Ягона интерфаол давлат хизматлари порталида имкониятлар кенгайди
Ягона интерфаол давлат хизматлари портали – ЯИДХП (my2. gov.uz)нинг янги талқинида кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларни енгиллаштирувчи хизматлар пайдо бўлди. Олдинроқ ер-мулк эгалари учун ишга туширилган сервислардан ташқари, энди мулкдорларнинг Тошкент шаҳри ҳудудида шахсий уй-жойга эга ёки эга эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ҳамда пойтахтимиздаги ҳибсга олинган ёки таьқиқланган кўчмас мулк объектларига оид маълумотни олиш хизматлари ҳам жорий этилди.
ЯИДХП 2.0 нинг шахсий кабинетида кадастр рақами ва манзилини қайд этган ҳолда, турар жой тўғрисидаги маълумотни тўлдириш асносида янги хизмат турларидан нафақат юридик, балки жисмоний шахслар ҳам фойдаланиши мумкин. Зарур маълумотлар келиб тушиши билан кўчмас мулкка оид барча маълумотлар автоматик равишда шаклланади. Имтиёзли уй-жой ёки ипотека кредитини олиш учун барча зарур ҳужжатларни тўплашда мулкдорнинг шахсий уй-жойга эга ёки эга эмаслиги тўғрисида маълумотнома керак. Уни порталдан олиш мумкин. Бунинг учун ариза эгасига махсус шаклни тўлдириб, сўров юбориш кифоя. Энг сўнгги технологиялардан фойдаланиш туфайли маълумотнома уч иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда тайёр бўлади.