Уйқу билан боғлиқ муаммолар буйрак касалликлари хавфини кучайтиради
Олдинги тадқиқотлар уйқу билан боғлиқ муаммолар сурункали буйрак касалликларига йўлиққан одамлар ўртасида кенг тарқалганини кўрсатганди. Лекин олимлар ҳалигача бунинг сабабини аниқлай олмаганди. АҚШда ўтказилган янги тадқиқот маълумотларига кўра, сурункали буйрак касаллигига йўлиққанларда уйқу етишмаслигининг салбий натижалари кузатилиши мумкин.
Мутахассислар бу касалликка чалинган 431 нафар беморнинг (ўртача ёш – 60) маълумотларини таҳлил қилишди. Иштирокчиларнинг ярми диабетдан азият чекарди. Қатнашчилар 5–7 кун давомида уйқу ва бедорлик вақтини ўлчаб борувчи ускуна тақиб юришди. Текширувдан сўнг сурункали буйрак касаллигига йўлиққан одамларда уйқу билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжудлиги аниқланди.
Иштирокчиларнинг ўртача уйқу давомийлиги суткасига 6,5 соатни ташкил этди. Уйқу вақтининг камайиши буйрак фаолиятининг ёмонлашуви билан узвий боғлиқлиги маълум бўлди.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.