Олам ва одам: барқарор уйғунлик сари

Инсон Коинот ва Ер билан уйғунликда яшасагина табиат қонунлари бузилмайди. Одамзотнинг сувга ва ёввойи ҳамда асл табиатга нисбатан хўжасизларча муносабати ҳамда коинотга тинимсиз турли космик кемаларни учириши беиз кетмаяпти. XXI аср – ахборот ва техника шиддат билан ривожланаётган тезкор замон деймиз. Ана шу тезкор даврнинг барча янги кашфиётлари ҳам инсониятга фойда келтираяп­тими?

Самога учирилаётган энг сўнгги русумдаги ракеталар шундоқ ҳам емирилаётган, ерни қуёшнинг ҳалокатли нурларидан асраётган озон қатламини янада илма-тешик қилмаётганига ким кафолат беради? Пахта яккаҳокимлиги сабаб XX асрнинг энг катта йўқотишларидан бирига айланган Орол фожеаси нафақат минтақамиз кўксидаги оғриқ, балки у Она сайёрамизда яшаётган ҳар бир онгли ва зиёли инсонни ҳам ўйга толдирмоқда десак муболаға бўлмайди. Инсоният ўз хатолари сабаб глобал иқлим ўзгаришлари, сув тошқини, Ер куррасининг айрим минтақаларида қиш кунларининг ҳаддан зиёд совуб кетиши ва ёзнинг ўта иссиқ келишига табиат қонунлари қўпол бузилиши сабаб бўлганини англаб етмоқда.

Она табиатни асраш юзасидан жаҳонда турли нуфузли ташкилотлар кенг фаолият олиб бормоқда ва оммани огоҳликка чорламоқда. Шу мақсадда 1972 йилда БМТнинг Бош ассамблеяси томонидан 5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза этиш куни деб эълон қилинган эди. Ҳар йили шу санага бағишлаб дунёнинг турли давлатларида умумбашарий экологик муаммоларни ҳал этиш учун нуфузли ташкилотлар томонидан халқаро анжуманлар ўтказилади.

Мамлакатимизда ҳам экологиянинг соф­лигига ва атроф-муҳитни муҳофаза этишга ҳукуматимиз катта эътибор қаратмоқда. Юртимизда Ўзбекистон Республикаси Таби­атни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси юртимиз фаунаси ва флорасини асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш йўлида кенг қамровли фаолият олиб бормоқда. Қуйида биз ушбу Қўмита матбуот котиби Хония Асилбековага ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдик.

– Табиатни муҳофаза қилиш давлат Қўмитасининг фаолиятига қайси йўналишлар киради?

– Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 1992 йил декабрда мустақил Ўзбекистон Республикаси Парламенти — Олий Мажлиснинг биринчилардан бўлиб қабул қилган — «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳуқуқий мақомига асос бўлувчи асосий ҳужжатлардан бири бўлди десак муболаға бўлмайди. Ҳамда ушбу қонун табиатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик базасининг шаклланишига дебоча бўлди. Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ­Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига бўйсунади. Бугунги кунда Қўмита республикада табиатни муҳофаза қилиш бўйича ягона сиёсатни юритиб, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атмосфера ҳавоси, ер ва сув ресурслари, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, атроф табиий муҳит мониторинги, экологик таълим, тарбия, экологик экспертиза ҳамда экологик сертификатлаштириш каби йўналишларда ўз фаолиятини олиб боради.

Яна ўқинг:  Тоза сув – соғлом ҳаёт манбаи

– Ўзбекистонда нечта қўриқхона фаолият юритмоқда ва бу масканларда қай турдаги наботот ва ҳайвонот олами муҳофаза қилинмоқда?

– Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими Ўзбекистоннинг биологик хилма-хиллигини муҳофаза этишда асосий ўринни эгаллайди. Республикада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг 2004 йилдаги «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида» ги Қонуни билан тартибга солинади. Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимига 8 та давлат қўриқхонаси, 1 та Қуйи Амударё биосфера резервати, 2 та миллий табиат боғи, 9 та буюртмахона ва жониворларнинг ноёб турларини кўпайтириш бўйича республика «Жайрон» экомаркази киради. Ёввойи табиат қўйнида йўқолиб бораётган наботот ва ҳайвонот оламининг кўплаб ҳамда турфа турларини муҳофаза этиш ва асрашда ушбу ҳудудларнинг аҳамияти беқиёсдир.

– Жорий йилда мамлакатимизда аҳолининг, айниқса ёшларнинг экологик билими, маданиятини юксалтириш борасида қандай йирик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

– Бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2011 йил 19 июлда 20/2/305-сонли Қўшма қарори асосида тасдиқланган Барқарор тараққиёт мақсадлари учун таълими Концепцияси (БТТ)муваффақиятли амалга оширилмоқда. БТТ бўйича Идоралараро Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг йиғилишлари доимий равишда ўтказилиб, БТТ тамойилларининг таълим жараёнига тадбиқ этиш, бугунги кунда Концепциянинг амалга ошириш ҳолати ҳамда келгусидаги истиқболли режалар муҳокама қилинмоқда.

Қўмита томонидан аҳоли бохабарлигини оширишга қаратилган йирик лойиҳаларидан бири — бу «Барқарор ривожланишнинг асосий йўналишлари бўйича аҳоли хабардорлигини ошириш» лойиҳаси бўлиб, унинг доирасида йирик медиатурлар, матбуот анжуманлари, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Хусусан, «Ўзбекистон биохилма-хиллигини муҳофаза қилишда Рамсар сувли-ботқоқли ҳудудларнинг ўрни ва истиқболлари» мавзусидаги матбуот анжумани, ОАВ вакиллари учун «MAXAM-CHIRCHIQ» ОАЖ корхонасига медиатур, қолаверса, уч йилдан буён эса Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси БМТ Тараққиёт дас­турининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида экологик ҳафталикларни ташкил этиб келмоқда.

– Юртимизда биологик хилма-хилликни асраш юзасидан қандай чора-тадбирлар қўлланилмоқда?

– Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ўзининг барқарор ривожланиши учун биологик хилма-хиллик ресурсларини муҳофаза қилиш муҳим эканлигини эътироф этган ҳолда 1995 йилда Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Халқаро Конвенцияга аъзо бўлди. 1998 йил Ўзбекистон Республикасининг Биохилма-хилликни сақлаш Миллий Стратегияси ва Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди. Сўнгра бу режа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 139-сонли Қарори билан маъқулланди.

Яна ўқинг:  Замонавий шифо масканлари: беминнат хизматдан аҳоли мамнун

Миллий стратегиянинг асосий мақсади — мамлакат биохилма-хиллик ресурсларини бошқаришнинг ягона бош йўналиши ва режалаштириш тузилмасини шакллантиришни таъминлашдан иборат.

Хусусан, Дастур доирасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини такомиллаштириш бўйича Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси буюртмаси асосида Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий-текшириш институтлари томонидан бир қатор илмий тадқиқотлар амалга оширилди. Натижада «Ўзбекистон республикасининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини яратиш дастури», шунингдек, ушбу соҳада республикадаги мавжуд муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар фаолиятини такомиллаштириш ва муҳофаза қилиш мақсадида қўмита томонидан бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Қўмита томонидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлашда кенг жамоатчиликнинг эътиборини жалб этиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун кўплаб медиатурлар ташкил этилди. 2011-2012 йилларда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича 10 дан ортиқ медиатурлар ташкил этилди.

– Халқаро «Қизил китоб»га киритилган ўсимлик ва ҳайвонларнинг қайси турлари Ватанимиз ҳудудида учрайди?

– Балиқларнинг 3 тури, судралиб юрувчиларнинг 4 тури, қушларнинг 13 тури ва сут эмизувчи ҳайвонларнинг 14 тури халқаро «Қизил китоб»га киритилган. Жумладан, тиббий зулук, тенгсиз алвончи, прозерпина капалаклари, Орол баҳрийси, Сирдарё куракбуруни, Амударё катта куракбуруни ва Амударё кичик куракбуруни, Орол тиканаги балиқлари, капча илон, жингалак сақоқуши, кичик қоравой қуши, қизилтомоқ ғоз, узун думли сув бургути, тасқара, чўл бўктаргиси, катта олачипор бургут, қиронқора, оқ турна, тўхта тувалоқ, биз­ғалдоқ, йўрға тувалоқ каби қушлар, кўк суғур, илвирс (тоғ қоплони), туркман қулони, Бухоро хонгули, жайрон, морхўр, ­Бухоро қўйи, Қизилқум архари каби жониворлар ва ўсимликлар оламига мансуб 53 турдаги шифобахш гиёҳлар, бута ва чалабуталар ҳамда ноёб дарахтлар киритилган.

– Ҳозирда Қўмита қайси халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда ва қандай лойиҳаларни амалга оширмоқда?

– Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг кўп вақт ўтмай, 1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси бўлди ва унинг бир қатор дастурлари ҳамда махсус ташкилотлари билан ҳамкорлик қила бошлади. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атроф-муҳит дастури (ЮНЕП), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК) ва Тинч океани ва Осиё минтақаси учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО) шунинг­дек, Япония ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Глобал экологик фонди, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти ҳамда қатор халқаро конвенциялар котибиятлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, халқаро конвенцияларни амалга ошириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Устюрт платосида Ўзбекистоннинг нефть ва газ тармоғига биохилма-хилликни сақлаб қолиш тамойилларини интеграллаштириш», «Қўриқхоналар мисолида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар миллий тизими барқарорлигини таъминлаш», «2011-2020 йилларда Ўзбекистонда биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенциянинг стратегик режасини амалга ошириш учун биохилма-хиллик соҳасида миллий режалаштириш» ва ҳоказо.

Яна ўқинг:  ТАНТИ ТАБИАТ НЕЪМАТИ

– Экологик ноқулай ҳудудларда атроф-муҳит муҳофазаси учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

– Мамлакатимизда экологик жиҳатдан ноқулай ҳудуд Орол денгизининг қуриши билан юзага келди. Орол денгизини Марказий Осиёнинг икки катта дарёси – Амударё ва Сирдарё тўйинтиради. Собиқ Иттифоқ даврида пахта далаларини кенгайтириш ирригация учун иккала дарёнинг сувларидан кенг миқёсда фойдаланишни тақозо этди. Сувдан исрофгарчилик билан фойдаланиш натижасида денгизга кам ҳажмда сув келди. Натижада у қурий бошлади. Ўтган асрнинг 90-йиллари охирига келиб денгиз ўз ҳажмининг 90 фоизини йўқотди.

Ўз вақтида дунёда ички денгизлар орасида катталиги бўйича тўртинчи ўринда турган Орол денгизининг қуриши атроф минтақа иқлими ва биохилма-хиллиги учун узоқ муддатли салбий оқибатларга олиб келди. Чўл шамоллари қум ва тузни катта масофаларга учирди, ҳавзанинг бутун ҳудуди майдонларида миллионлаб тонна (кўпинча ифлосланган) туз тўпланди, баъзи маълумотларга кўра, бу денгиздан анча узоқдаги тоғли тизмалар музликларига ҳам таъсир кўрсатади. Дренаж тизимлари етарли эмаслиги туфайли тупроқ ва сувнинг бот­қоқлашиши ва шўрланиши рўй беради. Минтақада экологик вазият ёмонлашиши бир вақтлар аҳоли зич яшайдиган, мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси (Ўзбекистон) ва Қизил Ўрда вилоятини (Қозоғистон) яшаш учун экологик жиҳатдан ноқулай ерларга айлантирди.

Атроф-муҳитни муҳофазаси учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ифлослантирувчи манбаларнинг ҳолати ва атроф муҳитга таъсири мониторинги домио ўтказилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари аналитик назоратга ихтисослашган инспекциялари (АНИИ) томонидан назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгаши билан келишилган корхоналар рўйхатига киритилган атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи (энг хавфли) моддаларни чиқарувчи асосий манбаларнинг экологик ҳолати мунтазам махсус асбоблар ёрдамида текширилади. Бу каби чора-тадбирлар атроф-муҳитнинг ифлосланишининг олдини олади.

Кўпгина халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Орол денгизининг қуришини олдини олиш мақсадида сув ҳавзасининг қуриган қисмига ўрмон ҳимоя дарахтлари уруғи ва кўчатлари бир неча йилдан бери экилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, она табиатни асраб-авайлаш инсониятни таназзулдан асрайди. Чунки, борлиқда барча жонли мавжудот ва жонсиз тоғу тош ҳамда тириклик манбаи – сув ўзаро боғлиқликда мавжуд. Атроф-муҳитни муҳофаза этиш эса ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

Гулчеҳра ШИРИНОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: