Шаҳар билан бўйлашаётган қишлоқлар

Юқори Чирчиқ туманидаги “Истиқлол” маҳалласида намунавий лойиҳа асосида барпо этилган замонавий уй-жойлар ўзининг саранжом-саришта, кўркамлиги билан ажралиб туради. Бир текисда қурилган бинолар, кенг, ёруғ ва файзли кўчаларни кўриб кўзингиз қувнайди, дилингиз яйрайди.

Тошкент-Чорбоғ автомобиль йўлидан бораверишда, Янгибозор муюлишига етмасдан қад ростлаган мазкур уй-жойлар аҳолининг ҳаётини тубдан ўзгартириб, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлади. Яқинда мазкур маҳалла аъзолари билан учрашиб, бунга амин бўлдик.

– Намунавий лойиҳа бўйича қурилган тураржойлар ҳудудимиз кўркига-кўрк қўшди, – дейди маҳалла раиси Т.Қувондиқова. – Шунга ҳамоҳанг одамларимизнинг яшаш шароити, онгу тафаккури ўсди. Бошқача айтганда, қишлоқ билан шаҳар ўртасида фарқ қолмади, десак хато бўлмайди.

Маҳаллада яратилган шарт-шароитлар аҳолига катта қулайлик туғдирмоқда. Бу ерда учта ошхона, бешта дўкон, тиббиёт маскани, дорихона, сартарошхона, бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда.

Истиқлол маҳалласида 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Унинг қарийб 40 фоизи вояга етмаганлар. Ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтишини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги 31-, 9– умумтаълим мактабларида турли фан ва спорт тўгараклари, маҳаллада болалар майдончаси ташкил этилган.

Мавзеда Транспорт ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи жойлашган. Бу йил маҳалладаги 20 нафар йигит-қиз шу таълим муассасасини тамомлади. Битирувчилар ҳудуддаги фермер хўжаликлари ва тикув цехига ишга олинди.

– Замонавий, барча қулайликларга эга, энг асосийси, қишлоқ шароитига мос уй-жойларга эга бўлганимизга ҳам бир йил бўлди-я! – дейди Зиёда Абдуллаева. – Мақтанаяпти демангу хонадонларимиздаги шароитга шаҳарлик уй бекалар ҳам ҳавас қилмоқда.

– Банк кредити фоизи ҳам жуда паст, – дейди хонадонлардан бирининг эгаси Зоҳид Эргашев. – Белгиланган тартиб бўйича, 15 йил ичида тўлаб борилади. Бундай катта имтиёз ва имконият туфайли қанчадан қанча оила янги уйли бўлди. Бу ишларга бош-қош бўлаётган давлатимиз раҳбарига минг раҳмат.

Бу самимий гаплар – Президентимиз раҳнамолигида озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг ҳаётдаги ёрқин ифодаси, ҳамюртларимиз онгу тафаккуридаги инъикоси. Кўнгил ободлигининг оддий кўринишидир.

Бекзод ҲИДОЯТОВ,

ЎзА мухбири

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: