Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қ А Р О Р И

ТОШКЕНТ ДАВЛАТ СТОМАТОЛОГИЯ ИНСТИТУТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Стоматология соҳасидаги юқори малакали тиббиёт кадрларини халқаро талаблар ва стандартлар даражасида тайёрлашни янада такомиллаштириш, таълим жараёнини ташкил қилишнинг замонавий талабларига мос келадиган ўқув ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, илғор ахборот-коммуникация ва таълим технологияларини жорий этиш, бўлғуси стоматолог мутахассисларнинг назарий тайёргарлигини улар ўрганаётган амалий кўникмалар билан чамбарчас боғлаган ҳолда олиб борилишини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

Тошкент тиббиёт академиясининг стоматология факультети негизида Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш;

Андижон, Бухоро ва Самарқанд тиббиёт институтларининг стоматология факультетлари, Тошкент педиатрия институти Нукус филиалининг стоматология факультети негизида Тошкент давлат стоматология институтининг республика минтақаларидаги филиалларини ташкил этиш;

Тошкент давлат стоматология институти ҳузурида Стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги илмий-амалий марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Тошкент давлат стоматология институти фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин;

замонавий талабларга мос келадиган ва ҳозирги замон стоматологиясининг илғор технологияларини эгаллаган стоматология соҳасининг юқори малакали тиббиёт кадрлари ва илмий мутахассисларини тайёрлаш;

стоматология, юз-жағ жарроҳлиги соҳаси ва бошқа йўналишларда, жумладан, биотехнологиялар, ҳужайра ва регенератив тиббиёт соҳаларидаги илғор ютуқлардан фойдаланган ҳолда илмий-амалий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш;

институт клиникалари ва унинг филиалларида аҳолига стоматология соҳасида юқори малакали даволаш-профилактика ёрдамини кўрсатган ҳолда стоматологик касалликлар диагностикаси, профилактикаси ва уларни даволашнинг илғор усулларини татбиқ этиш;

республиканинг олий тиббиёт таълими тизимида стоматология соҳаси бўйича ўқув жараёнини ташкил этишда замонавий таълим технологиялари асосида ахборот ва мультимедия ускуналаридан фойдаланган ҳолда илғор хорижий тажрибани жорий этиш;

стоматология соҳасидаги тиббиёт мутахассислари ва ўқитувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишни ташкил этиш.

3. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент давлат стоматология институти ҳузуридаги Стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги илмий-амалий маркази:

тиш ва оғиз бўшлиғи касалликларини даволашнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш, илғор стоматология технологияларини, шу жумладан, юз-жағ соҳасидаги тўқималар ва органларни тиклаш чоғида остеопластика, биологик ва сунъий материалларни қўлланиш каби технологияларни жорий этиш юзасидан чуқур илмий изланишларни олиб бориш бўйича институтнинг асосий тадқиқот бўлинмаси ҳисобланади;

Яна ўқинг:  ДИПЛОМЛАР ТОПШИРИЛДИ

халқаро стандартларга мувофиқ стоматологик касалликлар диагностикаси, профилактикаси ва уларни даволашнинг илмий-методологик базаси такомиллаштирилишини таъминлайди ва шунга асосланиб, стоматология соҳасида давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари, дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқади, шунингдек, стоматолог-врачларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланади.

4. Тошкент давлат стоматология институтининг бошқарув ходимлари чекланган сони 35 кишидан иборат ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Институт ректорига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда институтнинг ташкилий тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган сони доирасида, зарурат бўлганда, ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Белгилансинки, 2014 йилда Тошкент тиббиёт академиясига ҳамда стоматология йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича республиканинг бошқа олий тиббиёт таълим муассасаларига ҳужжатларини топширган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган абитуриентлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2014/2015 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида” 2014 йил 26 июндаги ПҚ-2193-сонли қарори билан тасдиқланган қабул квоталарига мувофиқ Тошкент давлат стоматология институти ҳамда унинг филиалларининг тегишли йўналишлари ва мутахассисликларига қабул қилинадилар.

6. Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилиш учун 2-иловага мувофиқ таркибда махсус комиссия тузилсин.

Махсус комиссия (Р.С.Азимов) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга оширсин, устав ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, институтнинг ўқув йили бошидан тўлақонли фаолият юритишни таъминлаш борасидаги бошқа ташкилий масалаларни ҳал этсин;

Тошкент давлат тиббиёт академияси ва бошқа олий тиббиёт таълими муассасаларининг тугатилаётган стоматология факультетларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибини белгиланган тартибда аттестациядан ўтказишни ҳамда Тошкент давлат стоматология институти ва унинг филиалларини стоматология соҳасида амалий иш тажрибасига эга, ўқитиш ва илмий-амалий тадқиқотлар ўтказишнинг замонавий усулларини фаол қўллайдиган юқори малакали ташаббускор кадрлар билан таъминласин;

замонавий таълим технологиялари, энг янги ахборот ва ўқув– лаборатория асбоб-ускуналарини жорий этиш ва улардан кенг фойдаланиш асосида ўқув режалари ва дастурларини янгилаган ҳолда стоматология бўйича ўқув жараёнини ташкил этишни танқидий таҳлил қилсин ва илғор хорижий тажрибани ҳисобга олиб қайта кўриб чиқсин.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2014/10)

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Тошкент давлат стоматология институти учун 2014/2015 ўқув йилининг бошланишига такомиллаштирилган давлат таълим стандартларига қатъиян мос келадиган, стоматологияни ривожлантиришнинг замонавий талабларига жавоб берадиган янги ўқув режалар ва дастурлар ишлаб чиқилишини таъминласин;

бир ой муддатда Стоматология ва юз-жағ хирургияси илмий-амалий марказини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга оширсин;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда машҳур мутахассис ва олимларни институтда ишлашга ва дарс беришга жалб қилиш, стажировкаларни ташкил этиш ва мутахассисларни тайёрлаш, биргаликда ўқув ва тадқиқот дастурларини амалга ошириш мақсадида Тошкент давлат стоматология институти учун хорижий мамлакатларнинг илғор ихтисослаштирилган университет ва институтларидан техник ҳамкор белгилаш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқсин ва жорий этсин.

8. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Тошкент давлат стоматология институти фаолиятини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилсин, унда:

Тошкент давлат стоматология институтини вақтинча Тошкент тиббиёт академиясининг Тошкент шаҳри, Тараққиёт кўчаси, 103-уйда жойлашган
3-сонли клиникаси ҳудудида жойлашишини;

2015 йилдан институтнинг янги бинолари мажмуи, жумладан, ётоқхона, унинг филиаллари қурилишини бошлаш учун молиялаш манбалари, жумладан, грантлар, имтиёзли хорижий кредитлар ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни белгилаган ҳолда жорий йилнинг охиригача зарур лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни назарда тутсин.

9. Тошкент давлат стоматология институти ва унинг филиалларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхат бўйича олиб кириладиган стоматологик асбоб-ускуналар, ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, бошқа махсус асбоб-ускуна ва инвентарлар учун 2020 йилнинг 1 январигача бож тўловлари (божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун йиғиладиган йиғимлар бундан мустасно) тўлашдан озод қилинсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигига 2014 йилда ва кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети параметрларида Тошкент давлат стоматология институти ва унинг филиалларида қурилиш ишларини олиб бориш, моддий-техник таъминлаш, шунингдек, хорижий тилларда адабиётлар сотиб олиш, журнал ва бошқа вақтли нашрлар, жумладан, ахборот-кутубхона ресурсларига обуна бўлишга мақсадли маблағлар, жумладан, зарур капитал қўйилмалар лимитлари ажратилиши кўзда тутилсин.

Яна ўқинг:  Саховат – кўнгил гавҳари

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И.Икромов зиммаларига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,

2014 йил 22 июль

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: