Ҳаракатлар стратегияси ва ташқи сиёсат

Пойтахтимизда 22 сентябрь куни “Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ташқи сиёсий фаолияти” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз парламенти аъзолари, вазирлик ва идоралар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, АҚШ, Буюк Британия, Швеция, Бельгия, Франция, Хитой, Россия, Япония, Ҳиндистон, Покистон каби давлатлардан экспертлар иштирок этди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори А.Жуманов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари А.Носиров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В.Норов, Тараққиёт стратегияси маркази ижрочи директори А.Бурҳонов ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун ва жадал ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш, барча соҳаларни модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтган Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ. Унинг барча йўналишлари, авваламбор, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратиш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, тинчлик ва барқарорлик, хавфсизликни таъминлашга қаратилган. Ушбу вазифалар доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган, демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган мамлакатимиз ташқи сиёсати концепцияси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан янги босқичда давом эттирилаётганининг яққол далилидир.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар, аввало, қўшни давлатлар билан олиб бораётган очиқ, конструктив, ўзаро манфаатли ташқи сиёсати Марказий Осиё минтақаси учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбари ўтган даврда Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Хитой, Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифлари мамлакатимиз ташқи сиёсатида яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий исботидир. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, ўтган қисқа вақт мобайнида минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратишга эришилди.

Мазкур давлат ташрифлари мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини намоён этди. Ушбу ташрифлар тафсилотлари нафақат сиёсий доираларда, балки жамоатчилик ва экспертлар орасида кенг муҳокама қилинди. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлида изчил сиёсат олиб бораётганидан далолатдир.

Яна ўқинг:  Аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами хизмат сифатидан розими?

– Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистонда давлат ва жамиятни ҳар томонлама жадал ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси, Умумпартия парламент гуруҳининг Ўзбекистон бўйича раиси ўринбосари Муҳаммад Илтаф Шайх. – Мазкур Стратегияда илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар ҳисобга олинган, мамлакатингиз тараққиётининг барча соҳалари истиқболи чуқур ифода этилган. Бу борадаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этишда муҳим пойдевор бўлиши шубҳасиздир.

Анжуман шўъбаларидаги музокараларда миллий тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда халқаро тажриба пухта ўрганилгани, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари очиқ, конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асослангани қайд этилди. Халқаро экспертларнинг фикрича, мазкур стратегик мақсадлар мамлакатнинг халқаро майдонда ўз олдига қўйган вазифаларини тўла амалга оширишида катта имкониятлар тақдим этади.

– Ўзбекистондаги ўзгаришларни мунтазам кузатиб борамиз, – дейди Лунда университети профессори Матиас Байер (Швеция). – Ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатингиздаги ҳуқуқий ислоҳотлар давлат дастурлари ва қонунларни қабул қилиш билан чекланиб қолмасдан, уларни ҳаётга изчил татбиқ этишда катта саъй-ҳаракат олиб борилишини кўрсатмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида жамият равнақига хизмат қиладиган барча соҳалар қамраб олингани Ўзбекистоннинг келгусида улкан муваффақиятларга эришишидан далолат беради.

Давра суҳбатида мамлакатимиз ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари, қўшни давлатлар, минтақалараро стратегик шериклар билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий муносабатларни таъминлашга хизмат қилувчи давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш каби долзарб масалалар бўйича фикр алмашилди.

Матназар Элмуродов,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: