Фармацевтика: соҳа истиқболи йўлида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони матбуотда эълон қилинди.

Ушбу фармон билан мазкур маҳсулотлар нархини белгилаш механизмларини такомиллаштиришга, фармацевтика саноати корхоналари фаолиятини тартибга солишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Шунингдек, “Ўзфармсаноат” концерни тугатилмоқда.

Агентликка фармацевтика тармоғини барқарор ривожлантириш стратегиясини, шу жумладан давлат-хусусий шерикликни жорий этиш йўли билан ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фармацевтика корхоналари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳоли ва давлат соғлиқни сақлаш муассасаларини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ҳамда тиббиёт техникалари билан таъминлаш дастурларини амалга ошириш бўйича вазифалар юклатилди.

Яна Агентлик дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини, шу жумладан чет элдан импорт қилинаётганларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва сертификатлашни, фармацевтика корхоналарини тегишли ишлаб чиқариш амалиёти халқаро қоидаларга мувофиқлигини сертификатлаштиришни амалга оширади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази, Ўзбек кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти, “Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институти Агентликнинг тасарруфига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “O‘zmedeksport” давлат корхонаси “O‘zmedimpeks” давлат унитар корхонаси этиб қайта номланиб, Агентликнинг тасарруфига ўтказилди. Бунда “O‘zmedimpeks” Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг ягона етказиб берувчиси этиб белгиланди. Шунингдек, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича ҳам вазирликнинг агенти ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги ПҚ – 2647-сон қарори билан ташкил этилган Даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлашни назорат қилиш республика комиссияси унинг функцияларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юклаган ҳолда тугатилди.

Эндиликда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари учун қатъий нархлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Ушбу фармонда дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш, уларнинг нархини белгилаш тартибини такомиллаштириш, қонунчиликка “in bulk” маҳсулотнинг аниқ белгиланган тушунчасини киритиш, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг қатъий нархини белгилаш тартибига алоҳида эътибор қаратилди.

Яна ўқинг:  Ароматерапия – хушбўй ифорлар билан даволаш

Шунингдек, дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини уларнинг халқаро ва миллий стандартларга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар деб топиш мезонлари, шунингдек, давлат соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда давлат мулкида бўлган бўш турган бошқа бино ва иншоотлар негизида ижтимоий дорихоналарнинг жойлашуви тасдиқланади.

Умуман олганда мазкур фармон фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, шу жумладан, маҳаллий дори воситаларининг халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилишини изчил йўлга қўйиш, асл фармацевтика ишланмаларини кўпайтириш, шунингдек, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг арзон ва сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжининг тўлиқ қаноатлантирилишини таъминлайди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: