Янги бинода янгича мезон

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йил май ойида пойтахтимизнинг Яшнобод туманига ташрифида кутилмаганда 32-оилавий поликлиникага кириб, аҳолига патронаж хизмати кўрсатиш сифатини янада ошириш зарурлигини таъкидлаган, мавжуд муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш, поликлиникани таъмирлаш ва аҳоли учун янада кўпроқ қулайликлар яратиш, мобиль тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш бўйича топшириқлар берган эди.

Президентимиз топшириғидан сўнг қисқа вақт ичида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан поликлиника фаолиятини тубдан яхшилаш мақсадида бирламчи тиббий ёрдам бўйича мамлакатимиз ва хориж тажрибаси, аҳоли фикр-мулоҳазалари ва таклифлари ўрганилган ҳолда комплекс тадбир ишлаб чиқилди. Бунда асосий эътибор аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарасини янада яхшилаш, шифокор қабулига кириш учун навбатларни қисқартириш, касалликларни эрта аниқлаш ва патронаж ишларини ўз вақтида мақсадли олиб бориш, шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизматини самарали ташкил этишга қаратилди.

Илгари поликлиника фаолияти аҳолини қониқтирмас, мавжуд камчиликлар, хусусан, муассасанинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти, дори-дармон ва тиббий буюмлар таъминоти ҳамда патронаж хизмати ислоҳотга муҳтож эди. Давлатимиз раҳбарининг ўринли эътирози ва тавсиялари билан бугун поликлиника фаолияти тубдан яхшиланди, муассаса янги бинода янгича мезонда иш бошлади.

Аҳоли фикрига таяниб тиббиёт муассасасидаги навбатлар масаласи уларга ноқулайлик туғдираётгани аниқланган эди. Бугун замонавий тиббиёт электрон навбат тизимига ўтмоқда ва бу тажриба мамлакатимизда ҳам ўзини оқлаётир. Шу мақсадда поликлиникада ҳам шифокор қабулига электрон ёзилиш тизими жорий этилди.

– Аввалги поликлиникамиз билан бугунги поликлиникамиз ўртасида катта фарқ бор, – дейди Жўрабек маҳалласида яшовчи Анвар Низомиддинов. – Бугун кенг, ёруғ бинога кириб келиб, кўнглимиз кўтарилди. Кеча электрон навбат олгандим. Мана, ҳеч қандай навбатсиз, ортиқча вақт сарфламай кўрикдан ўтдик.

Мазкур оилавий поликлиника Асалобод, Маърифат, Ширинобод, Жўрабек, Яссавий, Бойсун маҳаллаларидаги 27 минг 300 дан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Ушбу вазифани поликлиникада фаолият юритаётган терапевт, педиатр, гинеколог, невропатолог, окулист, отоларинголог, стоматолог, хирург, инфекционист, иммунолог каби тор мутахассислар ҳамда умумий амалиёт шифокорлари ва 26 нафар патронаж ҳамшираси бажариб келмоқда. Бундан ташқари, поликлиника замонавий тиббий техникалар, хусусан, УТТ, ЭКГ, рақамли рентген аппаратлари билан жиҳозланган. Шунингдек, энди муассасанинг ўзида барча турдаги биокимёвий таҳлиллар ўтказилиши йўлга қўйилди.

Яна ўқинг:  Тошкентда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ваколатхонаси очилади

Бирламчи бўғинда кадрлар салоҳиятини яхшилаш, мутахассис ўз устида ишлаб, узлуксиз малака ошириб бориши учун шароит яратиш мақсадида поликлиниканинг ҳар бир шифокори интернет тармоғига уланган компьютер билан таъминланди. Бу мутахассисга электрон кутубхона орқали тиббиёт соҳасининг энг сўнгги янгиликлари, замонавий даволаш усуллари билан танишиб бориш, хориждаги ҳамкасблари тажрибасини ўрганиш имкониятини беради. Поликлиникада ҳам ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда, ходимларнинг АКТда ишлаш малакаси оширилмоқда.

– Янги бино, янги шароитда иш бошладик, бу бизга катта масъулият юклайди, – дейди 32-оилавий поликлиника патронаж ҳамшираси Дилдора Мирзаева. – Патронаж хизмати ишини самарали амалга ошириш учун бизга алоҳида автомашина ажратилди. Керакли дори-дармон ва тиббий буюмлар етказиб берилди. Биз ҳам энди имкониятдан унумли фойдаланиб, сидқидилдан ишлашимиз лозим. Буни муассасамизнинг ҳар бир ходими англаб турибди. Айни дамда патронажга эҳтиёжи баланд бўлган тўққиз контингент аниқланиб, мақсадли патронаж кўриги олиб борилмоқда. Айтиш жоиз, бунда фақат ҳамшира кўрик ўтказиб қолмай, тор соҳа мутахассислари текшируви, лаборатория текширувлари ҳам ташкил этилаётир.

Яна бир қулайлик, шошилинч ҳолатларда мурожаат тушган хонадонга зудлик билан етиб бориш учун поликлиника қошида тез тиббий ёрдам подстанцияси ва унга бириктирилган махсус автомашина хизмати йўлга қўйилди. Ушбу подстанциянинг поликлиника қошида ташкил этилиши натижасида тез тиббий ёрдам чақирилганда масофа билан боғлиқ муаммоларнинг олди олинади. Шунингдек, бригада хонадонга етиб боргунча беморнинг амбулатор картаси билан танишилиб, хаста одам аввал бошидан ўтказган касалликлари ва унинг олган муолажалари ҳамда саломатлигига доир бошқа зарур маълумотларни аввалдан билиш имконияти туғилади. Тез ёрдам бригадаси кўрикдан сўнг бемор саломатлиги ҳақида умумий амалиёт шифокорини огоҳлантиради ва режали патронаж ўтказиб борилади.

Келажакда ушбу тажриба мамлакатимиздаги барча оилавий поликлиникаларга татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Моҳигул ҚОСИМОВА,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: