МАРЖОН ТИШЛАР ЖИЛОСИ
Тиш оғриғи барчамизга яхши таниш. Бундай дамларда инсоннинг кўнглига чироқ ёқса ёришмайди. Иложи борича тиш оғриғидан қутилишга ҳаракат қилади. Шу каби ҳолатларга тушмаслик учун касалликнинг олдини олган маъқул. Шу сабабдан олий тоифали стоматолог-шифокор Элёржон Ҳакимов тиш парвариши ва тиш хасталикларининг олдини олишга доир қуйидаги тавсияларини беради:
– Ҳар биримиз тишларимиз соғлом бўлишини хоҳлаймиз. Бунинг учун, албатта, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш зарур.
Бир кунда икки марта нафақат тишларни ювиш, балки оғиз бўшлиғини ҳам тоза тутиш шарт. Тишларни юваётганда қуйидагиларга эътибор бериш керак: тиш пастаси ёки чўткаларнинг турига эътибор бериш зарур. Ёш болалар юмшоқ турдаги тиш чўткаларидан фойдаланишлари керак. Сабаби, уларнинг тишлари ҳали унчалик шаклланмаган бўлади. Ўрта ёшли ва ёши катта инсонлар эса ўртача ва қаттиқ турдаги тиш чўткаларидан фойдаланганлари маъқул. Тиш чўткаларини ҳар уч ойда алмаштириб туриш шарт. Сабаби чўткалар орасида микроблар тўпланиб қолиб, яроқсиз бўлиб қолади. Тиш ювиш қоидасига ҳам эътибор бериш лозим. Масалан: юқори жағ тишларини юваётганда, чўтка ҳаракатини ҳар битта тишнинг ўқи бўйича юқоридан пастга, яъни милк томонидан тишнинг кесув юзаси томон ҳаракатлантириш керак. Тескари ҳаракат қилиш эса тиш юзасидаги овқат қолдиқларини, карашларини, микробларини милк остига киргизиб милкларни жароҳатлайди, милк усти ва милк ости тошларини пайдо бўлишига сабаб бўлади. Натижада милк қонайди, оғиздан турли ҳидлар келади. Чайнов тишлар юзасида фиссуралар(чуқурчалар) бўлгани учун бу тишларни юваётганда чўткани соат мили каби ҳаракатлантириб, айлантириб ювиш керак. Шунда овқат қолдиқлари чиқиб кетади. Тишларни олд томонини қандай ювган бўлсак, орқа томонини ҳам шу тарзда ювиш зарур. Пастки жағ тишларини юваётганда эса чўтканинг ҳаракати пастдан тепага яъни, милкдан кесув юзаси томон ҳаракат қилинади. Шахсий гигиенага риоя қилиш деганда фақат тишларни ювиш эмас, балки тиш усти, ости, ён, юзаларини, лунжларни, танглайларни ювиш ҳам зарур.
– Айни вақтда стоматологик хасталикларни даволашда қандай замонавий усуллар қўлланилмоқда?
Терапевтик стоматология соҳасини оладиган бўлсак, юқори сифатли, эстетик талабларга жавоб берадиган, соғлом тишлар рангига ўхшаш турли хилдаги пломба ашёларининг кашф этилишини бунга мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бу пломба ашёларидан унча катта бўлмаган олд тишлар соҳасидаги турли нуқсонларни бартараф этиш мумкин. Шу тариқа яна милк ости ва усти тошларини, карашларни тозалашда замонавий асбоб-ускуналардан турли хилдаги ультрадонт скаллерлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, илдиз каналларини узунлигини ўлчайдиган турли хилдаги апекис локаторлар ишлаб чиқилмоқда. Бу ускуналарни қўллашдан асосий мақсад тиш илдизининг узунлигини ўлчаш, қўйилган пломба ашёлари илдиз учидан, юмшоқ тўқимага чиқмаслиги керак.
Ортодонтик стоматологияда эса турли хилдаги тиш протезлари ишлаб чиқилмоқда. Улар ёрдамида йўқотилган тишлар ўрнини тўлдириш ва ён соғлом тишлар рангига мос келувчи оқ тишлар, яъни металлкерамика, металлсиз керамика, винир, бугел, телескопик протезлар кенг қўлланилмоқда. Стоматологияда эса турли хилдаги тиш нуқсонлари қаторида қийшиқ чиққан тишларни олиб ташламасдан дурдек қилиб бир қатор жойлаштириш керак. Ҳозир тишлар нафақат қатори тўғирланмоқда, балки инсоннинг юз кўриниши ҳам чиройли бўлмоқда. Бунинг учун турли хилдаги пластинкалар, брекитлардан ҳам фойдаланяпмиз.
Хирургик стоматологияда эса оғиз бўшлиғида умуман тишлар қолмаганда (имплант) халқ тили билан айтганда “қозиқ тишлар” кенг қўлланилмоқда. Имплантларнинг афзаллиги шундаки соғлом тишларга тегмасдан, йўқотилган тишлар соҳасига қозиқ тишлар экиб унинг ўрни тўлдирилмоқда.
– Одатда сунъий тишлар бир-биридан фарқ қилади. Улар табиий тишлар ўрнини боса оладими?
Инсон организми яхлит бир бутун тизим. Демак, бундан шундай хулоса қилсак бўладики, ҳар қандай ташқи муҳитдан инсон организмига кирган ёт жисмлар ҳеч қачон инсоннинг табиий аъзоси ўрнини юз фоиз боса олмайди. Бу дегани соғлом бўлмаган тишларни ёки йўқотилган тиш ўрнини тўлдириш мақсадида сунъий тишларни қўймаслик керак дегани эмас. Сунъий тишлар нафақат табиийсининг ўрнини тўлдиради, балки анатомик ҳолати ва физиологик фаолиятини ҳам тиклаб озиқ-овқатларни майдалаб ҳазм қилиш аъзоларига самарали ёрдам беради.
– Стоматологик касалликлар насл сурадими? Бу борада ҳомиладор аёллар нималарга эътибор беришлари зарур?
– Стоматологик касалликларни иккита катта гуруҳга бўлиш мумкин. Наслдан-наслга ўтадиган ва ирсий бўлмаган хасталиклар мавжуд. Насл сурадиган касалликлар қачон намоён бўлади? Инсоннинг аждодларида ирсий касаллик мавжуд бўлса, авлодларига ҳам насл суриб, касалликлар ўтади. Насл сурмайдиган касалликлар эса ҳар бир инсоннинг ўз ҳаёт тарзи, шахсий гигиена қоидаларига амал қилмаслиги, экологик омиллар, авитаминоз, ёндош касалликлар, организмдаги гормонал ўзгаришлар, моддалар алмашинувининг бузилишлари ва турли хил касалликлар асоратлари сабабли пайдо бўлади.
Ҳомиладор аёллар аввало ҳомиладорлик даврида турли хил юқумли касалликларга чалинишдан ўзларини эҳтиёт қилиб, спиртли ичимликларни ичиш, чекиш ва гиёҳвандлик каби зарарли одатлардан воз кечишлари керак. Тишларнинг эмалига зарар етказувчи қаттиқ озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш (ҳаддан ташқари қотиб кетган нон, қурут, шунингдек, тишларда данак ва ёнғоқ чақиш) мумкин эмас. Витамин ҳамда минералларга бой ва калорияли овқатланиш зарур.
Чарос ХУШВАҚТОВА суҳбатлашди