Дунё эътирофидаги дилбар шахс

Шуни айтиш керакки, Бобур хазинасидаги “Кўҳи нур” олмоси тарихда қанчалик шуҳрат қозонган бўлса, Ғарб мамлакатларида Бобур шахси, “Бобурнома” шу даражада машҳур бўлган. Алишер Навоий довруғи унинг адабий ижоди муносабати билан бўлса, Бобур овозаси унинг “Бобурнома”си ва одил шоҳлиги туфайлидир.

Бобурнинг энг машҳур асари “Бобурнома” бўлиб, у қуйидаги сатрлар билан бошланади: “Тангри таолонинг инояти ва ҳазрати он Сарваи коинотнинг шафоати билан ва чаҳориёри босафоларнинг ҳиммати билан сешанба куни рамазон ойининг бешида тарих саккиз юз тўқсон тўққизда Фарғона вилоятида ўн икки ёшда подшоҳ бўлдум”. Бир ўқишда бу сўзларнинг асл моҳиятига етиб бўлмайди, кимлар учундир бу бир инсон ҳаётининг оддийгина бошланиши ва давом этишидир. Лекин бу…

Ҳар бир ишимиз “Бисмиллоҳ” билан бошланар экан, Тангри таоло инояти билан мен ҳам шу инсон тўғрисида шарафли сўзлар билан фикр юритмоқни истадим. Инсоният яралибдики, унинг бу дунёда яшашдан мақсади нима эканлиги ҳаммани ўйга толдиради. Худди, шу саволни мен мумтоз инсон, тарихимизнинг энг мураккаб, энг жозибадор, энг драматик ва ҳақли равишда ўтмиш ҳамда ҳозирги куннинг идеал сиймоси бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётидан жавоб топишни хоҳладим.

У бу фоний дунёга келиб, қисқа умр кўрган бўлса ҳам, фазилат бобида тенги йўқ инсон бўлиб камол топди. Интизорлик билан кутилган фарзандга ота-боболари суюб, эркалаб яхши исм беришди. Одатда исм ва жисм бир-бирига узукка кўз қўйгандай мос келиши камдан-кам ҳодиса. Лекин Заҳириддин Муҳаммад Бобур тимсолида бу ҳол ўзининг ёрқин ифодасини топди. Аслида, унинг умр йўли бошдан оёқ тақдир имтиҳонларидан иборат эди. Ўн икки ёшида отадан етим қолди. Кўз ёшлари тинмай туриб, қисмат унинг бошига тожу тахт миннатини солди. Ўн тўққиз ёшида туғилган диёрини мангу тарк этди. Адоват ва фитналар, исён ва суиқасдлар туфайли у умр бўйи қиличнинг домида тургандек беором, беҳаловат кун кечирди. У нодир истеъдоди, беқиёс инсоний салоҳияти билан жаҳон аҳлининг ҳайрат ва эҳтиромига мушарраф бўлди, миллатимизни, халқимизни бутун оламга танитди.

Ҳиндистоннинг буюк донишманд фарзанди, давлат арбоби Жавоҳарлаъл Неъру ўзининг “Ҳиндистоннинг очилиши” ва “Жаҳон тарихига бир назар” асарларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида самимиятга тўлиқ ушбу фикрларни изҳор этган: “Бобур – дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмдорининг ҳақиқий намунасидир. У мард ва тадбиркор одам бўлган. Бобур ўта маданиятли ва жозибали инсонлар орасида энг етук инсонлардан бири эди. У мазҳабпарастлик чекланишидан ва мутаассибликдан йироқ эди”. Ҳақиқатан ҳам, унга берилган бу таъриф ростдур. У Ҳиндистонда темурийларга хос улуғ бунёдкорлик анъаналарини давом эттирди: муҳташам қасрларни тиклади, ариқ ва зовурлар қаздирди, боғ-роғлар бунёд этди, адабиёт, илм-фан ривожига ҳомийлик қилди, элни адолат билан бошқарди.

Яна ўқинг:  Рак касалликларининг олдини олувчи 10 та маҳсулот

“Бобурнома”нинг котиби Бобурнинг улуғ подшоҳларга хос саккиз шахсий фазилатларини қайд этган:

У қудратли подшоҳнинг яхшиликларини айтган билан ва ёзган билан тугатиш маҳолдир. Лекин қисқаси буки, саккиз асл сифат унинг зотига хос эди, бири буким иқболи баланд эди, иккинчиси – ҳиммати юксак эди, учинчиси – вилоят олмоқ, тўртинчиси – вилоят сақламоқ, бешинчиси – маъмурлик, олтинчиси – Аллоҳ бандаларига фаровонлик нияти, еттинчиси – лашкар кўнглини қўлга олмоқ, саккизинчи – адолат қилмоқ.” Бобур бир неча жиҳатдан камолот соҳибидир.

Чунки у қариндош-уруғларга эмас, бегоналарга ҳам меҳр-мурувват ва ҳадялар қилган саховатпешалик шариатпаноҳлилик, жисмоний етуклик, кечиримлилик, мутафаккирлик фазилатларига эгадир.

XX асрда бобуршунослик чинакам жаҳон миқёсида тус олди. Бобур шахси дунё шарқшунос тарихчи олимлари диққат эътиборини ўзига жалб этган. Инглиз тарихчиси Эдуард Холдин Бобурни машҳур Юлий Цезарь билан қиёслашни лозим топади: “Бобур – феъл-атворига кўра Цезарга қараганда севишга арзигуликдир. Унинг манглайига юксак фазилатли инсон деб битиб қўйилган”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик ва ўсмирлик йиллари ҳақида роман ёзган, “Бобурнома”ни инглиз тилига таржима қилган Уильям Эрскин эса Бобурни шундай тарифлайди: “саховатли ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмаган эди”.

Бундан ташқари Харольд Лемблнинг “Бобур-йўлбарс”, Уильям Рашбрукнинг “ХVI аср бунёдкори”, Анна Флора Стилнинг “Тож кийган дарвиш” асарларида Бобурнинг ҳайратомуз бадиий тимсоли яратилган. ХIX асрдаёқ Ғарб мамлакатларида бобуршунослик шаклланган эди. Бугунги кунда жаҳоннинг энг йирик давлатлари ва илмий марказларида бобуршунослик билан шуғулланаётган жуда кўплаб олимлар номини тилга олиш мумкин.

Ўзбек ва жаҳон олимлари саъй-ҳаракатлари, заҳматли меҳнатлари туфайли Бобур шахси бутун баркамоллиги билан тарихий ва адабий сиймо сифатида баралла қад кўтарди.

 

 ЎзДЖТУ талабаси Юлдуз ХАЙРУЛЛАЕВА манбалар асосида тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: