Қизамиқ: фарзандларимизни ўз вақтида эмлатайлик
Қизамиқ – ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, умумий интокцикация, тана ҳароратининг кўтарилиши, коньюктивит, нафас йўллари яллиғланиши ва терида ўзига хос босқичма-босқич, доғли – папулёз тошмалар тошиши билан кечадиган касалликдир. У ўта юқувчан (контагиоз) бўлиб, бемор билан мулоқотда бўлганларнинг 95 фоизи хасталанади.
Қўзғатувчи вирус очиқ ҳавода юзаларда 2 соатгача сақланиш хусусиятига эга бўлиб, ташқи муҳитда турғун бўлмай, одам танасидан ташқарида ҳар хил кимёвий ва физикавий факторлар таъсирида ўлади (нурланиш, қайнатиш ва зарарсизлантирувчи моддалар қўлланилганда).
Юқиш манбаи эса бемор одам бўлиб, вирус ташқи муҳитга бемор йўталганда, акса урганда шиллиқ қавати ва сўлаги орқали чиқади, соғлом одамга ҳаво-томчи орқали юқади.
Касалликнинг яширин даври 17-21 кунгача бўлиб, яширин даврининг охирги тўртинчи кунидан тошма тошишидан тўрт кунгача бўлган муддатда бемор атрофдагилар учун хавфли ҳисобланади. Тошма тошгандан кейинги бешинчи куни эса хавфсиз бўлади.
Касаллик тана ҳароратининг кескин 38-40 даражагача кўтарилиши, қуруқ йўтал, тумов, бош оғриғи, конъюктивит, танглайда қизил доғлар тошиши каби асосий белгилар билан бошланади. Иккинчи куни лунжнинг шиллиқ қаватида ялтироқ қизил доғлар пайдо бўлади. Қизамиқ тошмаси тўрт-бешинчи куни, юз, бўйин, қулоқ орқа соҳасида, тошма тошишининг учинчи куни қўл оёқ ва бармоқларда пайдо бўлади. Тошма тошишининг тўртинчи кунидан бошлаб чекина бошлайди, яъни тана ҳарорати пасаяди, тошма ранги тўқ тусга кириб, пигмент ҳосил қилади. Танадаги доғлар 1,5 ҳафтагача сақланиб туради.
Қизамиқ марказий нерв системаси ва ошқозон ичак йўллари фаолияти бузилишига олиб келади, касалликдан сўнг ларингит, қизилўнгач стенози, бронхит, трахеит, отит, синусит, бирламчи ва иккиламчи бактериал пневмония, энцефалит, лимфаденит каби асоратлар кузатилади.
Қизамиқнинг олдини олишда махсус профилактика, яъни эмлаш катта аҳамиятга эга. Фаол иммунитетни ҳосил қилиш учун республикамизда миллий эмлаш календарига биноан болалар 1 ёш ва 6 ёшда қизамиққа қарши режали бепул эмланади.
Касалликнинг вирус генотипини аниқлаш бўйича ўтказилган лаборатор таҳлиллар республикада четдан кириб келган генотиплар тарқалганлигини тасдиқлади.
Ушбу ҳолатнинг ҳамда қизамиқнинг ўта контагиоз инфекция эканлигини инобатга олиб, аҳоли ўртасида унинг кенг тарқалиши олдини олиш мақсадида республика бўйича ўтган йил декабрь ойидан бошлаб олти ойликдан етти ёшгача болалар ўртасида қизамиққа қарши эмлаш ишлари ўтказилмоқда.
Бутун ер юзида ва, шу жумладан, республикада қизамиқ бўйича бир мунча эпидемиологик холат беқарор бўлганлиги сабабли, «Иммунизация ҳафталиклари» ўтказилиб турибди. Ушбу ҳафталикларда режали эмланмай қолган болалар эмлаш билан қамраб олинмоқда.
Тошкент шаҳрида ҳам ушбу тадбирларни самарали ўтказиш учун тадбирдан олдин барча даволаш профилактика муассасаларида малакали шифокор ва вакцинаторлардан иборат эмлаш бригадалари ва эмлаш пунктлари ташкил қилиниб, эмланувчи болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш амалга оширилмоқда.
Оилавий поликлиникалар қошидаги ҳар бир маҳалла, одамлар яшаш йўлакчаларига «Иммунизация ҳафталиги» ўтказилаётганлиги ёритилган варақалар ёпиштирилиб, ота-оналар унда фаол иштирок этишларига чақирилди.
Фурсатдан фойдаланиб, ота-оналардан қизамиққа қарши оммавий эмлаш кунлари фаол қатнашиб, фарзандларини яшаш жойидаги оилавий поликлиникаларда ўз вақтида эмлатишларини сўраб қоламиз.
Нигора ШОКИР,
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси
Тошкент шаҳар бошқармаси врач эпидемиологи