Дилларни мунаввар этган тақдимот

Куни кеча, 27 март куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тадбирлар залида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, публицист ва шоира Шарифа Салимованинг яқинда нашр этилган «Бедор тун томчилари» деб номланган шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.


Китоб тақдимотига ташриф буюрган таниқли шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, ижодкорлар ва талабалар шоиранинг янги чоп этилган китобини мамнуният билан кутиб олдилар.
Чунки кўп йиллар мобайнида ўзбек шеърияти, бадиий публицистикаси ва таржима соҳасида ижод қилиб келаётган ҳассос шоира – Шарифа Салимованинг шеърлари ва сўз услуби, сўз гўзаллиги аллақачон ижодиёт олами билан яшаётган инсонларнинг қалбини аллақачон забт этиб улгурган.
Бунинг мисоли сифатида тақдимотга иштирок этган таниқли ва буюк адабиёт намоёндалари, илм дарғалари, олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари, олимлар, узоқ-яқиндан ташриф буюрган меҳмонларнинг ташрифи иссиқ хотираларни жонлантириб, иссиқ дийдорлашувлар буни яна бир бор исботлади.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Миҳожиддин Мирзо дилбар шоирани ва ташриф буюрган меҳмонларни ўзбек шеъриятида залворли қадам сифатида баҳорий нафас олиб кирган «Бедор тун томчилари» шеърий тўпламининг ўз ўқувчиларига етгани билан табриклагач шоиранинг ижодий фаолияти, ўзбек шеъриятидаги, таржима ва публицистика соҳасидаги самарали изланишлари ҳақида сўзлади.


Шундан сўнг Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири, профессор Аҳмаджон Мелибоев, адабиётшунос олимлар Иброҳим Ғафуров, Умарали Норматов, Абдулла Улуғовлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Ортиқ Абдуллаев, Сувон Мели, Ғафур Ғулом музейининг раҳбари Олмос Ғуломова, адиба ва ёзувчи Шаҳодат Исахоновалар Шарифа Салимованинг шеъриятидан намуналар келтириб, мисралардаги ғоя ва сўзларнинг мазмун-моҳияти, ташбеҳлардаги сеҳр ва моҳият, шунингдек, шоиранинг таржима соҳасида эришган ютуқлари, ўз даврида чоп этилган ва шов-шувларга сабаб бўлган таҳлилий ҳамда баддий публицистик долзарб мақолалари, журналистика соҳасидаги дадил чиқишлари, шеъриятидаги гўзал туйғулар ҳақида ўз қарашларини билдириб, унинг ижодини холисона баҳоладилар.
Тадбир ниҳоясида китоб муаллифи томонидан китоблар тарқатилиб, шоирага қутлов гулдасталари тақдим этилди. Эсталик суратлари олинди.

Марям АҲМЕДОВА

Яна ўқинг:  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: