онанинг бурчи учта. Фарзандга таълим ва тарбия бериш, суннат қилиш ва уйлантириб қўйиш. Тўртинчидан имконият бўлса уйли-жойли қилиш. Менда ана шундай имконият йўқ эди. Ана шу имконият ва имтиёзни ҳукуматимиз яратди. Агар ўзим уй қурганимда бундай нархга шундай чиройли уйни йигирма йилда ҳам қуриб тугата олмасдим. Мен Президентимиздан жуда миннатдорман. Иккала ўғлим ҳам уйли-жойли бўлди. Бири ота мерос уй бўлса, иккинчиси янги уй. Янги уйнинг пулини биргалашиб тўлаяпмиз. Юртбошимиз шаҳар билан қишлоқнинг бориб-бориб фарқи қолмайди. Аксинча қишлоқ афзал бўлиб боради, деган сўзларининг айнан исботидир».

Хулоса

Ҳукуматимиз намунали уйлар қуришини бошлаганидан буён Хоразмда ана шундай иморатдан 2 минг 500таси қурилиб фойдаланишга топширилди. Ва бу қурилиш йилдан йилга кенг қулоч ёзмоқда. Жумладан, 2013 йилда 230 та уй эгаларига етказиб берилган бўлса, келгуси йили бундай уйлар сони 780 тага кўпаяди.

Намунали уйлар билан бирга шаҳару қишлоқлар қайтадан қад ростлаяпти.

Мустақиллик эпкинлари эса бошлаган ўтган йигирма икки йил мобайнида мамлакатимизнинг қўҳна воҳасида янгидан бунёд этилган салобатли, Амударёга қурилган кўприк Қорақалпоғистон ва Хоразмни боғловчи халқаро андозаларга мос замонавий обидадир.

Воҳани кесиб ўтувчи Шовот каналига қурилган кўприклар юрт кўркига кўрк қўшиш билан бирга халқнинг оғирини енгил қилиб турибди. Аслида ушбу иншоотлар ободончилик рамзи сифатида савлат тўкиб турибди. Улкан бунёдкорлик ишларини кузатганимизда шоир Мақсуд Шайхзоданинг ушбу сатрлари беихтиёр хаёлимиздан кечади:

Шаҳарлар боқийдир, умр – ўткинчи,

Дарёлар собитдир,сувлар – кўчкинчи,

Ҳар ким ўз шаҳрида қўйганэсдалик,

Ё бино қуришда катта усталик…

«Обод турмуш йили»да қурилган кўприк, намунали уйлар авлодлар юкини кўтаргай бешак!

Таъбир жоиз бўлса, уларни нафақат йўлларни-йўлларга йилларни-йилларга, дилларни-дилларга, асрларни-асрларга, пировардида, авлодларни-авлодларга боғловчи улкан обидалар, улкан меъморчилик иншоотлари, дегусидир. Ёҳуд, шоир айтгани каби шаҳарлар боқий бўлганидек, иншоотлар ҳам боқийдир.

Яна ўқинг:  Ёш бахшилар мактаби иш бошлади

Зотан, «Иморат қурмоқ – савобдир» – дейди халқимиз. Савобнинг эса умри боқий бўлади. Демак, шаҳар ҳам боқий, шаҳар қурганлар ҳам…

Уларни озод ҳамда ҳаётбахш меҳнат, тинчлик ва осойишталик самараси, бахт ва фаровонлик тимсоли десак арзийди!

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: