Британия музейидаги 94 та миниатюрада “Бобурнома” манзаралари акс этган

“Бобурнома” Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг оламга машҳур мемуар асари. Унинг қўлёзма нусхалариёқ жаҳонга ёйилган эди. Ушбу асар нафақат мазмун-моҳияти, балки ноёб расмлари билан ҳам жуда қимматли.

Британия музейидаги “Бобурнома” қўлёзмасида 94 миниатюра ва китобнинг бошланишида 2 саҳифали зарварақ бор. Расмларга қўйилган имзолардан шу нарса аниқки, уларни ишлашда Акбар саройидаги 41 нафар йирик санъаткор қатнашган.

Мусаввирлар орасида Кесу Кужароти, Рас, Даҳнирож, Сангар Кужароти, Сарун, Тарё, Баҳвоний, шунингдек, Марказий Осиё ва эронлик Устод Мансур, Иброҳим Наққош, Абдуллоҳ, Фаррухбек, Жамшид, Иброҳим Қаҳҳорларнинг ишлари, айниқса, юқори баҳога лойиқ.

Миниатюралардан фақат 21 таси ҳарбий юриш ва жанг лавҳаларини ифодалайди, 73 тасида Ҳиндистоннинг ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси, зиёфат, ов, турмуш манзаралари, тарихий воқеалар ёрқин ва ишонарли тасвирланган. Шарқ миниатюраларининг шартлилигидан, яъни кичик бир сатҳда (китоб варағи юзасида) бутун бир воқеа ёки эпизодлар туркумини гавдалантириш заруриятидан “Бобурнома” рассомлари моҳирона фойдаланишган. Мураккаб воқеаларни тўлиқ ифодалаш учун дастлаб улар уч-тўрт эпизодга ажратилади. Ҳар бири мустақил композицияга эга. Улар китоб саҳифасининг пастидан юқорисига қараб жойлаштирилади.

Шу аснода бир-бири билан мантиқий боғланиб, асар мазмунини очиб берувчи яхлит полотнони ташкил қилади.

Масалан, Бобурнинг опаси Хонзодабегим билан учрашуви (7-миниатюра)ни олайлик. Биринчи эпизод – Бобур ва унинг кузатувчиси – Муҳаммад Кўкалдошларнинг отини хизматкор ушлаб тургани; иккинчисида – Бобур ва Муҳаммад Кўкалдошнинг Хонзодабегим билан суҳбати; учинчисида – юқорида, ўнг томонда саройнинг кўриниши, тўртинчисида – Ҳиндистон табиати берилган. Бобурнинг касаллигини ифодаловчи 16-миниатюрада эса биринчи эпизод – меҳмонларга дарвозада пешвоз чиқиш; иккинчисида – саройнинг ярми; учинчисида саройнинг Бобур хаста ётган жойи; тўртинчисида – табиат манзаралари.

“Бобурнома” қаҳрамонлари орасида кўпчиликни тарихий шахслар эгаллайди. Хусусан, шоҳ Бобур образи асосий ўринда туради. 46 та миниатюрада шоҳ ва шоир сиймоси турли ҳолатларда чизилган. Шуниси муҳимки, Бобур тахтда ўтирганда, жанг майдони, ов, зиёфат, одамлар билан суҳбат чоғида, Ҳиндистон бўйлаб саёҳатда бир киши қиёфасида намоён бўлади. Барча миниатюранинг марказида буюк куч – қудратга тўла, иродали, жасур, довюрак, айни маҳалда руҳий дунёси бой, меҳрибон қалбли ва мунис нигоҳли дилбар шахс сиймосини кўрамиз.

Яна ўқинг:  ОИВ инфекцияси нима?

Бобур сиймосини яратишга бел боғлаган турли даврдаги санъаткорлар ҳам албатта “Бобурнома” қўлёзмалари миниатюраларидаги портретларга асосланганлар. Хусусан, номаълум рассом томонидан яратилган Бобурнинг боғда китоб мутолаасига берилиб ўтирган портрети эталон сифатида қабул килинган.

 

 Муаззам МАМАЖОНОВА,

Нодира ТУРДАЛИЕВА,

Фарғона олимпия захиралари коллежи ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: