БУ ЮРТГА ҒАЛАБАЛАР ЯРАШАДИ



Дунёдаги энг замонавий спорт масканларидан кам жойи йўқ, йирик халқаро турнирларни юқори савияда ўтказишга мослашган бу буюк иншоотга боқиб, биз ким эдик, бугун ким бўлдик, мустақил бўлиб тараққиёт йўлида нималарга, қандай юксак марраларга эришдик, деган шукроналик ҳиссиёти беихтиёр қалбимизни тўлдиради.

Президент Ислом Каримовнинг пойтахтимиздаги “Бунёдкор” спорт комплексининг очилишига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқидан.


Халқимизда “тўйга тўёна” билан деган жуда ҳам ажойиб нақл мавжуд. Ҳар бир тантана-ю, байрамларда шунга мувофиқ тарзда совға тайёрлаш бизда анъанага айланиб улгурган. Ёшу қари бирдек совға бериб бир-бирининг кўнглини кўтаришга ошиқади.

Хабарингиз бор, яқинда ўзбек футболининг 100 йиллик тўйи кенг миқёсда нишонланди. Жойларда ушбу йўналишдаги турли учрашув ва тадбирларнинг ташкил этилиши, янги спорт мактаблари ва муҳташам “Бунёдкор” стадионининг очилиши спортчилар ва футбол мухлислари-ю, унга дахлдор бўлган инсонларга жуда катта совға бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Ушбу жаҳон андозалари талабига тўлиқ жавоб берадиган янги спорт иншоотининг очилиш маросимида Президентимиз – “…Бундай улуғвор ва ҳашаматли, ўзида 7 та замонавий футбол майдонини, болалар ва ўсмирлар футбол мактаби, ётоқхоналар, бассейн ва бошқа бир қатор зарур объектларни мужассам этган, жами 56 гектар ерни эгаллаган бу мажмуа пойтахтимиз – азим Тошкентимизда қисқа даврда қад ростлагани, ҳақиқатан ҳам барчамизга мўъжизадай туюлади. Ҳеч шубҳасиз, бундай гўзал, ҳар қандай юксак талабларга жавоб берадиган салобатли ва кўркам спорт мажмуасини барпо этганимиз биз учун энг устувор, энг олий мақсад бўлмиш болаларимизни, ёшларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом авлод этиб ўстириш, спортчиларимиз, футболчиларимизнинг жаҳон спорт майдонларида юксак марраларни эгаллашига, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтиришнинг гарови сифатида хизмат қилажак”, – дея таъкидлади.

Ана шу гап менинг назаримда футболчи ва мураббийларимизга нисбатан ғалабалар учун берилган оқ фотиҳа сифатида янгради десам асло янглишмаган бўламан. У ёғига воқеалар ривожи жадаллаб кетди.

3 октябрь. Пойтахтимиздаги ЖАР стадионида Тошкентнинг “Бунёдкор” ҳамда Австралиянинг “Аделаида Юнайтед” жамоалари клублар ўртасидаги Осиё чемпионлар лигаси мусобақасининг чорак финал жавоб учрашувида ўзаро кураш олиб боришди. Анчайин қизиқарли кечган ушбу баҳсда “Бунёдкор” иродали ғалабага эришиб, мухлисларга олам-олам қувонч улашиб турган бир вақтда майдондаги шарҳловчи футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси (U16) Эронда ўтказилаётган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати ярим финал баҳсида мусобақа мезбонини мағлуб этиб финал баҳсига йўл олгани ҳақидаги хабарни эълон қилиб барчанинг қувончига қувонч қўшди. Зеро, бу ўсмирларимизнинг иккинчи маротаба Осиё чемпионати финалига чиқишлари эди.

Яна ўқинг:  Baxtli mamlakatning baxtiyor farzandlari

6 октябрь. Ўсмирларимиз Осиё чемпионати финалида қитъамизнинг энг кучли терма жамоаларидан бири бўлган Японияни пенальтилар сериясида ишончли мағлубиятга учратиб ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очишга муваффақ бўлишди. Шу тариқа Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўзбек футболи юбилейида ўз совғаси билан иштирок этиб халқимиз ишончини оқлади.

Мусобақани дастлаб қандайдир ишончсиз тарзда бошлаган Дилшод Нуралиев шогирдлари якунда ўзларининг нималарга қодир эканликларини исботлашди. Дастлаб Хитой ўсмирлари билан қайд этилган дуранг, Ҳиндистон билан қийин ўйиндаги 1:0 ҳисобидаги минимал ғалаба ва Сурияга қарши кечган учрашувдаги мағлубият футболчиларимизнинг гуруҳдан чиқиш имкониятларини кескин камайтириб юборди. Зеро, Хитой терма жамоаси билан тўплар нисбатининг бир хиллиги ва очколар ҳисобида ортда қолаётганимиз Ўзбекистон ўсмирларининг гуруҳда қолиб кетишларига етарлича сабаб бўла оларди. Аммо сўнгги турда Хитой ва Ҳиндистон ўсмирлари ўзаро дурангга имзо чекишгандан кейин биз учун ҳаммаси яхши томонга ўзгарди.

Шундан сўнг ўсмирларимиз ўзларидаги тушкунликка барҳам бериб Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланадиган Жанубий Корея термасини чорак финалда мағлуб этиб ярим финалга йўл олишди. Бу ўйин асосий вақти 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Пенальтилар сериясида эса ўсмирларимиз дарвозабон Сарвар Каримовнинг фаоллиги эвазига ғалаба қозонишди. Кейинги босқичда бизни мусобақа мезбонлари Эрон ўсмирлар терма жамоаси қарши олди. Эрон билан бўлган ўйинда йигитларимиз жуда чиройли ўйин намойиш этиб 3:2 ҳисобидаги ғалабага эришишди.

Финал. Ўйинни японияликлар ўз услубларига мос равишда ҳужумкор руҳда бошлашди. Дарвозамиз олдида кетма-кет уюштирилган ҳужумлар ўз самарасини бермай қолмади. Ўйиннинг илк дақиқаларидан ҳужумга отланган Япония ўсмирлари Мизутани Такуманинг саъй-ҳаракатлари эвазига 6-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Ўтказиб юборилган тезкор гол вакилларимизга салбий таъсир қилди ва улар ўз ўйинларини намойиш эта олмадилар. Танаффус вақтида мураббий Дилшод Нуралиев шогирдларига керакли кўрсатмаларни берди.

Иккинчи бўлимда вакилларимиз ниҳоят ўзларига келишди ва 52-дақиқада бутун учрашув давомида фаол ҳаракат қилган Акобир Тўраев ҳисобни тенглаштирди.

Айтиш керакки, ўйин ҳақиқий финалга хос тарзда ўтди.

Бу сафар ҳам учрашувнинг асосий вақти дуранг натижа билан якунлангач ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Бу сафар ҳам дарвозабон Сарвар Каримов фаоллик кўрсатиб японияликларнинг иккита зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди. Якунда ҳисоб пенальтилар бўйича 4:2 ва Ўзбекистон U16 Осиё чемпиони.

Яна ўқинг:  ҲАМЖИҲАТЛИК ВА АҲИЛЛИК РАМЗИ

Ушбу мусобақа футболимизда янги номларнинг кашф этилишига туртки бўлди. Осиё чемпионати давомида дарвозабон Сарвар Каримовнинг кўрсатган ёрқин ўйини барчага бирдек манзур бўлди. Бундан ташқари Акобир Тўраевнинг ҳужумдаги фаоллиги ҳам мухлисларда яхши таассурот қолдирди.

8 октябрь. Тошкент халқаро аэропорти. Барчамизнинг кўнглимизда чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини яна бир карра уйғотган ўсмирларимизни кутиб олиш катта шодиёнага айланиб кетди. Тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, футбол жамоатчилиги, журналистлар, ота-оналар ҳамда мухлислар жам бўлиб чемпионларимизни байрамона кайфиятда кутиб олишди.

9 октябрь. ЎФФ анжуманлар залида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.

– Дилшод ака, ҳакамнинг финал ҳуштаги янграганидан кейинги ҳис-туйғуларингиз қандай бўлди?

– Шунча йўлни босиб ўтиб, финалга етиб борганимиздан кейин Япония терма жамоасининг кучини яхши билардик. Уларга қарши яхши тайёргарлик кўрдик. Япониянинг кучини барча кўрди. Ўсмирларимизга раҳмат айтаман. 19 кун бир жойда футбол ўйнаш оғир, айниқса бу ёшда. Иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштирдик ва пенальтилар баҳсида омад биз томонда бўлди.

Ҳуштак чалингандан кейинги ҳолатни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Барчамиз кўзда ёш билан ғалабани нишонладик. Аминманки, бизнинг ўша пайтдаги ҳолатимизни экран орқали томоша қилган юртдошларимиз ҳам бирдек ҳис қилишди.

– Жамоа ҳар иккала пенальтилар сериясида ҳам жуда муваффақиятли ҳаракат қилди. Жамоани пенальтилар сериясига тайёрлаганмидингиз?

– Мусобақадан аввал 2 ҳафталик йиғин ўтказганимизда, ҳар куни машғулот якунида ярим соат пенальти тепиш билан шуғулландик. Ҳам футболчилар, ҳам дарвозабонни бу вазиятга руҳан тайёрлаб бордик.

Осиё чемпионати кашфиётларидан бири бўлган, нимчорак финал ва финал баҳсларида ҳал қилувчи голларга муаллифлик қилган Акобир Тўраев тўғрисида мураббий шундай деди:

– Акобирни гуруҳ босқичидаги ўйинларда майдонга туширмадик. Биз ҳар кунги назарий машғулотлар давомида унга тушунтириш ишларини олиб бордик. У шошмаслиги кераклигини, ўз вақтини кутиши лозимлигини таъкидладик. У ишончимизни оқлади ва муҳим голларни урди.

Ҳар куни эрталабки машғулотларда Акобирнинг функционал тайёргарлигини ушлаб туришга ҳаракат қилдик.

Мусобақа ғолибларни тақдирлаш масаласида берилган саволларга ЎФФ Терма жамоалар маркази раҳбари Асқар Толибжонов қуйидагича жавоб берди:

Яна ўқинг:  Маҳалла институти фаолияти такомиллашмоқда

– Ҳукуматимиз томонидан спорт ва спортчиларга жуда катта эътибор бериб келинмоқда. Ғолиб бўлган спортчиларимизни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан рағбатлантириш мамлакатимизда эзгу анъанага айланган. Шу сабабдан 18 октябрь куни Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини тақдирлаш маросимини ўтказишни режалаштирганмиз. Бу тадбирда ҳар бир футболчининг ота-онаси иштирок этади.

Бугун ёш спортчиларимизнинг улкан ғалабалари тилларда достон бўлмоқда. Умид қиламизки, ушбу ғалаба келажакдаги муваффақиятлар учун бешик вазифасини бажаради. Ҳали келажакда бизни кўплаб ғалаба ва муваффақиятлар кутиб турганидан дарак бермоқда. Ҳозирда бу йигитларга нисбатан бутун халқимизнинг тили-ю дилида бир гап: “Отанггизга раҳмат ўзбегимнинг азаматлари.”

Фарҳод ТОЛИПОВ,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: